Пятница, 29.03.2024, 10:21
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Ноябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Ноябрь » 30 » Славолюб Жоржевич: Ўзбек халқи футболни севади!
    11:00
    Славолюб Жоржевич: Ўзбек халқи футболни севади!


    "Бунёдкор" клуби расмий сайтида Славолюб Жоржевич билан интервью чоп этилди. Эътиборингизга мазкур суҳбатни ҳавола этамиз.

    Ушбу мавсумда юртимизда бир неча болқонлик футболчилар тўп суришди. Милош Трифунович, Иван Бошкович, Славолюб Жоржевич, Саша Жоржевич, Драган Жоржевич, Урош Милосавлевич, Предраг Вуйович... мавсум якунида баъзи бир сербиялик футболчилар ўз юртларига турли хил совринлар билан қайтишди. Милош Трифунович олтин медаллар билан бирга чемпионат тўпурари учун аталган совринни ҳам ўз юртига ола кетди. "Насаф”даги Иван Бошкович ОФК кубоги соҳиби ва чемпионатимизнинг кумуш медаллари қаторига, ОФК кубогининг энг яхши тўпурари сифатида қайтди. "Бунёдкор”нинг марказий ҳимоя чизиғида яхши таассурот қолдирган Славолюб Жоржевич юртимиздаги илк мавсумида Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

    - Славолюб, футболга кириб келган дамларингизни яхши эслай оласизми?
    - Ҳа, албатта. 6 ёшимдан бошлаб уйимиз яқинидаги маҳаллада футбол ўйнашни бошлаганман. Ўшанда отам ўйинларини кузатар ва менга керакли кўрсатмаларни берар эди. 8 ёшга тўлганимда отам қўлимдан етаклаб, "Црвена Звезда” футбол академиясига олиб келган.

    - Жисмонан ҳимоячиларга хос бўлган баланд бўйли ва гавдали йигитсиз. Балки Сиздан яхши бир баскетболчи чиқармиди?
    - Баскетболга қизиқишим йўқ эмас. Бироқ мендан кўпроқ катта теннис устаси чиқиши мумкин эди. Чунки теннисни ҳозир ҳам яхши ўйнай оламан.

    - Кўпчилик футболга ҳужумчи сифатида кириб келади. Маълум вақт машғулотларда қатнашгач, унинг асли амплуаси ойдинлашиб қолади. Сиз даставвал қайси чизиқда тўп тепа бошлагансиз?
    - Фаолиятимни марказий ярим ҳимоячи сифатида бошлаганман ва адашмасам саккиз йилдан ортиқ вақт ўрта чизиқда ўйнаганман. Бир сафар биз иштирок этган мусобақанинг ҳал қилувчи ўйини олдин марказий ҳимоячимиз жароҳат олиб сафдан чиқди. Ўшанда мураббийимиз мудофа чизиғида мени синаб кўрди. Биласизми, финалда мен ҳимояни мустаҳкам қўриқлашдан ташқари ўйин тақдирини ҳал қилган ягона гол муаллифи ҳам бўлгандим. Ўшандан буён марказий ҳимояда ўйнашни бошладим.

    - "Бунёдкор”га келиб тўғри йўл тутдим деб ўйлайсизми?
    - Саволингизга ҳеч иккиланмасдан – ҳа, деб жавоб бераман. "Бунёдкор”дан таклиф тушганида узоқ ўйлаб-ўтирмай таклифга розилик билдирдим. Чунки Россия ва Украина клубларида ўйнаган кезларим Ўзбекистон ва Тошкент ҳақида кўп маротаба илиқ фикрлар эшитган эдим. Айниқса, таклиф "Бунёдкор”дан бўлгани қарор қабул қилишимни янада тезлаштирди. Чунки бу жамоада жаҳон юлдузларининг фаолият олиб бориши клуб номини бутун дунёга маълуму-машҳур қилиб улгургунди. Клуб раҳбарлари бежизга мени таклиф этишмаганини ўз ўйинларим билан исботладим, деб бемалол айта оламан. Осиё Чемпионлар лигасида тўп суриб, ўзим учун кўп нарсалар олдим.

    - Ўзбекистон чемпионати Сизда қандай таассурот уйғотди?
    - Юқори техникали футболчилар юртингизда кўплаб топилади. Тезлик борасида Европадан қолишса-да, Осиё қитъасининг кучли чемпионатларидан бири эканлигига шубҳам йўқ. Чемпионлик учун учта жамоанинг курашгани ҳам қизиқарли бўлди. Шаҳар марказларидаги стадионларга гап бўлиши мумкин эмас. Лекин шундай жойларга ҳам бордикки, стадионнинг майсалари у ёқда турсин, футболчиларнинг кийим алмаштириш хонасида оддий бир элементар шароитлар ҳам йўқ эди. Яна бир нарса: сизларда ўйинлар вақти қуёш қиздириб турган пайтларга қўйилар экан. Бундай иссиқларда тўп тепиш инсон учун зарарли.

    - Эшитишимга қараганда, "Пахтакор” таркибидаги Боян Миладинович ва айни пайтда "Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилаётган Неманья Видич билан бирга ўйнаган экансиз.
    - 2004 йили учаламиз "Цервена Звезда”нинг ҳимоя чизиғида тўп тепиб, якунда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган эдик. Ўша йили бизнинг жамоа жудаям кучайган пайти эди. Мамлакат термасининг саккиз нафар асосий футболчиси айнан бизнинг жамоадан эди.

    - Сўнгги йилларда мамлакатимизга кўплаб серб миллатига мансуб футболчиларнинг ташриф буюраётганининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
    - Бу ерда футбол агентларининг ҳам хизмати катта деб айтган бўлардим. Юртингиз клублари билан сербиялик агентлар яхшигина тил топишишган кўринади. Шунингдек, юртингизда футболни ривожлантириш учун яхшигина сармоя ажратилган. Бу легионерлар ташрифининг энг асосий омили.

    - Тошкентдаги энг яқин дўстингиз ким?
    - Сербларданми ёки ўзбекларданми?

    - Унисидан ҳам, бунисидан ҳам!
    - Сербялардан кўпроқ Милош Трифунович, Боян Миладинович ва Иван Бошковични тилга олган бўлардим. Ўзбекистонликлардан эса Хайрулла Каримов ва Игнатий Нестеров билан яхшироқ чиқишаман.

    - Ўзбекистондаги серблар тез-тез кўришиб турар экансилар. Шу ростми?
    - Вазиятга қараб учрашамиз. Фикр алмашиб, бир-биримизни меҳмон қилишга ҳаракат қиламиз. Менимча, ўзга юртда бир миллатли халқлар бундай иш қилиши жудаям яхши одат бўлса керак.

    - Ўзбекистонда қарийб бир йил фаолият олиб бориб ҳайратланарли бирон нимани гувоҳи бўлдингизми?
    - Футбол туфайли бир неча мамлакатларда бўлганман. Турли хил миллатларнинг урф-одатлари, анъаналари билан яқиндан танишганман. Ўзбекистондаги кўп жиҳатлар Россия ва Украинани эслатиб юборади. Шу боисдан ҳам айтарли ҳеч нима ҳайратлантирмади. Фақат бир нарсага ҳайрон қолдим. Бу ернинг тўйларига жудаям кўп меҳмонлар ташриф буюраркан.

    - Ўзбекистон чемпиони бўлиш осон эканми?
    - Эшитишимча, илгарилари "Бунёдкор”нинг таркиби жудаям кучли бўлган пайтларда ҳар қандай рақиб йирик ҳисобда тор-мор этилар экан. Лекин ўзим ўйнаб, бошимдан ўтказганим учун очиқ айтаман – Ўзбекистон чемпионлиги осонликча қўлга киритилмади. Дарвоқе, "Бунёдкор” кучсизлангани етмаганидек, чемпионлик учун рақобатчилар сони "Насаф” ҳисобига биттага кўпайганилигини ҳам унутманг.

    - Олтин медалларни қўлга киритишингизни нечанчи турлардан сўнг ҳис қила бошладингиз?
    - "Насаф”ни ўз майдонимизда 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейин "Пахтакор” билан меҳмонда дуранг ўйнаганимиздан сўнг Ўзбекистон чемпиони бўлишимга ишона бошладим.

    - Юртимизда Сизга ташвиш туғдирган ҳужумчилар бўлдими?
    - Гарчи яқин дўстим бўлса-да, Иван Бошкович кўп ҳолларда мени кўп тер тўкишга мажбур этди. Шунингдек, "Пахтакор” сафида маълум вақт ўйнаб кетган Душан Савич ҳам яхши таассурот қолдирди.

    - Ўзбек футболининг энг нозик камчилиги сифатида нималарни қўрдингиз?
    - Сизларда халқ футболни севади. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо шунча мухлисларга чиройли ўйин намойиш этиш учун стадионлардаги шароитларни яхшилаш керак. "Бунёдкор”, "Насаф”, "Пахтакор” ва "Шўртан” майдонидан ташқари ҳеч бир стадионнинг майсалари талабга жавоб бермайди.

    - Миржалол Қосимов ҳақида нима дея оласиз?
    - У яхши мураббий ва жуда ажойиб инсон. Ўзи ҳам яхши футболчи бўлганлиги учун бўлса керак, йигитларга яхши муносабатда бўлади. Йил бошида "Бунёдкор” таркиби кескин ўзгарганди. Ўшанда чемпион бўлишимизга ҳеч ким ишонмасди. Қосимовнинг меҳнати оқибатида бизда жамоавий ўйин кучайиб борди ва якунда ғолиб бўлдик.

    - "Бунёдкор” сербия чемпионатида иштирок этадиган бўлса нечанчи ўринни қўлга киритиши мумкин?
    - Аниқ айта олмайман. Чунки Сербияда тўртта стабил кучли жамоа бор. Ҳар ҳолда совринли ўринларга курашса бўлади.

    - Жорий йилги Европа Чемпионлар лигасидан қандайдир сенсация кутяпсизми?
    - Йўқ, ғолиблик учун даъвогарлар – "Бавария”, "Барселона” ва "Реал”.

    - Қайси жамоа мухлисисиз?
    - Ёшлигимдан "Барселона”га ишқибозман.

    - Футболчилардан кимларга меҳрингиз баланд?
    - Сўйлоқ лақаби билан жаҳонга машҳур бўлган Луис Роналдо менинг кумирим эди.

    - Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
    - Кўпинча кино кўраман. Шунингдек, интернет титкилаш ва компьютер ўйинларини ўйнаш жону дилим.

    Тўлиқ исми: Славолюб Жоржевич
    Туғилган санаси: 15.02.1981
    Туғилган жойи: Белград (Собиқ Югославия)
    Фуқаролиги: Сербия
    Бўйи: 183 см
    Вазни: 78 кг
    Амплуаси: Марказий ҳимоячи
    Рақами: 18

    Ўйнаган жамоалари:
    Йил
    Жамоа
    Ўйин
    Гол

    1998-1999
    "Раднички-Ниш” (Сербия)
    14
    -

    1999-2000
    "Спартак” (Варна, Болгария)
    10
    -

    2001
    "Раднички-Ниш” (Сербия)
    12
    -

    2001-2002
    "Единства УБ” (Сербия)
    22
    1

    2002-2003
    "Леотар” (Босния ва Герцоговина)
    27
    3

    2003-2005
    "Црвена Звезда” (Сербия)
    44
    -

    2005-2007
    "Алания” (Владикавказ, Россия)
    17
    -

    2006
    "Вольн” (Луцьк, Украина)
    6
    -

    2006
    "Кривбасс” (Кривий Риг, Украина)
    9
    -

    2007-2009
    "Шинник” (Ярославль, Россия)
    33
    -

    2009
    "Альтах” (Австрия)
    13
    -

    2009-2010
    "Црвена Звезда” (Сербия)
    33
    -

    2011
    "Бунёдкор” (Ўзбекистон)
    30
    -



    2003 йили собиқ Югославия ёшлар терма жамоаси сафида тўп сурган.

    Эришган ютуқлари: Бир неча бор Сербия чемпиони ва кубоги соҳиби. Ўзбекистон чемпиони – 2011

    Баҳодир МИРЗАЕВ суҳбатлашди

    Манба: www.fcbunyodkor.com
    Категория: Интервью | Просмотров: 772 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz