Суббота, 04.05.2024, 05:52
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Октябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Октябрь » 31 » Егор Кримец: «Рақиб ҳужумини бузиш – роҳатнинг ўзи…»
    06:03
    Егор Кримец: «Рақиб ҳужумини бузиш – роҳатнинг ўзи…»



    Истеъдодларни кашф қилиш ва уларни юзага чиқаришда футбол мактаблари ва академияларининг ўрни беқиёс. Бундай даргоҳларда футбол қоидалари ва сир-асрорларини ўрганаётган болалар орасидан энг истеъдодлиларини саралаб, клублар ва мамлакатимиз терма жамоалари учун муносиб ўринбосарлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «Пахтакор» футбол академиясида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бугунги кунда «Пахтакор» футбол мактабида 400дан зиёд бола, футбол академиясида эса 150 нафарга яқин ўсмир мунтазам равишда шуғулланмоқда. Уларга 30 нафарга яқин мураббий сабоқ бериб келяпти. Футбол академиясида таҳсил олиб, қисқа фурсатда клубнинг асосий таркибига кирган, ишончли ўйинлари эвазига олимпия терма жамоасига таклиф этилган Егор Кримец газетамизнинг бугунги меҳмони. Эътиборлиси, у ўзбек тилида равон гапира олади. Ёш истеъдод эгаси билан суҳбатимиз унинг болалик хотираларидан бошланди.

    - Тошкент шаҳрининг «Дўмбиробод» маҳалласида туғилганман. Болалик йилларим ўзбек маҳалласида ўтган. Табиийки, маҳаллада ҳар куни дарсдан ке-йин тенгқурларим билан футбол ўйнардик. Миллионлар ўйинига бўлган қизиқишимни пайқаган дадам МҲСКга олиб бордилар. Спортчилар оиласида дунёга келганман, десам бўлаверади. Отам - Владимир Кримец спортнинг академик эшкак эшиш тури билан шуғулланган. Ўз вақтида спорт устаси бўлган. Онам - Оксана Кримец эса спорт турлари маликаси ҳисобланган енгил атлетикада фаолият юритган. МҲСКга борганимизда 1992 йилда туғилган болалар гуруҳи йўқ экан. Шу боис ўзимдан уч ёш катта болалар гуруҳига қабул қилиндим. Уч йил давомида Руслан Ибрагимовдан миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргандим. У ерда Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Темурхўжа Абдухолиқов, Азамат Мамажоновлар билан танишдим.

    - «Пахтакор»га қандай келиб қолгансиз?

    - 9 ёшга тўлганимда, отам мени «Пахтакор» академиясига олиб келдилар. Мураббийлар кўригидан муваффақиятли ўтгач, жамоага қабул қилиндим. Бу билан болаликдаги илк орзум амалга ошди. Академияда Роберт Гай қўл остида машғулотларни давом эттирдим. 188-умумтаълим мактабида 6 йил таҳсил олдим. 7-синфдан Республика олимпия захиралари спорт коллежига ўтдим. У ерда Арам Бабаян, Максим Уткин, Азамат Мамажонов, Акрам Баҳриддиновлар билан бир синфда ўқидик. Асосий эътиборим футболга қаратилгани боис бошқа фанлардан баҳоларим бироз пастроқ эди. Бунинг учун мураббийларимиз Роберт Гай ва Баҳодир ака Тошмуҳаммедовлар бизни ҳақли равишда койишарди.

    - Кўпчилик болалар ҳужумчи бўлишни исташади. Чунки бошқа амплуадаги футболчиларга қараганда, ҳужумчининг танилиши осонроқ. Ҳимояни танлашингизда қайси омил муҳим аҳамият касб этган?

    - Ёшлигимдан рақиб ҳужумини бузишни ёқтираман. «Барселона»даги Херард Пике - Карлес Пуйоль тандемига ихлосим баланд. Уларнинг ўйинларини кузатиб, ўзим учун керакли жиҳатларни оламан.

    - 2008 йили Ўзбекистон ўсмирлар (U-16) терма жамоаси сафида пойтахтимиз мезбонлик қилган Осиё чемпионатида иштирок этдингиз. Қитъа биринчилигида ўсмирларимиз ўзбек футболи тарихида илк маротаба жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яқин келишганди. Бироқ... Бунга чорак финалдаги рақиб - корейсларнинг кучлилиги сабаб бўлганмиди ёки..?

    - «Пахтакор»даги мураббийим Роберт Гай томонидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига таклиф этилдим. Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида Баҳрайн, Сингапур ва Эрон терма жамоаларига қарши баҳс олиб бордик. Афсуски, қитъа биринчилигининг чорак финалида ўз мухлисларимиз кўз ўнгида Жанубий Корея термасига аламли тарзда имкониятни бой бердик. Ҳамма биздан ярим финалга йўл олиб, кичик мундиал йўлланмасини нақд қилишимизни кутаётганди. Халқимизнинг ишончини оқлай олмаганимиздан афсусдамиз. Ўшанда дарвозабонимиз қўпол хатога йўл қўйганди. Тўғри, барча айбни дарвозабонга ағдариб қўйиш инсофдан эмас. Мағлубиятга учраган эканмиз, бунда барчамиз бирдек айбдор ҳисобланамиз. Тан олиш керак, корейслар ҳам кучсиз эмасдилар. Майдонни кўзда ёш билан тарк этгандик...

    - «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиш ҳар бир футболчининг орзуси. Сиз айнан шундай бахтли ёшлардан бирига айландингиз...

    - Тўғри таъкидладингиз, Осиё чемпионати якунланганидан сўнг «Пахтакор» мураббийлар штаби терма жамоа таркибида ўйнаган 6-7 нафар футболчини ўринбосарлар сафига ўтказди. Бир йилча ўйнаганимдан сўнг секин-аста асосий жамоага жалб эта бошлашди. Шу ўринда биз - ёшларга имконият беришгани учун «Пахтакор» мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Жамоада ёшларга алоҳида эътибор қаратилади. Академия ва мактабда футбол билан шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Турли ёш гуруҳларининг нафақат ички мусобақалар, балки халқаро турнирлардаги иштироки ҳам мунтазам таъминланади.

    Асосий таркибдаги илк ўйинимни ўтган йили «Шўртан»га қарши Ўзбекистон кубоги доирасида ўтказдим. Аммо дебют омадли чиқмади. Таранга қарши қўполлигим учун майдондан четлатилдим. Позиция танлашда хатоликка йўл қўйдим ва қўпол ўйнашга мажбур бўлдим. Очиғи, тажрибасизлик панд берди. Ўз ўрнида қизил карточка мен учун яхшигина сабоқ бўлди. Жамоадошларим, айниқса, Камолиддин Тожиев ва Илҳом Суюновлардан кўп нарса ўргандим. Камолиддин аканинг ўйин услубини ёқтираман. У йўл қўйган камчиликларимни айтиб турарди. Жамоамиздаги тажрибали ҳимоячи Боян Миладинович билан эса унчалик кўп ўйнамадим. Илк маротаба Эронда ОЧЛ доирасидаги «Истиқлол»га қарши учрашувда биргаликда ҳаракат қилдик. Айтганча, Эрон клуби билан Тошкентда ўтган ўйин мен учун катта аҳамиятга эга. Чунки ўша учрашувда «Пахтакор» либосидаги илк голимни урдим. Стандарт вазият амалга оширилганидан сўнг рақиб дарвозасини бош билан ишғол қилдим. Иккинчи голимни эса миллий чемпионатда «Шўртан» дарвозасига урдим. Бу сафар ҳам рақиб дарвозасига бош билан зарба бердим. Бўйим баланд бўлгани учун мураббийлар стандарт вазиятлар амалга оширилаётган пайтда рақиб жарима майдонига боришимни тайинлашади.

    - Миллий чемпионатимиздаги қайси ҳужумчилар сизга кўпроқ ташвиш туғдиришади?

    - Милош Трифуновичга қарши ўйнаш жуда мушкул. «Бунёдкор» ҳужумчиси айниқса, жарима майдони ичида ажойиб тарзда ҳаракат қилади. Бошланғич тезлиги юқори. Голни ҳис қилиш қобилиятига эса тан бераман. Сербиялик футболчи кутилмаган қарорлари билан ҳимоячиларни чалғита олади.

    - Жорий мавсум «Пахтакор» учун мураккаб кечмоқда. Кутилмаган очко йўқотишлар...

    - Ҳақиқатан ҳам, мавсумни бир маромда ўтказолмаяпмиз. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Жумладан, «Андижон»га қарши сафарда кечган учрашувда қанот ҳаками ҳаққоний голимизни инобатга олмади. Муборакда «Машъал» билан ўйинда ташаббус тўлиқ биз томонимизда бўлишига қарамай, мағлубиятга учрадик. Майдон эгалари дарвозамиз томон икки бор таҳдид солишди ва уларнинг бири гол билан якунланди. Кейин ўз майдонимизда «Металлург» қаршилигини синдиролмадик. «Бунёдкор» билан кечган драматик ўйинда катта куч сарфлаганимиз боис мазкур баҳсга тўлиқ тикланолмагандик. Бундан ташқари, охирги басҳларда бироз хотиржамлик ҳам пан берди, шекилли.

    - Жорий мавсумда «Насаф» жамоангизга жиддий қаршилик кўрсат-япти. Кумуш медаль ва мамлакат кубоги учун курашда айнан қаршиликлар билан баҳслашасизлар. Анатолий Демьяненко шогирдлари кўрсатаётган ўйин ҳақида нима дея оласиз?

    - «Насаф»нинг чемпионлик пойгасига қўшилишини ижобий ҳол, дея баҳолайман. Бу билан миллий чемпионатимиз савияси бироз бўлсада кўтарилди. Қаршиликлар ўтган йили ҳам чемпионлик учун курашишганди. Бу йил жамоа анча мукаммаллашди. Жамоа раҳбарияти клуб олдига жиддий вазифаларни қўйган. Мана, «Насаф» ОФК кубогида ҳам муваффақиятли одимлаб, финалга чиқди.

    - Яқинда «Пахтакор» мураббийлар штабида ўзгариш бўлди: Мурод Исмоилов бош мураббий этиб та-йинланди. Шунингдек, Тачмурод Агамуродов ҳам мураббийлар штабидан жой олди. Бу билан машғулотларда қандайдир ўзгаришлар кузатилдими?

    - Жиддий ўзгаришлар йўқ. Чунончи, Мурод ака ҳам бир неча йилдан бери жамоамизда ишлаб келяпти. Футболчиларни жуда яхши билади. Машғулотлар чоғида кўпроқ тактика устида шуғулланяпмиз.

    - «Пахтакор» билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

    - Узоқ муддатга.

    - Аниқроғи...

    - Мавсум аввалида 5 йиллик шартнома туздик. Жамоада ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман. Бу ердаги шароитлар мени тўла қониқтиради. Мақсадим - «Пахтакор» билан кўплаб ютуқларни қўлга киритиш. Ҳозирда Одил Аҳмедовнинг ўрни билиняпти. Майдон марказида ўйинни бошқарадиган плеймекерга муҳтожмиз. «Пахтакор» - мавсумнинг энг ёш жамоаси. Ишончим комил, бугунга келиб шаклланган жамоа катта вазифаларни бажаришга қодир. Келаси мавсумда умуман бошқача ўйин намойиш этамиз. Таркибимиздаги мен каби ёш футболчилар учун жорий чемпионат, ОЧЛ ўйинлари катта тажриба тўплашга хизмат қилди. Умуман олганда, бундай ёш таркиб билан кўрсатилаётган ўйин ва натижа чакки эмас. Бу жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби томонидан олиб борилаётган сиёсат самараси, деб ўйлайман. Ҳозирги ишлар узоқни кўзлаб амалга ошириляпти. Бунинг мевасини барчамиз кўриб турибмиз. Ҳа, айрим ўйинларда тажриба камлиги туфайли муҳим очколарни йўқотдик. Айниқса, апрель ва май ойларида катта босим остида ўйнашимизга тўғри келди. Зеро, миллий чемпионат ва кубок ўйинларидан ташқари, ОЧЛда ҳам иштирок этдик. Ҳар уч кунда майдонга тушиш осон эмас, айниқса, ёшларга.

    - Айни пайтда Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг етакчи аъзоларидан бирисиз. Умуман, олимпиячиларимиз таркибидан ўрин олишингиз қандай рўй берди?

    - «Пахтакор»даги ўйинларим туфайли олимпия термасига таклиф этилдим. Йил бошида Туркияда ташкил этилган ўқув-машғулотлар йиғинида қатнашдим. Унинг доирасида «Шахтёр» (Украина) клубига қарши кечган назорат учрашувида олимпиячилар таркибидаги дебют ўйинимни ўтказдим. Яқинда Сеул шаҳрида Жанубий Корея олимпия термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, кутилмаганда йирик ҳисобда мағлубиятга учрадик. Бунда ўзимни ҳам айбдор ҳис қиламан. Чунки иккита гол айнан менинг айбим билан қўйиб юборилди. Дарвозамизга 5та гол урилган экан, демак, энг катта айблов ҳимоячиларга тушади. Тезкор гол ҳам ўйинга салбий таъсир ўтказди, деб ўйлайман. Боз устига, ҳужумда ишларимиз юришмади. Асосийси, бундан тўғри хулоса чиқариб олдик.

    - Дарҳақиқат, Кореяга қарши учрашувдан сўнг футбол ишқибозларида бироз хавотир пайдо бўлди. Гарчи ўртоқлик ўйини бўлсада, 5та гол Олимпиадани кўзлаётган жамоа учун жуда кўп...

    - Фикрингизни тушундим. Дарҳақиқат, кўнгилни хира тортирадиган натижа бўлди. Бу мағлубиятни тезроқ унутишимиз керак. Акс ҳолда, саралаш ўйинларида салбий таъсир ўтказиши мумкин. Ҳозирда кўпчилик БАА термасини гуруҳимиз фаворити, деб баҳолаяпти. Амирлик футболчилар Авс-тралия майдонида кўрсатган ўйинлари билан бунга муносиб эканликларини исботлашга ҳаракат қилишди. Айни пайтда гуруҳда пешқадам бўлиб турибмиз. Энди сафардаги икки ўйинда ижобий натижа қайд этишга умид боғлаяпмиз. Тўғри, осон бўлмайди. Лекин бизнинг ҳам ўзига яраша устун жиҳатларимиз бор. Насиб этса, буни майдонда кўрсатамиз.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Интервью | Просмотров: 484 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz