Суббота, 04.05.2024, 02:37
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Октябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Октябрь » 29 » Юрий Саркисян: «Менга ўхшаши йўқ!»
    18:59
    Юрий Саркисян: «Менга ўхшаши йўқ!»


    "Нефтчи” бош мураббийи Юрий Саркисянни ўзбек футболининг энг машҳур мутахассисларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. 25 йилдан бери мамлакатимиз ва Фарғона футболининг ривожи учун хизмат қилиб келаётган Юрий Вазгенович тўғрисўзлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Унинг яхши хислатларидан яна бири шуки, ОАВ ходимларининг саволларига ҳар қандай ҳолатда ҳам жавоб қайтаради. "Нефтчи” устозининг легионерларнинг хизматидан фойдаланмаслиги, маҳаллий ёшларга катта аҳамият бериши ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Хуллас, бу инсон ҳақида қанча гапирсангиз шунча оз. Қолган гапларни мураббийнинг ўзидан эшитинг.

    - Юрий Вазгенович, мавсум ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
    - Сўнгги йилларда жуда кўп йўқотишларга учраганимиз боис, ушбу мавсумда асосан ёшларнинг иқтидори ва иштиёқига таяндим. Таркибга кўз югуртирсангиз жамоанинг барча чизиғида ёшлар тўп тепаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳимояда Ислом Тўхтахўжаев, Ойбек Нурбоев, Дилёр Эрматов, Шукур Пўлатов. Ярим ҳимояда эса, Сардор Мирзаев, Павел Смоляченко. Захирада ҳам асосан ёшлар ўтирибди. Бу футболчилар жамоанинг ўзагига айланиб улгурган тажрибали Иқбол Акрамов, Мансур Саидов олдида "пишиб” боряпти. Ҳаёт шу экан, кимдир келади, бошқаси кетади. Агар мавсумлар оралиғида таркибимизда жиддий ўзгаришлар содир бўлмаса, "Нефтчи” кейинги йил янада мазмунли ўйин намойиш қилади. Энг ёмони, жароҳатлар "эпидемияси” бизни тарк этмаяпти. Асосан тажрибали ўйинчилар жароҳат олаётгани бизга ортиқча муаммо келтириб чиқаряпти. Оддий мисол, жамоа сардори Мансур Саидов иккинчи давра бошида жароҳат олганди, аммо мана энди оёққа туряпти. Азиз Алижонов, Алишер Холиқовга ҳам "эпидемия” таъсир қилди. Асосий футболчиларнинг йўқлиги иккинчи даврада ўйинимизнинг пасайишига олиб келди. Бунинг устига, айрим беллашувларда омадсизлик туфайли очко йўқотдик, ҳатто Фарғонадаги баҳсларда ҳам. Шундай бўлса-да, ёш шогирдларим тўртинчи ўрин учун кураш олиб бораётгани кишини хурсанд қилади.

    - Юқорида "Нефтчи"нинг иқтидорли ёшлари номини санаб ўтдингиз. Ҳақиқатан ҳам Тўхтахўжаев, Мирзаев ҳамда Смоляченко сингари футболчилар ўз ҳаракатлари билан кўпчиликни хурсанд этмоқда. Уларнинг ўйинларини собиқ шогирдларингиздан қайси бириникига ўхшатган бўлардингиз?
    - Айнан мана шу футболчининг ҳаракатларига ўхшайди дея олмайман. Чунки ҳар бир футболчининг ўз ўйин услуби бўлади. Худди бошқа мураббийлар Саркисянга ўхшамагани сингари (кулиб). Ёки бирорта мураббийни менга ўхшашини кўрсата оласизми? Вақт ўтиши билан футболда ҳам катта ўзгаришлар бўлиб туради. Демак, футболчиларнинг ўйин услубларида ҳам янги қирралар очилиб бораверади. "Нефтчи" сафида тўп тепаётган ҳар бир ёш ўйинчи футболга ўз услуби билан кириб келган.

    - Мавсум бошланиши арафасида "Чемпионатни 4-ўринда якунлашни мақсад қилганмиз" дегандингиз. Жамоа ўз олдига қўйган вазифани бажариш арафасида турибди. "Нефтчи" мавсумда бундан ҳам юқори ўринни эгаллаши учун қандай омиллар тўсқинлик қилди?
    - Биринчи давра давомида биз қатор учрашувларда муҳим очколарни қўлдан бой бердик. Аммо иккинчи даврада хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда турнир жадвалидаги мавқеимизни яхшилаб олдик.

    - Айнан қайси учрашувларда "Нефтчи” муҳим очколарни бой берди?
    - Ғалаба қозонишимиз мумкин бўлган беллашувларда очко йўқотганимиз иккинчи даврадаги баҳсларга тўғри келади. Хусусан, "Қизилқум” ва "Шўртан”га кутилмаганда ютқазиб қўйдик. «Навбаҳор»ни меҳмонда мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқа олгандик, аммо уйимизда дурангга рози бўлдик. "Насаф” ҳам Фарғонадан очко билан қайтди. Бу беллашувларда устунлик тўлалигича биз томонда бўлди. Меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиш учун ўнга яқин вазият бўлганди, бироқ қарши ҳужумда ўйнаган рақибларга омад кулиб боқди. Айтганимдек, ҳимояда ҳали бундай баҳсларда "пишмаган” ёшлар ўйнаяпти. Бунинг учун хафа бўлишнинг ҳожати йўқ. Футболда шундай ҳолатлар бўладики, бурчакдан тепган тўпингиз тўғри дарвозадан жой олиши мумкин, бироқ уч метрдан ҳам гол ура олмаслик эҳтимоли бор. Ҳаммаси омадга боғлиқ.

    - Ушбу мавсумда тўртинчи ўрин "Нефтчи” учун яхши натижами ёки қониқарлими?
    - Қачонки, жамоа совриндорлардан бири бўлсангина, буни яхши натижа деб баҳолаш мумкин. Билишимча, кейинги йил мавсумни тўртинчи ўринда якунлаган клубда ҳам халқаро мусобақада иштирок этиш имконияти бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда жамоамиз учун мавсумни 4-ўринда якунлаш қониқарли деб ҳисоблайман. Олдимизга қўйилган асосий мақсад - Фарғонага яна халқаро футбол ҳавосини олиб кириш.

    - Юрий Вазгенович, қачонлардир сиз ҳам истеъфога чиқасиз. Шогирдларингиз ишингизни давом эттиришга тайёрми?
    - Хабарингиз бор, мен "Нефтчи” учун ўйнаган футболчиларни клубда олиб қоламан. Чунки улар кейинчалик менинг ишимни давом эттиришлари мумкин. Аниқроғи, мен шуни хоҳлайман. Сабаби, бу – ўтар дунё. Ўтаётган вақтга қаршилик кўрсата олмаймиз. Вақти келиб ўз ўрнимни кимгадир топшираман. Худди ўзимни фаолиятимда бўлгани каби. Бир вақтлар устозим Евгений Борисович Валицкий "Нефтчи”да мураббий бўлиб қолишимни сўраганди. Кейинчалик Москвада икки йил мураббийлар мактабида таҳсил олиб келдим. Шундан сўнг, бош мураббий сифатида иш бошладим. Устозим каминага йўл бўшатгани каби, мен ҳам қачонлардир шогирдларимга бош мураббийликни топшираман. Шунчаки, улар ўз ишига масъулият билан ёндошса бўлди. Лебедев, ака-ука Дўрмонов, Мақсудов ишимни давом эттириши мумкин. Тўғри, айрим пайтларда уларга бақираман, уришаман, сўкаман. Нимага? Албатта, шогирдларимдан яхши мутахассис чиқиши учун, аммо улар билан худди ота-боладекмиз.

    - Айтишларича, маҳаллий мутахассислардан кучли мураббий чиқмас экан?!
    - Мендан мураббий чиқади, деб ким ўйлаганди? Валицкий жамоада олиб қолди, мана шу даражага чиқдим. Ҳамманинг ўз дунёқараши бор. Юртимизда кучли, ёш мутахассислар бор, улардан кучли мураббий чиқишига ишонаман. Каминанинг шу даражага чиқишида Валицкийнинг хизматлари беқиёс. Уни ишимда "ота” деб биламан. Қийин вазиятга тушиб қолган пайтларим устозимнинг сўзларини эслайман. Шундай вақтларда қандай маслаҳат берганини ёдга оламан.

    - Сизни раҳбарият ишдан бўшатиши мумкинми ёки ўзингиз истеъфога чиқасизми?
    - Мени "Нефтчи”да ишлаш-ишламаслигимни раҳбарият ҳал қилади. Агар улар "бўлди Юрий Вазгенович, истеъфога чиқинг”, деса албатта рози бўламан. Ихтиёр ўзимда бўлса, ҳали-бери ишдан кетмоқчи эмасман. Боиси, оёқ-қўлим соғ экан, ишлашда давом этаман. Футбол ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб улгурган. 25 йилдан бери мураббийлик қилаётган инсон осонликча ишдан бўшаб кета олмайди. Машғулотларда шогирдларимнинг ҳаракатларини кузатиб, ёшлигим ёдимга тушади. Хуллас, ишдан чарчаганим йўқ.

    - "Фарғона футболига алоқадор барча масалалар Саркисян орқали ҳал этилади" деган фикрларга қўшиласизми?
    - Бўлмаган гап. Мен фақат "Нефтчи"нинг натижаларига жавоб бераман. Чунки жамоага бош мураббийман. Бунинг учун менга ойлик тўлашади. Бировларнинг ишига аралашиш вазифамга кирмайди. Бошқалар ҳам менинг ишимга "бурунларини суқишини" ёқтирмайман. Негаки, ҳамиша тўғри йўлдан бораётганимни биламан.

    - Мавсумлар оралиғида жамоани асосий таркиб футболчилари тарк этади, деган миш-мишлар юрибди. Бунга тайёрмисиз?
    - Эшитдим. Ислом Тўхтахўжаев ва яна бир-икки нафар шогирдимга таклифлар бўлаётган экан. Ҳар қандай вазиятда ҳам клуб тарбияланувчиларини жамоада олиб қолишга ҳаракат қиламан, лекин уларнинг хоҳиш-истагига қарши бора олмайман. Етакчилар кетадиган бўлса, уларнинг ўрнини ёшлар билан тўлдиришга ҳаракат қиламан. Исломга ўхшаган шогирдларимнинг "Нефтчи”дан кетиши биз учун катта йўқотиш бўлади.

    - Уларга хориж клубларидан таклиф бўлса, кетиши учун рухсат берасизми?
    - Йўқ (кулиб). Сабаби, улар худди болаларимдек бўлиб қолган. Жиддий гапирадиган бўлсам, рости, шогирдларимга хориж клубларидан таклиф бўлса ҳам қўйиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Боиси, ўша Аҳмедов ҳам, Жепаров ва Гейнрих ҳам юртимизда тўп тепишни ўрганган. Улар ҳозир ўзлари тўп тепаётган мамлакатлар футболининг ривожи учун ҳисса қўшишмоқда. Аслида тескариси бўлиши керак.

    - Легионерларнинг мамлакат футболи учун фойдаси тегар экан, унда нега сиз хорижлик футболчиларнинг хизматидан фойдаланмайсиз?
    - Ҳар қандай футболчининг хорижда тўп тепишидан асосий мақсади пул ишлашдир. Бу бизнинг легионерларга ҳам тегишли. Мен шунинг учун хорижлик ўйинчиларнинг хизматидан фойдалангим келмайди. Биз ўз мамлакатимизнинг футболи ривожланиши учун жон куйдиришимиз зарур. Ўша пулларни ўзимизнинг футболчиларга берсангиз, улар ҳам янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилади. Нима бизда иқтидорли ёшлар йўқ деб ўйлайсизми? Тўлиб ётибди, шунчаки, уларни излаб топиш керак.

    - Олий лигада клубларнинг сони кўпайишига қандай қарайсиз?
    - Клублар сонининг кўпайиши яхши, чунки мамлакатимизнинг барча минтақаларидан жамоа бўлиши мумкин. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам аввало миллий терма жамоанинг манфаатидан келиб чиққан ҳолда қарор чиқариш лозим. Боиси, терма жамоа халқаро мусобақаларда ютуққа эришса, хорижда ўзбек футболи ҳақида илиқ фикр билдиришади. Ўзбекистонда яхши мураббийлар бор экан, дейишади. Чунки футболчи ўз-ўзидан бу даражага чиқиб қолмайди-ку, ахир. Кейин бу чойхона эмас-ку, ётволиб дам оладиган! Юртбошимиз юртимизда футболни янада ривожлантириш учун неча марта қарор чиқарди? Қайси мамлакатда бор бундай эътибор? Биздан талаб қилинадиган нарса шуки, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлаш керак.

    - Ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев кўп ҳолларда "Нефтчи”га ёрдам бера олмаяпти. Айрим мураббийлар футболчисини терма жамоа йиғинига қўйиб юборишни истамайди.
    - Терма жамоада ўйнаётган футболчининг клубга ёрдам бера олмаслиги табиий ҳол. Бунинг учун ундан хафа бўлиш керак эмас. Йиғинга қўйиб юбормаслик кулгули ҳолат. Айтганимдек, миллий терма жамоа мамлакатимиз футболининг "юзи” десак муболаға бўлмайди. Агар термага шогирдларимдан бирини чақирса, бундан албатта хурсанд бўламан. Демак, мен футболимиз учун нимадир фойдали иш қиляпман. Ўйинчи касал бўлиб қолиб ҳам ўша муҳим паллада клубга ёрдам бера олмаслиги мумкин-ку. Мураббий ҳар қандай ҳолатни ҳисобга олган ҳолда иш юритиши лозим.

    - Тўхтахўжаевнинг ёшида бир йўла икки терма жамоада, кейин "Нефтчи" сафида мунтазам майдонга тушиши "оғирлик” қилмасмикан?
    - Ислом барча учрашувларда барқарор ҳаракат қиляптими, демак, жисмоний ҳолати бунга тўлиқ жавоб беради. Тўхтахўжаевни "Нефтчи”га қайтганидан кейин шифокоримиз текшириб кўради-да, ҳолати ҳақида бизга маълумот беради. Биз шунга қараб унга қандай машқларни бажаришини айтамиз. Оддий мисол, ҳимоячи КХДРдан қайтиб келганидан сўнг, икки кун ҳордиқ чиқарди. Кеча енгил машқларни бажарди.

    - Сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ОАВ ходимларидан ўзингизни олиб қочмайсиз. Бу нима билан боғлиқ?
    - Ҳар ким ўз ишини қилиши керак. Мен мураббийман, шу орқали пул топаман, сизлар журналист, сизлар ҳам касбингиз орқали оилангиз боқасиз. Жамоамнинг ёмон ўйин кўрсатишига сизлар айбдор эмассизлар. Нима учун сизларнинг пул топишларингга мен тўсқинлик қилишим керак? Натижа ёмон бўлса, айбни ўзимдан қидиришим зарур. Журналистларнинг саволларига ҳар қандай ҳолатда ҳам жавоб беришим керак.

    - Жамоа яхши ўйнаса, ҳакам ҳеч нарса қила олмайди, деган фикрларга қўшиласизми?
    - Ҳа. Ҳақиқатдан ҳам жамоа яхши ўйин намойиш қилса, реферига уларга қарши ҳеч нарса қўллай олмайди.

    - Ўтган мавсумни асосий таркибда ўтказаётган Юрий Цойнинг захирада қолиб кетаётганини нима билан изоҳлайсиз?
    - (Ўйланиб) Юрани "Олмалиқ” билан бўлган ўйинда асосий таркибда майдонга туширгандик, аммо хатоларга йўл қўйди. Кейинги учрашувларда Чилматовга ишонч билдиргандим, у ўзига билдирилган ишончни оқлади. Биласизми, дарвозабонлик шунақа масала, бу амплуада битта футболчи ҳаракат қилади. Шеригини хато қилишини кутишга мажбур. Германиялик машҳур посбон Зепп Майер 12 йил давомида "Бавария”нинг асосий таркибида ҳаракат қилган. Ундан ўринбосарингиз борми, деб сўрашганида "ким у?”, деб жавоб қайтарган экан.

    - Сизни қаттиққўл мураббий сифатида биламиз. Агар муҳим беллашув олдидан бирон бир шогирдингиз сизга эътироз билдирса, уни захирага ўтқазиб қўя оласизми?
    - Биринчидан, мени клубда ҳамма ҳурмат қилади, сабаби, мен барчанинг ҳурматини жойига қўяман. Тўғри, ўйин пайтида асабийлашишим, шогирдларимга бақиришим, уларни сўкишим мумкин, аммо бошқа пайт мен анчагина ювош устозман. Шу боис, каминага ҳеч ким эътироз билдирмайди.

    - Шу таркиб сақланиб қолса, "Нефтчи” чемпион бўлиши учун яна неча йил керак бўлади?
    - Билмадим. Лекин биз ҳар йили чемпионлик учун кураш олиб борамиз.

    Манба: "FutGOL" газетаси
    Категория: Интервью | Просмотров: 473 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz