Пятница, 03.05.2024, 23:09
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Октябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Октябрь » 14 » Вадим Абрамов: «Жавоб ўйинида янада қийин бўлади»
    20:03
    Вадим Абрамов: «Жавоб ўйинида янада қийин бўлади»



    Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 3-саралаш босқичининг 3-тур учрашувида КХДР меҳмони бўлиб, кичик, аммо муҳим ғалабани қўлга киритганидан хабарингиз бор.

    Чартер рейс билан сафарга отланган терма жамоамиз делегацияси сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Тошкентга қайтиб келди. Биз сафар таассуротлари мавзусида терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ва ЎФФ матбуот хизмати ходими Фахриддин Низомовдан интервью олдик.



    - Вадим Карленович, аввало ажо-йиб ғалаба билан табриклайман. Суҳбатимиз аввалида ўйин ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз.

    - Табрик учун раҳмат. Халқимизни ғалаба билан хушнуд этганимиздан хурсандман. Пхеньяндаги ўйин оғир кечишини билгандим. Кўпчиликнинг фикрича, сўнгги босқичга бериладиган иккинчи йўлланмага айнан биз ва корейслар даъвогарлик қиляпти. Бу сўзларга қўшиламан. Очиғи, узоқ парвоз футболчиларнинг ҳолатига салбий жиҳатдан таъсир ўтказишидан қўрққандим. Бу нарса учрашувнинг дастлабки дақиқаларида кўзга ташланиб қолди. Йигитларда қандайдир ишонч етишмагандек бўлди. Бўлим ўрталарига келиб, ҳаммаси ўз жойига тушди. Футболчиларимиз ҳотиржам ўйнай бошлашди. Танаффус чоғида уларга яна керакли кўрсатмаларни бердик. Иккинчи бўлимда дарвозани ишғол қилиш учун қулай вазиятларни содир этдик. Энг муҳими, асосий рақибимиз майдонидан уч очко билан қайтишни уддаладик.



    - КХДР кўрсатган ўйин ҳақида нима дея оласиз?

    - Бу терма жамоага алоҳида тўхталиш шарт бўлмаса керак. Сўнгги жаҳон чемпионатининг иштирокчиси саналади. Шунинг ўзиёқ бу терма жамоа ҳақида илк таассуротларни беради. Интизомга асосланган ўйин кўрсатади. Дастлабки дақиқаларда мезбонларга хос тарзда ҳужумкор ўйин намойиш этишди. Ҳужумлар анча кескин тус олди. Муҳими, тезкор гол ўтказиб юбормадик. Ҳимояга асосланган ўйин услубини хуш кўради. Япония билан бўлиб ўтган учрашувда асосий вақтга қўшиб берилган тўртинчи дақиқада ўз дарвозасидан гол қўйиб юборганди. Корейсларнинг қанчалик жиддий рақиб эканлигини шундан ҳам билса бўлади.



    - Жасур Ҳасановнинг биринчи бўлим ўрталарида алмаштирилишини қандай изоҳлайсиз?

    - Ҳасанов жамоамиз ўйинига қўшилиб кета олмади. Буни ўзи ҳам тўғри тушунди. Балки бунга унинг маълум муддат ўйин амалиётисиз қолгани таъсир ўтказгандир. Ҳозир Жасур янги клуби таркибида мунтазам майдонга тушмоқда. Кейинги ўйинларга қадар аввалги спорт формасига кириб олишига умид қилиб қоламан.



    - Одил Аҳмедов марказий ҳимоячи вазифасини бажарди. Ихтиёрингизда Анзур Исмоилов варианти ҳам бор эди. Бундай йўл тутишингизга нима сабаб бўлди?

    - Бундай мураккаб ўйинда Одилга ишонч билдирдим. Аҳмедов Осиё Кубогида ҳам бу позицияда анча ишончли ўйин кўрсатганди. Тўғри, ўйин аввалида у бироз қийналди. Лекин бўлим ўрталарига бориб ўз ўйинини топиб олди.



    - Қолган футболчиларимиз ҳақида қандай фикрдасиз?

    - Алоҳида бир футболчини ажратиб кўрсатиш фикридан йироқман. Футбол жамоавий ўйин. Қўлга киритилган ғалабада ҳамманинг бирдек ҳиссаси бор. Фурсатдан фойдаланиб, уларга миннатдорчилик изҳор қиламан.



    - Федерация томонидан моддий рағбатлантириш бўлдими?

    - Аслида ғалабанинг ўзи катта рағбат ҳисобланади. Халқимиз кўрсатган ўйинимиздан хурсанд бўлишса, биз ўз вазифамизни адо этаётган, тўғри йўлдан кетаётган бўламиз. Лекин сиз айтган моддий рағбат албатта бўлади. Федерация ҳар бир ғалаба учун алоҳида мукофот ажратган.



    - Гуруҳимиздаги иккинчи ўйин ҳисобини эшитгандирсиз...

    - Албатта (кулади). 1:0 га ҳам, 10:0 га ҳам уч очко берилади. Шундай экан, бунга ортиқча эътибор қаратиш керак эмас, деб ўйлайман. Қолаверса, ҳозир бор эътиборимизни 11 ноябрь куни Тошкентда айнан КХДРга қарши ўтказиладиган учрашувга қаратишимиз лозим. Шуниси аниқки, Тошкентдаги жавоб ўйинида янада қийин бўлади. Корейслар сўнгги имкониятдан фойдаланиб қолиш учун ҳаракат қилишлари та-йин. Бўлажак ўйинга бир ҳафта олдин тайёргарликни бошлашни режалаштириб турибмиз. 4 ноябрь куни миллий чемпионатимиз якунланади. Легионерларимизнинг 6 ноябрь санасида тур ўйинлари бор. Шундан сўнг улар сафимизга келиб қўшилишади.

    Фахриддин НИЗОМОВ (ЎФФ матбуот хизмати ходими):

    - 6 соатлик парвоздан сўнг Пхеньян халқаро аэропортига қўндик. Самолётда футболчиларнинг кайфиятлари аъло даражада эди. Бир-бирлари билан ҳазиллашиб, кулишиб кетишди. Очиғи, қандай етиб борганимизни ҳам сезмай қолдик. Лекин аэропортда кўнглимиз хира тортди. Текширувлар ўта жиддий экан. Футболчилар ҳам ҳали ҳеч бир давлатда бундай ҳолатга дуч келмаганликларини айтишди. Назоратчилар ипидан-игнасигача текшириб чиқишди. Энг ёмони, барча делегация аъзоларининг қўл телефонларини олиб қўйишди. Ҳатто делегация раҳбари Асқар Толибжонов ва бош мураббий Вадим Абрамовларга ҳам имтиёз берилмади. Фақатгина узоқ муддат давом этган музокаралардан сўнг менинг фотоаппаратим ва ноутбукимга рухсат беришди. Аммо ундан олдин иш қуролларимнинг астар-аврасини титиб ташлашди. Хуллас, бир амаллаб аэропортдан чиқиб олдик. Кейин ярим соатда бизни меҳмонхонага элтиб қўйишди. Ўша куни машғулотлар ўтказилмади. Вадим Карленович футболчиларга дам олишлари ва эртаси куни соат 11да нонуштага тушишларини тайинлади. Нонушта қилишни истамайдиганлар бемалол тушликка тушаверишлари мумкинлигини ҳам қўшимча қилди. Бу футболчиларнинг узоқ парвоздан сўнг яхшироқ дам олишлари учун яратилган имконият эди. Соат 9да биз - Асқар Толибжонов, шифокоримиз ва мен ҳар икки жамоа расмий вакиллари иштирокидаги митингда иштирок этдик. Унда ўйинга тааллуқли масалалар кўриб чиқилди. Фурсатдан фойдаланиб, мен интернет масаласини кўтардим. Учрашув комиссари бу муаммога ўрин бўлмаслигини айтди. Афсуски, стадионга етиб борганимизда бизга ваъда қилинган интернет тизими ишламаслиги маълум бўлди. Узоқ вақт тортишганимдан сўнг интернетни ёқиб беришди, лекин бу хизмат пуллик эканлигини айтишди. Ҳайратдан жойимда қотиб қолдим. Бундай ҳолат ҳали саралаш баҳслари доирасида кузатилмаган бўлса керак. Устига-устак қандайдир ярим соат ишлаганим учун 50 доллар тўлашимни айтишди. Хуллас, бир олам таассурот билан қайтиб келдик. Ўйинга қисқача тўхталадиган бўлсам, у ҳар икки жамоа учун ҳам осон кечмади. Учрашув олдидан Абрамов футболчиларни жиддий тарзда тайёрлади. Корейслардан ҳар томонлама устун эканлигимизга ишонтира олди. Агар мағлубиятга учраган тақдиримизда ҳам фақат ўзимизнинг айб билан бу воқеа содир бўлишини уқтирди. Бу эса футболчиларнинг руҳиятини янада кўтарди.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 556 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz