Понедельник, 06.05.2024, 12:45
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Январь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2012 » Январь » 12 » Алфавит-2011 футболимизнинг ўтган йилги муҳим воқеликлари ва шахслари
    10:44
    Алфавит-2011 футболимизнинг ўтган йилги муҳим воқеликлари ва шахслари



    Ортда қолган воқеаларни ёдга олишнинг турлари кўп. Биз 2011 йил доирасидаги 365 кунлик вақт мобайнида бошқалардан ажралиб турган футболчи ва мураббийлар, жамоалар, ҳакамлар, шунингдек, муҳим воқейликларни алфавит тартибида жойлаштирдик. Ўзига хос таҳлилимиз эса қуйидагича кўриниш олди.

    Аҳмедов Одил - Ўзбекистоннинг 2011 йилдаги энг яхши футболчиси, деб тан олинган термамиз етакчиларидан бири «Анжи» клуби ишқибозлари томонидан ҳам муносиб тарзда қадрланди. Қолаверса, ярим ҳимоячи саналган Одил бош жамоамизнинг марказий ҳимоясидан ўрин олиб, Осиё кубоги-2011да ғалабаларга муносиб улуш қўшди. Қатар термасига тортиқ этилган голи эса қитъа мусобақасининг безагига айланди.

    «Бунёдкор» - бир қатор машҳур футболчиларнинг жамоани тарк этишларига қарамай, «қалдирғочлар» ўтган йилги миллий чемпионат баҳсларини яна кўтаринки руҳда ўтказишди ва ҳақли тарзда навбатдаги чемпионлик мақомини расмийлаштиришди.

    Вадим Абрамов - терма жамоамизнинг бош мураббийи Осиё кубоги давомида ўзи ҳақидаги фикрларни 180 даражага ўзгартирди. Асосийси, ЖЧ-2014 кампанияси ҳам муваффақиятли давом этяпти. Вадим Карленовичнинг йилнинг энг яхши мураббийи бўлганида заррача ғайритабиий томони йўқ.

    Гейнрих Александр - шу вақтгача терма жамоанинг «беқарор» ҳужумчиси сифатида эътироф этилган Гейнрих йил давомида мамлакатимизнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланди. Айниқса, унинг сафарда КХДР дарвозасига гол уриб, ғалабани биз томонга оғдиргани барчамизга ёқиб тушди.

    Демьяненко Анатолий - Қаршидаги фаолиятининг илк кунларидаёқ ўз олдига жиддий мақсадларни қўйганини таъкидлаган украиналик мутахассис атиги 1,5 йил ичида орзусини амалга ошириб, «Насаф»ни ОФК кубоги ғолибига айлантирди. Агарда фақат клубларимиз натижаларини ҳисобга олсак, Демьяненко энг яхши мураббий бўлишга тўла ҳақли.

    Евстафеев Алексей - ўсмирлар терма жамоасининг устози Мексикадаги мундиалнинг биринчи ўйини муваффақиятсизлик билан тугаса-да, кейинги учрашувларга шогирдларини аъло даражада тайёрлади. Натижада вакилларимиз худди Осиё чемпионатида бўлгани каби мазмундор ўйин кўрсатиб, футболимиз тўғри йўлдан кетаётганини амалда исботлашди.

    Ёшлар термаси - афсуски, бу жамоамизни мундиалда кўрмадик. Лекин янги ташкил этилган ёшлар термаси қитъа чемпионатига муаммосиз йўл олди. Ажабмас, 2013 йили ёшларимизни 3-марта ЖЧга кузатиб қўйсак.

    Жасур Ҳасанов - «Бунёдкор» клубидаги ёрқин ўйинлари туфайли хорижликлар эътиборини тортган катта Ҳасанов Қатарда илк мавсумдаёқ чемпионликни нишонлади. Аммо 2011 йилда тезкор ярим ҳимоячининг ишлари у қадар юришмади. Ҳаттоки, терма жамоадаги ўрнини бериб қўйгани ачинарли ҳол...

    Зарафшон - ушбу шаҳардаги футбол ихлосмандлари янги йилни кўнгилсиз қарши олишди. Зеро, уларнинг севимли жамоалари - «Қизилқум» қониқарсиз натижалар сабаб олий лигани тарк этганди. Тўғри, яқинда жамоа¬нинг яна кучлилар сафида ўйнаши маълум бўлди.

    Игнатий Нестеров - терма жамоамизнинг тенги йўқ посбони 365 кунлик вақт мобайнида ажойиб ўйинлари билан ўз ҳурматини янада оширди. Эътиборлиси, унинг ишончли ҳа- ракатлари ва бетакрор «сейв»ларидан ҳам «Бунёдкор», ҳам термамиз иштирокидаги учрашувларда баҳра олдик. Фикримизча, Игнатий учун ўз кучини кучли хориж чемпионатларида синаб кўрадиган вақт келди.

    Йўлланмалар (ОЧЛга) - ниҳоят, ОФКнинг Ўзбекистон футболига нисбатан фикри ижобий томонга ўзгарди ва қилинган ишлар самараси ўлароқ, ОЧЛда қатнашиш ҳуқуқи 4та клубимизга тақдим қилинди.

    Кападзеларнинг муваффақияти - 2011 йил бу оила учун ғоят омадли келди. Чунончи, оила бошлиғи - Тоҳир ака олимпия терма жамоамизда Абрамовга яқиндан ёрдам беряпти. Унинг ўғли - Темур эса термадаги ёрқин ўйинлари туфайли Корея чемпионатида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди.

    Лутфулло Тўраев - «Насаф»нинг ўтган йилги муваффақиятларида Лутфулло асосий роллардан бирини ижро этди. Натижада унга қизиқиш кескин ортиб, амалдаги чемпион - «Бунёдкор»дан таклиф олди ва фаолиятида юксалиш сари бир қадам ташлади. Шунингдек, у терма жамоа йиғинларига ҳам жалб қилинди.

    Махсталиев Аббос - ўсмирлар термаси сардори жамоада нақадар муҳим ўрин эгаллашига Мексикадаги илк ўйинда гувоҳ бўлдик. Усиз ўтган учрашувда вакилларимиз унчалик танилмаган Янги Зеландия ўсмирларига қаршилик қилишолмади. Аббос сафга қайтганидан сўнг эса, барчаси ўзгариб, термамиз аъзоларига ишонч руҳи қайтди. Боз устига, эндигина 17 ёшни қаршилаган Махсталиев миллий жамоамизнинг жорий йилдаги илк йиғинига жалб этилдики, бу ҳол кишини қувонтиради.

    «Насаф», «Навбаҳор», «Нефтчи» - 2011 йилда энг ижобий ўзгаришлар айнан «Н» ҳарфи билан бошланувчи уч клубда кузатилди. «Насаф» ОФК кубогида ғолиб чиққан бўлса, фарғоналиклар жамоада авлдодлар алмашинуви даври ортда қолганини амалда исботлашди. «Навбаҳор» эса иккинчи даврадаги ўйинлари орқали мавқеини тиклаб, мухлислар эътирофига сазовор бўлди.

    Осиё кубоги - Қатарда ўтган қитъа биринчилиги давомида футбол мухлислари Ўзбекистон аталмиш юрт шарафини ҳимоя қилган терма жамоа ўйинларидан ҳайратга тушишди. Чиндан ҳам, вакилларимиз мусобақани аъло кайфиятда ўтказиб, тарихда илк бор кучли тўртликдан жой эгаллашди. Тўғри, муваффақиятли иштирокка Авс-тралияга қарши учрашувдаги омадсизлик бироз соя солди. Шунга қарамай, термамизда юксалиш даври бошланганини ҳамма тан олди.

    «Пахтакор» - мамлакатимизнинг энг шонли клуби 2011 йилда кескин ўзгаришларга қўл уриб, таркибини жуда ёшартириб юборди. Шундай бўлсада, натижалар чакки кўриниш олмади. Жамоа аъзолари чемпионатни учинчи ўринда якунлаб, мамлакат кубогини қўлга киритишди.

    Расулов Абдуҳамидулло - Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси аъзосига 2010 йили ЖАРда ўтган мундиалда иштирок этиш армон бўлиб қолганди. Ёрдамчи ҳакам шундан сўнг ўз устида ишлашга янада қаттиқроқ киришди ва 2011 йили бир қатор муҳим учрашувларга тайинланди. Бунинг самараси ўлароқ, Осиёда йилнинг энг яхши лайнсмени номига эга бўлди.

    Сервер Жепаров - ўзбек футболи вакили иккинчи марта қитъа лауреати бўлди. Термамиз сардорининг бу галги ютуғи анча қадрли. Ахир Осиё кубоги бўлиб ўтган йилда ғолиб чиқиш кўп нарсани англатади.

    Турсунов Санжар - яқинда клубини ўзгартириб, «Волга»дан «Алания»га кўчиб ўтган ярим ҳимоячи терма жамоадаги ёрқин ўйинлари билан қисқа муддатда юртдошларимиз меҳрини қозонди. Унинг ўнг қанотдаги фаоллиги кўплаб учрашувларда термамизга қўл келди. Хусусан, Тожикистонга қарши ўйинда Санжар илк голни уриб, йирик ҳисобли ғалабага йўл очиб берди.

    Усмонов Мираброр - футболимиз раҳбари, ЎФФ президенти ўтган йил аввалида термаларимизга етарли шароитлар яратиб беришга ваъда қилиб, сўзининг устидан чиқди. Бунинг натижасида жамоа-ларимизнинг кўрсаткичлари ижобий томонга ўзгарди. Умуман, Усмоновни футболимиздаги бурилиш даври асосчиларидан бири сифатида эътироф этиш ўринли.

    Футзалчиларимизда янги мураббий - бразилиялик Сержио Сапонинг юртимизни тушунарсиз тарзда тарк этишидан сўнг футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси тақдири мавҳумликка юз тутганди. Шу пайтда мутасадди раҳбарларимиз испания¬лик Мендезни жамоа бошқарувига тайинлашди. Тан олиш керак, бу ҳам муҳим воқейлик ҳисобланади.

    Хорижга йўл - Осиё чемпионатидаги муваффақиятли иштирок туфайли футболчиларимизга чет эл клубларидан таклифлар туша бошлади. Жумладан, Шавкат Муллажонов, Темур Кападзе, Александр Гейнрих, Улуғбек Бақоев, Азизбек Ҳайдаров каби ҳамюртларимиз ўз кучларини хорижда синаб кўриш имконига эга бўлишди.

    Цейтлин Владислав - элит тоифасидаги ҳакамларимиз сафи кенгаймоқда. Хусусан, Владислав Цейтлин якунланган йилда ОФК байроғи остидаги бир қатор халқаро учрашувларда муносиб ишлади.

    Чеклов легионер дарвозабонларга - терма жамоаларимизда «қўриқчи» масаласи муаммога айланганидан сўнг ПФЛ мутасаддилари махсус қарор чиқаришди. Унга кўра, 2012 йилги мавсумда клубларимиз янги легионер кипер хизматидан фойдаланишмайди. Қарор ўзини қанчалик оқлайди - буниси маълум эмас. Тортишувлар ҳамон давом этмоқда.

    Шавкат Муллажонов - ўтган йили Қатардаги ўйинлари билан айнан шу юрт клубларини қизиқтириб қолган ҳимоячи чемпионат давом этаётган палладаёқ «Ал-Аҳли» билан шартнома имзолади ва фаолиятининг янги босқичига асос солди. Асосийси, у термада тобора ишончли ўйнамоқда.

    Эрматов Равшан - бунгача Осиёда уч карра лауреат бўлган ҳакам 2011 йилда муваффақиятли юришини давом эттирди. Осиё кубоги-2011, ОЧЛ-2011 ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалларини бошқарган ҳакамимиз шунга яраша қитъада яна тенгсиз, дея эътироф этилди. Шунингдек, жаҳон ва Европанинг бир қатор сайтларида ўтказилган сўровларда ҳам Эрматов биринчи ўринга лойиқ кўрилмоқда.

    Юрий Саркисян - ўз анъаналарига содиқ қолган «ўзимизнинг Ферги» ўтган мавсумда шогирдлари ҳали кўп нарсани уддалай олишларига барчани ишонтирди. Аниқроқ айтганда, камтарона таркибга эга фарғоналиклар чемпионатни нисбатан барқарор ўтказиб, якунда 4-ўринга кўтарилишди. Албатта, бунинг бош сабабчиси Юрий Вазгеновичдир.

    Ярим финал - қитъа биринчилигида энг кутилмаган натижа ярим финал баҳсида кузатилди. Эслагимиз ҳам келмайдиган ўша учрашувда вакилларимиз ёқимсиз мағлубият аламини тотишди. Аммо ишонамизки, жамоамиз йигитлари вақти келиб «соккеруз»дан мағлубият ўчини олишади.

    Ўсмирларимиз мундиалда - футболимиз тарихида янги саҳифа очилди - ЖЧ туркумидаги илк ғалаба, гуруҳда 1-ўрин, умумжаҳон эътирофи, ёш вакилларимизга Европа клубларининг қизиқиш билан қарашлари...

    Қосимов Миржалол - футболимиз фахри нисбатан кучсизланган таркиб чемпионлик мақомини сақлаб қолиб, мураббийликда етарли тажриба тўплаганини исботлади.

    Ғанишер Холмуродов - ёш дарвозабон Мексика мундиалидаги бир нечта қийин вазиятларда жамоани муқаррар голлардан сақлаб қолди. Муҳими, Холмуродовда энди олий лигадаги дебют учрашувини ўтказиш имкони туғилмоқда. Зеро, чемпионатимизда легионер дарвозабонлар чеклови жорий қилингач, «Машъал» устози Владимир Фомичёв Ғанишерга ҳам эътибор қаратишини маълум қилди.

    Ҳакимов Темур - ниҳоят, алфавитнинг сўнгги ҳарфига етиб келдик. Кўп ўйланишлардан сўнг бу ўринга Темур Ҳакимовни лойиқ кўрдик. Зеро, ёш бўлишига қарамай, «Пахтакор»дек клубда ўйин ўтказишга улгурган, жамоадошлари билан мундиалда қаҳрамонликлар кўрсатган ва мексикалик қизларнинг суюклисига айланган Темур ҳали бундан-да ғаройиб натижаларни кўрсатишга қодир.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 592 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz