Понедельник, 06.05.2024, 03:16
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Январь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2012 » Январь » 9 » Асқар Толибжонов: «2012 йилдан умидларим катта»
    18:53
    Асқар Толибжонов: «2012 йилдан умидларим катта»



    Яқинда ЎФФ қошидаги терма жамоалар марказининг 2011 йил ҳисобидаги сўнгги йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда марказ директори Асқар Толибжонов ўтган йили барча терма жамоаларимиз олдига қўйилган вазифалар максимал даражада бажарилгани, аммо бу билан хотиржамликка берилмаслик зарурлигини уқтирганди. Таъкидлаш жоиз, терма жамоа мураббийлар кенгаши ҳар ойда йиғилиш ўтказиб, бажарилган ишлар хусусида ҳисобот бериб боради. Жорий йилда терма жамоаларимиз ва клубларимизни янада жиддий синовлар ҳамда муҳим ўйинлар кутиб турибди. Биз куни кеча федерацияда бўлиб, терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжоновдан айнан 2012 йил режалари хусусида интервью олдик.

    - Асқар ака, 2011 йил ҳам ортда қолди. Ушбу йил ўзбек футболи учун муваффақиятли келгани хусусида кўп гапирилди. Аммо энг катта синов барибир 2012 йилга тўғри келяпти. Миллий ва олимпия терма жамоаларимиз бу йил ўз олдиларига қўйилган вазифа, яъни ЖЧ-2014 ва Лондон-2012 йўлланмасини қўлга киритишлари шарт. Суҳбатимизни айнан шу мавзуда бошласак.
    - 2012 йилги мавсум учун барча терма жамоаларимизнинг иш режалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Мана бу қўлимдаги махсус кўринишдаги дастурни эртага (суҳбат 4 январь куни уюштирилган, - муал.) терма жамоа бош мураббийларига топширамиз. Эртага соат 11да марказимизнинг барча терма жамоа бош мураббийлари билан йиғилиши бор. Айнан шу йиғилишда қолган бир қатор масалалар бўйича ҳам гаплашиб оламиз. Бу қўлланмада ҳар бир терма жамоанинг йиллик иш режаси, олдига қўйилган мақсад ва вазифалари аниқ-тиниқ белгилаб берилган. Мураббийлар асосий мусобақалар бошлангунига қадар ўз ўқув-машғулот йиғинлари, тайёргарликлари ва назорат учрашувларини шу қўлланма асосида ўтказишади. Мисол тариқасида, миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2014 ҳал қилувчи 4-саралаш босқичига кўрадиган тайёргарлиги, олимпиячиларимиз олдиларида турган гуруҳнинг қолган 3та ўйинида муваффақиятли қатнашиб, Лондон-2012 йўлланмасини қўлга киритиши, 1993 ва 1996 йилда туғилган ёшлар ҳамда ўсмирларимизнинг Осиё чемпионатининг финал босқичида кўнгилдагидек иштирок этиб, ЖЧ чипталаридан бирига эгалик қилиши ва ҳоказолар ушбу қўлланмаларда қайд этилган. Маълумки, бу йилдан эътиборан 21 ёшли футболчилар ўртасида алоҳида чемпионат ўтказилади. Табиийки, бизда ҳам 1991 йилда таваллуд топган футболчилар жамоаси шакллантирилди. Бу терма жамоанинг ҳам иш режаси тайёр. Улар 28 июнь куни старт оладиган саралаш баҳсларида иштирок этишади. Шунингдек, бу йил 16 ва 19 ёшли қизлар терма жамоаси қитъа биринчилигининг саралаш босқичида қатнашишади. Футзал бўйича миллий терма жамоамиз эса май ойида бўладиган Осиё чемпионатига жиддий ҳозирлик кўриши керак. Хосе Мариа Мендез олдига ноябрь ойида ўтказиладиган ЖЧ йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун барча шароитлар муҳайё қилинади. Ногирон-ампутантлар терма жамоамизни ҳам масъулиятли мусобақалар кутиб турибди. Улар шу йил ўтказиладиган ЖЧда ўз унвонларини ҳимоя қилишлари керак. Ногирон-ампутантлар мундиалга қадар ҳам бир қатор турнирларда қатнашиб, ўз тайёргарликларини маромига етказиб боришади. Ва ниҳоят, 1998 йилда туғилган ўсмирларимиз апрель ойида Покистон мезбонлик қиладиган ОФКнинг футбол фестивалида қатнашишади. Мана шу 11 та йўналишдаги терма жамоаларимиз 2012 йилнинг ФИФА ва ОФК байроғи остида ўтказиладиган мусобақаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Февраль ойида миллий ҳамда олимпия терма жамоаларимиз расмий ўйинларда майдонга тушишади. Футзал терма жамоамиз халқаро турнирда қатнашади. Қолган барча терма жамоалар Тошкентда ўз йиғинларини ташкил этишади. Улар март ойидан бошлаб хорижга чиқишади. Энди терма жамоаларимизнинг остонада турган йиғинлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам мақсадга мувофиқ бўларди: миллий терма жамоамиз 6-14 январь кунлари пойтахтда бир ҳафталик йиғин ўтказади. 14 январь куни Қувайтга жўнаб кетамиз. 17 январь куни айнан ушбу мамлакат миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Бўлажак ўйинда аралаш таркибни майдонга туширишни мўлжаллаб турибмиз. Тожикистон билан бўлган ўйинда орттириб олинган сариқ карточкалар туфайли асосий таркибнинг бир неча футболчилари Японияга қарши учрашувни ўтказиб юборишади. Шу боисдан, Қувайт билан ўйинда Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби янги ўйинчиларни синаб кўришни мақсад қилган. Улар орасида олимпия терма жамоаси аъзолари ҳам бор. Шундан сўнг, 18-28 январь кунлари тайёргарлик БААда давом эттирилади. 18-23 январь кунлари 8та жамоа иштирокида ўтадиган халқаро турнирда иштирок этамиз. Терма жамоамиздан ташқари, «Бунёдкор» клуби ҳам Ўзбекистон номидан иштирок этади. Шунингдек, турнирда Россиянинг «Зенит», «Ростов», Донецкнинг «Шахтёр» каби клублари ҳам қатнашишади. 26 январда эса БАА миллий терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказилади ва эртаси куни Тошкентга қайтиб келинади. Кейин ҳар икки терма жамоамиз ўз йўналишларида тайёргарликни давом эттиришади. Хабарингиз бор, 5 февраль куни гуруҳ босқичининг 4-турида Австралия Тошкентда меҳмон бўлади. Режага кўра, бу ўйин «Жар» стадионида соат 20.00да бошланиши лозим. Биз шундай таклифни Австралия футбол федерациясига жўнатдик. Улардан ҳозир жавоб кутяпмиз. Шундан сўнг аниқ бир қарорга келамиз. Лекин чипталар масаласида ташкилий гуруҳ аллақачон иш бошлаб юборган. Ўйинга 10 кун қолганида чипталар сотувга чиқарилади. Ўсмирларимиз март ойида Туркияда ўз йиғинларини ўтказишади. Апрелнинг бошларида эса 1993 йилда таваллуд топган ёшлар терма жамоамиз Испанияда икки ҳафталик ўқув-йиғин машғулотларини ташкил этишади. Испаниядаги йиғин доирасида 4та ўртоқлик учрашувини ўтказиш режалаштирилган. Футзал терма жамоамиз 3 январдан пойтахтда ўз йиғинларини бошлади. 12-17 январь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро турнирда қатнашади. Февраль ойининг биринчи 10 кунлигида яна Тошкентда йиғин ўтказиш белгиланган. Кейин Мендез жамоаси Испанияга йўл олади. У ердаги бир ҳафталик йиғин доирасида 2та ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қитъа чемпионатида терма жамоамиз ажойиб ўйин намойиш этиб, вице-чемпионликни қўлга киритганди. Футзалчиларимиз ўзларининг чиройли ҳаракатлари билан «Ўзбекистон» спорт мажмуасига йиғилган минглаб ишқибозлар, телевизор орқали ўйинларни кузатган миллионлаб юртдошларимизга олам-олам қувонч улашишганди. Шундай ёрқин ўйинларни барча жамоаларимиз кўрсатишига умид боғлаб қоламан. Дарвоқе, 10 январь куни Ўзбекистон миллий ва футзал терма жамоалари ўзаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади. «Ўзбекистон» спорт мажмуасида соат 17да бошланувчи ўйин футзал қоидалари асосида ўтказилади. Ўйлайманки, футбол ишқибозлари ажойиб шоуга гувоҳ бўлишади. Шу билан бир қаторда қизлар терма жамоамиз аъзолари 20 январь куни «Чиғатой» марказида тиббий кўрикдан ўтишади. Уларнинг йиғини эса Қарши шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган.

    - Матбуотда турли ёш тоифасидаги терма жамоалар бош мураббийлари билан шартномалар узайтирилиши, айримлари билан эса бекор қилиниши ҳақида маълумотлар берилганди. Бу борада бир қарорга келиндими?
    - Ҳар бир терма жамоа билан ишлайдиган мураббийларни аниқлаб олдик. Фақат эртанги йиғилишимизда федерация раҳбари Мираброр Усмонов бу номзодларни расман тасдиқлаганларидан сўнг бу ҳақда аниқ маълумот бера оламан.

    - 20 ёшгача бўлган Ўзбекистон қизлар терма жамоасининг тақдири нима бўлди?
    - Ҳақиқатан ҳам бу ҳақда аниқ маълумот бериб ўтишимиз керак. Бу терма жамоани тарқатиб юбордик. Ҳозир янгитдан 16 ва 19 ёшли футболчилардан иборат терма жамоани шакллантирдик. Бу жамоаларга бош мураббийлар ва ёрдамчиларни тайинладик. Улар ҳам белгиланган режа асосида ўз тайёргарликларини олиб боришади.

    - 24 февраль куни Бангкок шаҳрида Таиланд терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказишимиз ҳақида маълумот берилганди. Лекин бугун тарқатилган хабарга таянадиган бўлсак, 25 февраль санасида Жанубий Корея билан ўйнар эканмиз. Шу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз...
    - Биз бир нечта футбол федерациялари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича музокаралар олиб боргандик, шу жумладан Таиланд билан ҳам. Ўша пайтда Сурия, Уммон, Эрон, Ҳиндистон федерацияларидан келиб тушган таклифлар орасида Таиландники маъқулроқ эди. Бу мамлакат футбол федерацияси билан оғзаки келишувга эришгандик. Аммо таклиф расман тасдиқланмаган эди. Шахсан мен бу шартномага имзо чекмагандим. Шунчаки, матбуотда Таиланд билан ўйин режалаштириляпти, деган гап бошқача талқин қилинган. Аниқроғи, ўйин ўтказилади, деб берилган. Шу орада Жанубий Корея федерациясидан бир нечта таклифлар келиб тушди. Корея Таиланддан кучлироқ ва Японияга ҳам яқинроқ жойлашганини инобатга олиб, бу таклифга ижобий жавоб қайтардик. Биз билан бўладиган ўртоқлик ўйини Жанубий Корея учун Қувайтга қарши ўтказиладиган ҳал қилувчи учрашув олдидан сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Терма жамоамиз учун эса мазкур ўйин сўнгги босқичга ташланадиган қуръадан олдин ФИФА рейтингидаги ўз ўрнимизни яхшилаб олиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилади. Албатта, бунинг учун Кореяни мағлубиятга учратишимиз керак бўлади. Кейин Сеулдан Токиога атиги бир соатлик йўл. Шунда ҳам Таиланд футбол федерациясига рад жавобини бермадик. Уларга режаларимизга бироз ўзгартириш киритганимиз ва кейинроқ албатта ўртоқлик ўйини ўтказишимиз мумкинлиги тўғрисида мактубни жўнатдик. Ўйлайманки, Таиланд томони қароримизни тўғри тушунади. Бир нарсадан хурсанд бўлишимиз керак, бугунга келиб биз рақиб танлай бошладик. Таклифларни бир-бири билан таққослаб, энг мақбул вариантда тўхтаяпмиз. Мана иш столим устидаги таклифларни кўряпсиз. Улар бир-биридан қизиқ. Ўтган йили 9та терма жамоамиз турли мусобақаларда қатнашди. Миллий терма жамоамиз йил давомида БАА, Қатар, Черногория, Украина, Хитой, Австрия каби давлатларда, олимпиячиларимиз Туркия, Австрия, Баҳрайн, БАА, Жанубий Корея, Австралияда, ёшларимиз Туркия, Эрон, Қатар, Австрия, ўсмирларимиз эса Қатар, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркияда ўз йиғинлари, расмий ва ўртоқлик учрашувларини ташкил этишди. Бу каби хориж йиғинлари жорий йилда ҳам ўтказилади.

    - Асқар ака, 2011 йили олиб борилган селекция ишларидан кўнглингиз тўлмаган экан. Бу йўналишдаги ислоҳотларни жонлантириш юзасидан қандай ишлар амалга оширилди?
    - Куни кеча Ислом Аҳмедов билан шартнома имзоладик. Бундан буён барча ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг селекция ишига бош мутахассис сифатида Аҳмедов масъул бўлади. Унинг қўл остида 5 нафар мутахассис фаолият юритади. Ўтган йили селекция бўлими ходимлари Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида бўлиб қайтишганди. Уларнинг асосий вазифаси ёш истеъдодларни излаб топиб, юзага чиқаришдан иборат.

    - Йил давомидаги ФИФА кунларидан қай даражада фойдаланилади?
    - Бу борада ФИФА ажратган кунлардан юз фоиз фойдаланамиз. Европанинг кўзга кўринган терма жамоалари билан музокараларни аллақачон бошлаб юборганмиз. Улар орасида номдор терма жамоалар ҳам бор. Расман аниқ бўлиши билан бу ҳақдаги маълумотни тақдим этамиз. Ютуқлар ўзимизники. Асосий эътиборни йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этишга қаратишимиз лозим. Хатоларимиз нимада эканлигини яхши биламиз. Мураббийлар билан биргаликда мавжуд нуқсонларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, терма жамоаларимиз ўйинида, футболчиларнинг фикрлашида ўзгаришлар бор.

    Айтмоқчи бўлганим, барчамиз бир оила бўлиб мақсад сари интилишимиз ва бир ёқадан бош чиқарган ҳолда олдимизда турган вазифаларни бажаришимиз лозим. Терма жамоалар маркази эса бу борада қўлидан келган барча имкониятларни ишга соляпти. Жамоаларимизнинг тайёргарлиги учун ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилган. Юқорида айтганимдек, натижа талаб қилишга тўла ҳаққимиз бор. Кейин мураббийлар масаласига ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Шу пайтгача «Чиғатой» терма жамоалар марказида мураббийлар учун турли ўқув курслари ташкил этилди. Унда Англия, Швеция, Голландия, Бельгиядан келган мутахассислар маҳаллий мураббийларимизга сабоқ беришди. Бу курсларда жами 335 нафар мураббий таҳсил олди. Бу йил ҳам бу йўналишдаги ишлар кўлами кенгайтирилади. Камида 3-4 мураббийимиз хориж клубларида малакасини ошириб келиши керак. Бу ишларга Рустам ака Акрамов масъул этиб тайинланганлар.Бир сўз билан айтганда, 2012 йилдан умидларим катта.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 520 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz