Понедельник, 06.05.2024, 12:34
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Январь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2012 » Январь » 9 » Бугуннинг гапи: Дунёнинг энг кучли футболчиси ва мураббийи кимлар?
    18:47
    Бугуннинг гапи: Дунёнинг энг кучли футболчиси ва мураббийи кимлар?



    9 январь куни, яъни бугун тунда, аниқроғи соат 23:00да бошланажак маросимда «Олтин тўп» соврини соҳиби ва жаҳон футболининг биринчи рақамли мураббийи номи эълон қилинади. Ҳозирча кўп тахминларга асосан, «Барселона»нинг икки вакили - Лионель Месси ва Хосеп Гвардио¬ланинг лауреатлик шоҳсупасига кўтарилишлари кутилмоқда. Шундай бўлсада, «ССФ» ҳар бир номинацияга даъвогарлик қилаётган учлик (Месси, Роналду, Хави ҳамда Гвардиола, Моуриньо, Фергюсон) вакилларининг устун ва заиф жиҳатларига тўхталиб ўтди.


    ФУТБОЛЧИЛАР



    Лионель МЕССИ
    24 ёшда, «Барселона» клуби ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси
    ТАРАФДОРЛАР. Аввалги январь ойида нуфузли совринни қабул қилиб олган Лео ғайрат-шижоат билан ўзига билдирилган юксак ишончни оқлашга киришди. ЕЧЛ нимчорак финалида унинг «Арсенал» дарвозасига урган голи йил якунида топ-10дан жой олди. Турнирнинг финалида энг яхши футболчи, деб топилган ҳужумчи «МЮ» дарвозасига ғалаба тўпини киритди, «плей-офф» босқичидаги голлари сони бўйича (18та) Рауль ва Шевченкога тенглашиб олди. Шунингдек, ЧЛнинг бир мавсумидаги голлари бўйича (12та) ван Нистелройни қувиб ўтди.
    Ички чемпионатда эса самарали тўп узатишлар бўйича янги рекорд (21та) ўрнатди. Бундан ташқари, Испания чемпионати тарихида қаторасига 2та мавсумда 30тадан ортиқ гол урган дастлабки футболчига айланди. Август¬нинг охирида УЕФА уни 2010-2011 йиллар мавсумининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этди.
    Янги мавсумда Лео 8та гол билан Испания суперкубогида ўрнатилган рекордни янгилади, еврокубокларда қатнашган аргентиналиклар орасида энг яхши тўпурар (54та) ва «Барселона» тарихидаги иккинчи (209та) сермаҳсул ўйинчига айланди. У ўзи қатнашган клублар ўртасидаги барча 6та турнирда гол урди ва ЖЧ (клублар ўртасида)нинг энг яхши футболчиси мақомини қўлга киритди. Мессининг маҳоратига муносиб баҳо берган Мадриднинг Marca газетаси уни примеронинг 2010-2011 йиллар мавсумидаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этди.
    ҚАРШИЛАР. ЖАР мундиали Месси учун омадсиз якунланди. 2011 йили терма жамоадаги омадсизлик давом этди. Америка кубоги турнирига мезбонлик қилган Аргентинанинг имкониятлари юқори баҳоланганди. Бироқ гуруҳ босқичини жуда суст ўтказган жамоа «плей-офф»нинг биринчи раундидаёқ Уругвайга имкониятни бой берди. Табиийки, Месси ҳам яна совринсиз қолди. Лео бундан сал аввалроқ Испания чемпионатининг сўнгги турларида «Пичичи» соврини (энг яхши тўпурар)ни асосий рақиби Роналдуга бой берганди.
    ДАРВОҚЕ. Агар Месси қаторасига учинчи марта «Олтин тўп»ни қўлга киритса, Мишель Платинининг натижасини такрорлаган бўлади. УЕФАнинг амалдаги президенти 1983-1985 йилларда нуфузли сов-ринга эгалик қилган. Франциялик футбол афсонасидан ташқари, голландиялик Марко ван Бастен ҳамда Йохан Кройфф ҳисобида ҳам 3тадан «Олтин тўп» мавжуд.

    Криштиану РОНАЛДУ
    26 ёшда, «Реал» клуби ва Португалия терма жамоаси ярим ҳимоячиси
    ТАРАФДОРЛАР. Ўз жамоаси билан совринларга эришолмаган Роналду шахсий рекордлар бўйича мақтана олади. Ўтган мавсумнинг охирида у ўз ҳисобига 6та «хет-трик» ёзиб қўйди, сўнгги турда чемпионатдаги 39-40- голларини урди. Бундай маҳсулдорликка Испанияда ҳеч ким эришолмаган. Табиийки, Европанинг «Олтин бутса»си унинг музейидан жой олди. Бу португалиялик футболчининг иккинчи бутсасидир. Кузда Роналду даст¬лабки 11та ўйинда 4 марта «хет-трик»ка эришган илк футболчига айланди. «Лион» билан ўйинда ўзининг «Реал» таркибидаги 100-голини нишонлади. Бунинг учун 105 марта майдонга тушиши етарли бўлди. Ҳозирда Криштиану 23та расмий учрашувда 25та гол урди, умуман, 2011 йил давомидаги натижаси - 52та ўйин, 53та гол. Чиндан ҳам ҳайратланарли!
    Бундан ташқари, футболчи Португалия терма жамоасининг Евро-2012га йўл олишига муносиб ҳисса қўшди. Ҳозирда унинг ҳисобида 32та гол бор. Роналдудан яхшироқ натижага фақат Паулета (47та гол) ва Эйсебио (41та) эга.
    ҚАРШИЛАР. Агарда «классико»даги омадсизлик бўлмаганида, йилни Роналду учун ўта омадли дейиш ўринли бўларди. Лекин «Барса» билан қарама-қаршиликларда у ўзини кўрсатолмаяпти. Испания кубоги финалида бош билан урган голини ҳисобга олмаганда, албатта. Айтайлик, Роналду ЧЛнинг ярим финал жавоб учрашувида Виктор Вальдес дарвозаси томон бирорта ҳам зарба беролмади! Бунақаси унинг фаолиятида камдан-кам юз беради...

    ХАВИ
    31 ёшда, «Барселона» клуби ва Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси
    ТАРАФДОРЛАР. 2010 йил Испаниянинг жаҳон кубогига сазовор бўлишида муҳим роль ўйнаган Хави «Олтин тўп»дан қуруқ қолгач, кўпчилик мутахассислар ҳайрон қолгандилар. «Нуфузли совринга Мессидан кўра Хави ҳақлироқ эди», деб ҳисоблайдиган мутасаддилар хато тузатилишидан умидворлар. 2010 йилдаги хизматлари учун, албатта. 2011 йилда эса Хави терма жамоа билан зафарли одимларни давом эттирган бўлса, «Барса» таркибида дунёнинг машҳур стадионларида шонли ғалабаларни қайд этди. Лондондан тортиб, Йокогамагача бўлган улкан ҳудуддаги миллионлаб мухлислар Хави ва унинг жамоадошлари томонидан намо¬йиш этилган фантастик ўйинлардан баҳраманд бўлишди. Йил охирида 2та асосий беллашув - «классико» ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида урган голлари фаолиятининг безаги сифатида тилга олиняпти. Терма жамоа сафида эса Евро-2012 саралаш босқичи муваффақиятли ўтишида фаол иштирок этди. Март ойида ўзининг «қизил фурия» таркибидаги юбилей-100-учрашувини нишонлади. Фақат 3 нафар футболчигина Хавидан кўпроқ ўйин ўтказган, холос. Ярим ҳимоя¬чининг жаҳон чемпионлари ўртасидаги обрў-эътибори хусусида гап бўлиши мумкин эмас. Сеск, Сильва ёки Матадек юлдузлар вақти-вақти билан захира ўриндиғидан жой олишлари мумкин. Лекин Хави эмас, ҳеч қачон!
    ҚАРШИЛАР. Футболдаги ёзилмаган қоидаларга кўра, асосан рақиблар дарвозасини ишғол этиш билан шуғулланадиган ҳужумчилар бошқаларга қараганда кўпроқ эътиборга тушадилар. Жумладан, уларнинг маҳоратларига баҳо берадиган ҳайъат аъзолари ҳам шу ақидага амал қилишади. Буни инобатга олсак, Мессидек юлдуз билан ёнма-ён тўп сурадиган Хавига уни ортда қолдириш осон эмас. Бундан ташқари, жамоатчилик Мессини футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи даражасига чиқариб қўйди. Шунингдек, Иньеста ва Фабрегас ҳам Хавига жиддий қаршилик кўрсатишга қодир. Уларнинг бири «Олтин тўп»га даъво қилиб улгурган бўлса, иккинчиси яна 1-2 йилдан кейин албатта, номзодлар орасидан жой олса керак. Бу қадар жиддий рақобат шароитида Хавига хос майдонни яхши кўра олиш қобилияти, заргарона тўп узатиш маҳоратининг ўзи ғолиблик учун етарли бўлмаслиги мумкин.



    МУРАББИЙЛАР



    Хосеп ГВАРДИОЛА
    40 ёшда, Испания, «Барселона» бош мураббийи
    ТАРАФДОРЛАР. Ортда қолган бутун бир мавсум давомида унинг жамоаси атиги 1та турнир (шунда ҳам финал баҳсида) - Испания кубогида мағлубиятга учради. Клуб миқёсидаги барча совринлар - миллий чемпионат «олтини», ЕЧЛ ва УЕФА суперкубоги ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблиги айнан Гвардиоланинг жамоасига насиб этди. Бундан ташқари, Пепнинг шогирдлари кўплаб индивидуал совринларни қўлга киритган ҳолда бола-чақалари ва набиралари учун беташвиш ҳаётга замин яратишди.
    Февраль ойида Гвардиола ўзининг «Барса»даги 100-ўйинини (мураббий сифатида, албатта) ўтказди. Шундан 79тасида унинг жамоаси ғалаба нашидасини сургани эътиборга молик. Ҳатто Йохан Кройфф ҳам ўз даврида бундай юқори натижага эришолмаган. Орадан 3 ой ўтгач, Пеп «Барса»ни дастлабки 3та мавсумда қаторасига чемпионлик шоҳсупасига олиб чиққан биринчи мураббийга айланди. Август ойида эса «блауграна» билан 12-совринни қўлга киритиб, ўзига хос рекорд ўрнатди.
    Раҳбариятни Фабрегас ва Санчесларни сотиб олишга кўндирган мураббий бу дебютантларни жамоа услубига ажойиб тарзда мослаштирди. Жуфтликни нақадар ишончли ва самарали ўйнай олишига «Сантьяго Бернабеу»даги сўнгги «классико» (3:1) яққол мисол.
    ҚАРШИЛАР. Бундай таркиб билан ҳар қайси мураббий ҳам юксак натижаларга эриша олишини Гвардиола ҳам тинмай таъкидлайди. Бу унинг ҳасадгўйларига жуда қўл келмоқда. Пепнинг янгича шароитда қандай иш тутиши ва нималарга қодир эканлиги ҳозирча номаълум. Холисона таъкидлаш жоизки, ўзи учун турли вариантларни ўрганиб чиқаётган Гвардиола тез орада Каталонияни тарк этиши мумкин. Масалан, Италияга йўл олиши ҳеч гап эмас. Каталониялик мутахассиснинг нисбатан ёш эканлиги ҳам унинг зарарига ишламоқда. Худди Андре Виллаш-Боаш каби Европанинг топ-мураббийлари орасида ёшроғи бўлган Пепни амалда синаб кўриш иштиёқида ёнаётганлар етарли. Шунингдек, 2011 йилда Туре, Кркич ва Ибрагимович каби футболчилар ўз устозлари хусусида етарлича танқидий фикрларни билдиришди. Маълумки, Пеп уларни «Барса» таркибида ушлаб қололмаган ёки буни истамаганди. Бу ҳолат мураббийнинг обрўсига обрў қўшмайди, албатта.

    Жозе МОУРИНЬО
    48 ёшда, Португалия, «Реал» бош мураббийи
    ТАРАФДОРЛАР. Жозе Моу¬риньо раҳбарлигидаги «Реал» мунтазам равишда бўлмасада, қудратли «Барса»га бас келишга уринаётган ягона жамоа. Қолаверса, ажойиб фаолияти туфайли «Беназир» тахаллусига эга бўлиб турган португалиялик мутахассис қаторасига тўртинчи миллий чемпионатда (Португалия, Англия ва Италиядан кейин) жанговор жамоа шакллантирди. 2002-2003 йиллар мавсумидан бошлаб мунтазам равишда совринларни қўлга киритиб келмоқда. Бу йил эса шогирд¬лари билан 14та ўйиндан иборат ажойиб ғалабалар сериясини қайд этди. Шунингдек, бироз ажабланарли бўлсада, «Реал» 2010-2011 йиллар мавсумида ниҳоят, ЧЛ нимчорак финал тўсиғини бартараф этди. Моуриньо эса турнир тарихида 4та жамоа («Порту», «Челси», «Интер» ва «Реал»)ни ярим финал босқичига олиб чиққан биринчи мураббий бўлди.
    «Беназир»нинг яна бир устунлиги сифатида бебаҳо тажрибага эгалиги ва ўйинчилар ҳамда раҳбарият билан ўзига хос тарзда тил топиш маҳоратини кўрсатиш мумкин. Португалиялик мутахассисни фақат азалий рақиблар тарафдорлари ёмон кўришади, «Қироллик клуби»дагилар эса уни ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам қўллаб-қувватлашади.
    ҚАРШИЛАР. Гарчи Моуриньо орт¬да қолган йилда ҳам совринсиз қолмаган бўлсада, унинг нуфузи мақтанарли даражада эмас - «Қироллик кубоги» ва чемпионлик ўртасида катта фарқ бор. «Беназир» ўз фаолиятида илк марта ўзи учун дебют мавсумда чемпионлик унвонини қўлга киритолмади. Бундан ташқари, яна бир ажойиб серияси барҳам топди - баҳор фаслида Жозе шогирдлари ўз майдонларида мағлубиятга учрадилар. «Барселона»га қарши ЧЛнинг муросасиз ярим финалидаги омадсизлик мураббийни мувозанатдан чиқарди - у учрашув ҳаками, рақиб жамоа ва УЕФА шаънига асоссиз танқидий фикрлар йўллади. Натижада 5та ўйинга дисквалификация қилиниб, 50000 евро миқдорида жаримага тортилди. «Классико» борасида яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, «Беназир» Гвардиоланинг ёрдамчиси Тито Вилановага нисбатан қўпол муомаласи билан мутасаддилар кўнглидан қолди.
    ДАРВОҚЕ. 2010 йилда ФИФА илк марта дунёнинг энг яхши мураббийи¬ни тақдирлашга қарор қилди - юксак унвон «Интер»ни Италия «А» серияси ва ЧЛда юқори шоҳсупага олиб чиққан Жозе Моуриньога насиб этди.

    Алекс ФЕРГЮСОН
    69 ёшда, Шотландия, «МЮ» бош мураббийи
    ТАРАФДОРЛАР. Мураббийлик цехининг фахрийси футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси эътирофига сазовор бўлди. Нуфузли ташкилот сэр Алексни сўнгги 15 йил ичидаги энг яхши мураббий, деб эълон қилди. Ташкилотнинг яна бир рейтинг жадвалига кўра, Фергюсон асримизнинг дастлабки 10 йиллигида 2-ўринни эгаллади. У ҳар йили бериб бориладиган овозлар сони бўйича Арсен Венгердан озгина ортда қолди.
    Англия чемпионатида 12 марта ғолиб чиққан сэр Алекс энг яхши мураббий учун таъсис этилган совринни АПЛнинг расмий ҳомийси - Barclays вакилидан ҳақли равишда қабул қилиб олди. Бу - унинг фаолиятидаги 9-шахсий мукофоти. Сэр Алекснинг жамоа фахрийлари - Пол Скоулз, ван дер Сар ва Райан Гиггзлар ўрнини кимлар эвазига тўлдириши кўпчиликни қизиқтирганлиги табиий. Мураббий Де Хеа, Жонс, Клеверли ва Уэлбек сингари ёшларга ишонч билдириб, авлодлар алмашинувидек мушкул вазифани осонликча ҳал этди.
    ҚАРШИЛАР. Фергюсоннинг спортдаги омадсизликлари сирасига ЧЛ - 2010-2011 финалидаги мағлубият («Уэмбли»да «Барселона»дан 1:3) ва янги мавсумни гуруҳ босқичидаёқ тарк этганлигини киритиш мумкин. Қолаверса, унинг шогирдлари «Манчестер дерби»сида ўз майдонларида шармандали мағлубият (1:6)ни тан олишди. Умуман, 2011 йилда сэр Алекс бир қатор учрашувлар («Ливерпуль», «Челси», «Арсенал»)да ҳакамлар билан «ади-бади» айтишиб, дисквалификацияга учради. Наҳотки, қариянинг асаблари панд бера бошлаган бўлса...

    XXI аср «Олтин тўп»лари
    Йил Лауреат

    2001 Майкл Оуэн («Ливерпуль», Англия)
    2002 Роналдо («Реал», Бразилия)
    2003 Павел Недвед («Ювентус», Чехия)
    2004 Андрей Шевченко («Милан», Италия)
    2005 Роналдиньо («Барселона», Испания)
    2006 Фабио Каннаваро («Ювентус»|«Реал», Италия)
    2007 Кака («Милан», Бразилия)
    2008 Криштиану Роналду («МЮ», Португалия)
    2009 Лионель Месси («Барселона», Аргентина)
    2010 Лионель Месси («Барселона», Аргентина)

    ҒОЛИБНИ КИМЛАР ВА ҚАНДАЙ АНИҚЛАШАДИ?
    Ўтган йилдан бошлаб 2та нуфузли соврин (France Football - «Олтин тўп» ва ФИФА - «Бриллиант тўп») ягона қилинди ва ФИФА тасарруфидаги «Олтин тўп»га айлантирилди. Янги мукофотни биринчи бўлиб Лионель Месси қўлга киритди. Ғолибни аниқлаш учун овоз бериш жараёнида ФИФАга аъзо мамлакатлар терма жамоалари бош мураббийлари, сардорлари ва журналистлар (бизниннг вакилларимиз Вадим Абрамов, Серсер Жепаров ва Григорий Ртвеладзелар бўлишди) иштирок этишади. Улар 23 нафар номзод орасидан энг яхши 3 нафарига овоз беришади. Умуман, бу жараёнда 600дан зиёд киши қатнашади. Дунёнинг энг яхши мураббий ҳам шу йўл билан аниқланади.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 860 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz