Аввал хабар қилганимиздек, "Насаф” жамоаси аъзолари 5 январь куни пойтахтимиздаги
"Золотая долина” меҳмонхонасида йиғилишди. Режага кўра, футболчилар 6-7 январь кунлари
тиббий кўрикдан ўтишди.
Янгиликлар ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, "Насаф” жамоасида охирги
бир ярим йил давомида бош мураббий лавозимида ишлаган украиналик мутахассис
Анатолий Демяненко қаршиликлар билан хайрлашишга қарор қилди.
Қаршиликлар бу мураббий бошчилигида ўз тарихида илк маротаба Ўзбекистон
миллий чемпионати кумуш медалига сазовор бўлди. Қувонарлиси, Анатолий
Васильевич бош мураббийлигида "Насаф” футболчилари ўзбек клублари тарихида
биринчи бўлиб халқаро майдонда юксак ғалабани қўлга киритишди. 2011 йилги
мавсумда Осиё футбол конфедерацияси кубогини Ватанимизга олиб келишга муваффақ
бўлдилар.
Айни пайтда мураббий Рўзиқул Бердиев қўл остида янги мавсум тараддудини
кўраётган "Насаф” жамоаси ихтиёрида йигирма беш нафар футболчи тиббий кўрикдан
ўтмоқда. Ўтган мавсумда мухлислар меҳрини қозонган украиналик дарвозабон Дмитро
Козаченко жамоани тарк этган.
Жамоа раҳбарияти дарвозабон Ғайрат Ҳасанов ("Андижон”), ярим ҳимоячи
Суҳроб Неъматов ("Бухоро”)лар билан шартномалар имзолаган.
Режага кўра, "Насаф” жамоаси 11 январь куни йиғин ўтказиш учун Дубайга
сафар қилади. Қаршиликлар икки ҳафта давомида Бирлашган Араб амирликларида
машғулотлар ўтказишади. Йиғин давомида бир қатор хориж футбол клублари билан
назорат учрашувлари ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Дубайда ўтадиган
машғулотлар чоғида мураббийлар янги легионер футболчиларни синовдан ўтказишни
мўлжаллашган.
|