Понедельник, 06.05.2024, 00:34
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Январь 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2012 » Январь » 28 » Отабек Муталхўжаев: “Бунёдкор” ҳақида қўшиқ куйладим”
    12:15
    Отабек Муталхўжаев: “Бунёдкор” ҳақида қўшиқ куйладим”


    Болалигида тўп тепмаган ўспирин бўлмаса керак. Нафақат ўзбек халқида, балки хорижда ҳам бола ҳали эсини таниб улгурмасдан тўп тепишга тушиб кетади. Кейинчалик бу кимгадир шунчаки қизиқишга, бошқасига касбга айланиб қолади. Санъаткорларимиз орасида ҳам миллионлар ўйинининг ашаддий ишқибози бор эканлиги ҳақида кўп эшитганмиз. Ўтган ҳафта ана шундай ишқибозлардан бири Отабек Муталхўжаев "FutGOL” меҳмони бўлди. Хонанда ўзининг продюсери Феруза Нодирова билан таҳририятимизга ташриф буюрди. Қуйида ажойиб суҳбатни ўқишингиз мумкин.

    - Асосан дарсларга кирмаган вақтимизда футбол ўйнардик, дея суҳбатни бошлади, ёшларимизнинг суюкли хонандаси Отабек Муталхўжаев. – Мактаблар ўртасида учрашувлар ташкил қилардик. Камина гоҳ дарвозани қўриқласам, гоҳида ҳимоячи сифатида ҳаракат қилардим. Маҳалламизда тўп тепиш фикри ҳар доим мендан чиққан. Агар футбол ўйнагим келиб қолса, ҳеч кимнинг ҳай-ҳайига қараб ўтирмасдим. Барча дўстларимни уйидан олиб чиқиб, тошлардан дарвозага қурардик-да, кўча чангитиб, тўп тепардик. Ёшликни биласиз, бола қизиққон бўлади. Учрашувлар давомида тўполон бўлиб кетарди. Кимнидир боши ёрилган, бармоқ синган пайтлар ҳам бўларди.

    - Қайси жамоалар иштирокидаги беллашувларни катта қизиқиш билан томоша қилардингиз?
    - Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги беллашувларни қолдирмасдан кўриб боришга ҳаракат қилардим. Бундан ташқари, "Пахтакор”нинг ҳам ашаддий ишқибози бўлганман. Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин ва Андрей Акопянц сингари футболчиларнинг ҳаракатларини катта завқ билан кузатардим. У вақтлар терма жамоамизнинг ҳар қандай учрашуви биз учун байрамга айланарди. Ўқишдан чиқиб, дўстларим билан тўғри стадионда йўл олардик. Жамоамизга юракдан ишқибозлик қилардик. Бақир-чақир қилиб кўнглимиздаги барча ғуборларни чиқариб юборардик. Терма жамоамиз МҲСК стадионида Тожикистонни йирик ҳисобда мағлубиятга учратган беллашувни жуда яхши эслайман.

    - Футболга шу даражада қизиқар экансиз, нега астойдил шуғулланмагансиз ёки қўллаб турадиган инсон бўлмаганми?
    - Санъатга бўлган меҳрим кучлилик қилган. Ич-ичимдан қўшиқчи бўлишни истаганман. Футбол мен учун севимли машғулот ва мароқли томоша. Футбол дунёда ҳам биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Бекорга миллионлар ўйини деб ном олмаган. Давлатни жаҳонга танитадиган спорт туридан бири айнан футболдир.

    - Тассавур қилинг, яқин оғайнингиз концерт беряпти, худди ўша куни миллий терма жамоамиз муҳим ўйинларидан бирини ўтказади. Шундай ҳолатда қандай қарор қабул қиласиз?
    - Қийин савол бўлди-ку! Иккаласи ҳам икки соат давом этса, вақт ажратиш қийин. Иложи борича иккаласига ҳам боришга ҳаракат қилардим. Концертда ярим соат бўлсам, футболни иккинчи бўлимини томоша қилардим. Чунки ўйинда кўп воқеалар асосан иккинчи таймда содир бўлади.

    - Спорт ва санъатдаги мухлисларнинг орасида қандай фарқ бор?
    - Футбол ишқибозларини Ватан учун, Юрт учун жонини берадиган инсон деб ҳисоблайман. Санъатда мухлислар бироз бошқачароқ кайфиятда бўлишади, лекин вилоятларга гастролларга чиқсак, худди футбол ихлосмандлари сингари қувватлаб туришади. Бирга қўшиқ айтиб, ҳайқиришади. Шундай мухлисларим борки, 200-300 метрли хатларни беришади.

    - Футбол ҳақида қўшиқ куйлаш режангизда борми?
    - Албатта. Яқинда "Бунёдкор” ҳақида қўшиқ ёздик. Қўшиққа клип ҳам суратга олинди. Унда асосан терма жамоа ўйинчилари кўриниш беришади.

    - Қўшиққа "Бунёдкор” раҳбарияти буюртма бердими ёки ўзингиз хоҳлаб куйлаяпсизми?
    - Биз "Бунёдкор” билан ҳамкорликда ишлаймиз. Клубда ишлайдиган ҳамкасбингиз каминанинг шахсий сайти www.otabek.uzнинг фаолиятига жавоб беради. Агар эътибор берган бўлсаларинг мен жамоанинг турли тадбирларида иштирок этаман.

    - Яқин орада Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ҳам қўшиқ куйлашингиз мумкинми?
    - Бир вақтлар Ўзбекистон деган қўшиқ ёзгандик. Концерт дастуримда ҳам куйлаганман. Футбол учрашувларига ташриф буюрсам шу қўшиқни сўрашади. Аслида бу қўшиқ футбол тўғрисида эмас, шунчаки, Ўзбекистон ҳақида. Радиони эшитган пайтларимга шунга гувоҳ бўлганманки, терма жамоамиз ёки клубларимиз ютса-ютқазса мухлислар шу қўшиққа буюртма беришган.

    - Ҳозир ҳам санъаткор дўстларингиз билан йиғилиб, футбол ўйнаб турасизларми?
    - Ҳа. Ёдгор Мирзажонов, Азиз Раметов, Шоҳруҳхон, уларнинг ижодий гуруҳи билан йиғилиб, футбол ўйнаймиз. Айтиб ўтганимдек аввал дарвозада турардим, кейин ҳимоячи вазифасида ҳаракат қила бошладим. Ҳимоячи бўлганимда ҳужумчи мендан ўтиб кетмаслиги учун имкониятим бўлганида ҳам олдинга ўтмасдим. Ўйинда боримни берардим. Ҳозирда ҳужумда тўп суряпман. (кулиб) Чунки олдинги чизиқда тўпни кутиб тураман. Қачон тўп оёғимга келиб тушса, шундагина дарвозага зарба йўллайман. Олдингидек югура олмаймаслигим туфайли ҳужумчига айландим.

    - Сизнингча, қўшиқ куйлаш қийинми ёки тўп тепиш?
    - Иккаласи ҳам ўзига яраша қийин. Қўшиқ айтиш ҳам осон эмас. Мия ва юрак астойдил ишлаши лозим. Сабаби, қўшиқ куйлаш учун салкам бировнинг қиёфасига кирасиз. Сўзларни юракдан ҳис қилган ҳолдагина, қўшиқни яхши куйлашингиз мумкин. Футболда биринчи навбатда жисмоний тайёргарлик муҳим роль ўйнайди. Тўғри, тўп тепиш учун ақл ҳам керак, аниқроғи, футбол ақллилар ўйини.

    - Яхши футболчи ҳаммага керак. Ҳаваскорлар ўртасидаги учрашувларда иқтидорли ўйинчилар талаш бўлади. Айтингчи, сизни ҳам талашиб туришадими?
    - (ўйланиб, кулиб) Бунақа вазиятлар ҳам бўлиб туради. Лекин кўпроқ мен яхши футболчиларни жамоадошимга айлантириш учун ҳаракат қиламан.

    - Февраль ойида миллий ва олимпия терма жамоамиз иккита учрашув ўтказади. Ой бошида Тошкентда Австралия меҳмон бўлса, қишнинг сўнгги кунида сафарда Япония билан ҳисоб-китоб қиламиз. Сизнингча, бу беллашувларда вакилларимизга ғалаба қозониш насиб қиладими?
    - Тошкентда Австралияни аниқ мағлуб этамиз. Бунга ишоаман. Япония билан дуранг ўйнасак ҳам хурсанд бўламан. Японларнинг аксар ўйинчилари Европанинг номдор клублари сафида ҳаракат қилади. Устига-устак, вакилларимиз сафарда тўп суришади.

    - Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа оладими? Бунга ишонасизми?
    - Ҳар доим яхши ният қиламиз. Албатта ишонаман. Мен Абрамовни кўриб тураман. Бир икки марта суҳбатлашганман ҳам. Кучли мураббий эканлигини билиш қийин эмас. У ҳам бор имкониятни ишга соляпти.

    - Ўғлингиз кучли футболчи бўлиб етишди. Унга бир йўла "Пахтакор” ҳамда "Бунёдкор”дан таклиф тушмоқда. Сиз ота сифатида қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
    - Мени болалигим "Пахтакор” билан боғлиқ. Тўғри, бугунги кунда "Бунёдкор” билан ҳамкорликда ишлаяпман, лекин ҳамкорлик ўз йўлига.

    - "Реал” билан "Барселона” ўйнаса қайси жамоага ишқибозлик қиласиз?
    - Ҳозирги кунда "Барселона”га мухлислик қиляпман. "Реал” кучли жамоа, лекин айримлар бу жамоага фақат Роналду учун ишқибозлик қилади. Ваҳоланки, футболда бир ўйинчи билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз. "Барса”ни деярли барча футболчилари менга ёқади. Футболни шунақанги ўйнашадики, қойил қоласиз. Оддий сўз билан айтганда, спектакль. Буни фақат томоша қилиш керак.

    - «Пахтакор» "Бунёдкор” жамоалари куч синашса сиз қайси томонга ўтиб ишқибозлик қиласиз?
    - Ўша куни Тошкент иккига ажралишини биламан. Менга катта фарқи йўқ. Қайси ғалаба қозонишидан қатъий назар, улар Ўзбекистоннинг жамоалари ҳисобланади. Ашаддий ишқибозлар ўша куни икки тараф бўлишади, бизга ўхшаган нейтрал мухлислар чиройли ўйин кўргиси келади.

    - Охирги марта қайси ўйинни кўриб жуда асабийлашдингиз?
    - Ўтган йили қишда Австралия бизни йирик ҳисобда мағлубиятга учратган беллашувни кўриб, жуда асабийлашдим. Ҳатто уйимдаги бир нечта жиҳозлар синиб кетди.

    - Темур Жўраев ўтказган бешинчи голни сиз қайтара олармидингиз?
    - Қайтара олардим. Чунки дарвозабонимиз ҳар биримиз қайтара олишимиз мумкин бўлган зарбани ўтказиб юборганди. Гол бўлаверганидан чарчаган дарвозабон "яна бўсин”, деди шекилли!

    - Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан футболга берилаётган эътиборга муносабатингиз?
    - Оддий мисол, бизнинг болалик давримизда битта мактабнинг стадиони бўлади. Унинг аҳволини ҳам мақтаб бўлмасди. Ўзимиз тошлардан дарвоза ясаб футбол ўйнардик. Ҳозирда футболга шунчалик эътибор бериляптики, барча туманларда чиройли майдонлар бор. Ҳукуматимиз ёшларни ҳар хил оқимларга кириб кетишининг олдини олиш мақсадида турли хил спорт иншоатларини қуриб, болаларнинг ихтиёрига топширмоқда. Натижада ўсмирларни футболга бўлган қизиқиши янада ортмоқда. Бу охир-оқибат ўзбек ёшларини катта-катта ареналарга чиқишига сабаб бўлмоқда. Бундай шароитларни қадрига етиш керак. Бизнинг давримизда бунақанги шароитлар бўлмаган. Ҳозир ҳамма имкониятлар бор, фақат булардан фойдаланиш лозим. Болалигимизда биз бундай шароитларни тассавур қила олмасдик. Ям-яшил майдон, тўри бор дарвозалар. (кулиб) Биз тўпни сал қаттиқроқ тепсак, кимнингдир хонадонига йўл оларди. Шу аҳволда ҳам тўп тепардик.

    - Ҳамкасбларингиз билан футбол ўйнаган пайтларингда қизиқ вазиятлар содир бўлганми?
    - Бундай воқеа Ёдгор Мирзажонов билан юз берганди. (кулиб) Ёдгор ака роса меҳнатвесар, югурмасдан футбол ўйнайдиган ўйинчи. Оёғига тўп келиб қолса тепади, бўлмаса бир жойда пайт пойлаб туради. Ўйинларнинг бирида кучли зарба Мирзажоновнинг қорнига тегиб, уни нокдаун ҳолатига тушуриб қўйди. Ўша вазиятни бирон бир ҳамкасбингиз суръатга олишга улгургани бемалол газетага чиқарса бўлади.
    Ўзимда шунга ўхшаш воқеалар содир бўлганди. Бир марта бурчакдан оширилаётган тўпни бош билан дарвозага йўллашга ҳаракат қилдим. Ҳаракатим бесамар чиқмади, фақат дарвозага тўпнинг ўрнига ўзим кириб кетдим.

    - Энг чиройли голингизни эслай оласизми?
    - Чиройли голимни яқин урдим. Ўзимизнинг ижодий гуруҳимиз футбол ўйнадик. Учрашувда тўпни дарвозабонинг оёқлари орасидан ўтказиб, гол урдим. Бир ойга яқин хурсанд бўлиб юрсам, гол ўтказган укахоним Отабек ака ўша куни атайлаб тўпга тегмагандим дейди. У мени хурсанд бўлишимни истаган экан.



    "FutGOL” газетаси
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 886 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz