6 январь куни украиналик мутахассис Анатолий Демяненко "Насаф” футбол
клуби билан шартномани бекор қилганидан хабарингиз бор. Қаршиликларнинг собиқ
бош мураббийи эндиликда Украина Премьер лигаси вакили "Волинь” (Луцк) жамоасида
ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Мухлисларимизни эса янги мавсумда "Насаф” жамоасини ким бошқаради, деган
савол қизиқтираётганди. 10 январь куни ишқибозлар кутаётган саволга жавоб
топилди.
Пойтахтимиздаги "Золотая долина” меҳмонхонаси спорт мажмуида машғулотлар
олиб борган "Насаф” футболчилари билан клуб раҳбарияти учрашуви бўлиб ўтди.
Унда футбол клуби раҳбарияти ва муассислар кенгаши қарорига кўра, бундан кейин
жамоага Рўзиқул Бердиев расман бош мураббий этиб тайинлангани эълон қилинди.
- Футбол клубимиз раҳбарияти томонидан менга билдирилган бу ишонч
зиммамга катта масъулият юклайди, - деди "Насаф” жамоаси бош мураббийи Рўзиқул
Бердиев. – Ўтган мавсумда жамоамиз аъзолари мухлисларни қувонтириш учун
астойдил ҳаракат қилишди. ОФК кубогини қўлга киритдик, миллий чемпионатда илк
бор кумуш медаль билан тақдирландик. Янги мавсумда ишқибозлар
футболчиларимиздан янада катта ютуқлар ва чиройли ғалабалар кутиши табиий. Шу
боис, жамоамиз билан биргаликда бизга билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил
ҳаракат қиламиз”- дейди Бердиев.
11 январь куни "Насаф” жамоаси аъзолари дастлабки хориж ўқув машғулот йиғинини
ўтказиш учун Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетди. Режага кўра, Рўзиқул
Бердиев шогирдлари Дубай шаҳрида икки ҳафта давомида машғулотлар ташкил
этишади.
"Насаф” спорт делегацияси
таркибидан ўттиз уч нафар киши жой олган. Жумладан, уларнинг йигирма уч
нафарини футболчилар ташкил этади. Рўзиқул Бердиев мазкур йиғинга йўл олган
таркибга ўтган мавсумда ёшлар лигасида тўп сурган Шоҳруҳ Гадоев ҳамда Нодир
Саноқуловларни ҳам киритган. Шунингдек, бу йилдан қаршиликлар билан майдонга
тушишга аҳд қилган дарвозабон Ғайрат Ҳасанов ("Андижон”) ҳамда ярим ҳимоячи
Суҳроб Неъматов ("Бухоро”) ҳам Дубайда мураббийлар кўрсатмаларини бажаришади.
Аммо Ўзбекистон миллий ва
олимпия терма жамоалари йиғинига жалб этилганлиги боис, Фозил Мусаев ҳамда
Кенжа Тўраевлар "Насаф” билан Бирлашган Араб Амирликларига бора олишмади.
Қуйида "Насаф” таркибида
Дубайга йўл олган ўйинчилар билан танишинг:
Дарвозабонлар – Муроджон Зуҳуров,
Ғайрат Ҳасанов, Элдор Суюнов; ҳимоячилар – Шерзод Аъзамов, Ботир Қораев, Мақсуд
Каримов, Нодир Саноқулов, Боян Малишич, Алишер Юсупов; ярим ҳимоячилар - Эркин Бойдуллаев, Суҳроб Неъматов, Жаҳонгир
Жиямуродов, Шоҳрух Гадоев, Илҳом Юнусов, Андрейс Переплёткинс, Элдор Бойматов,
Мирзакамол Камолов, Артур Геворкян; ҳужумчилар – Иван Бошкович, Азамат
Алланиёзов, Носир Отақўзиев, Илҳом Шомуродов, Шуҳратбек Мирхолдиршоев.
Ўқув машғулотлар мобайнида
"Насаф” жамоаси Дубайда Украина, Россия, БААнинг бир қатор футбол клублари
билан синов-назорат учрашувларида майдонга тушишни режалаштирган. Ҳозирча
дастлабки рақиб номи маълум. 16 январь куни қаршиликлар Харьковнинг "Металлист”
жамоаси билан куч синашадилар.
Клуб раҳбариятининг
таъкидлашларича, Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган йиғин чоғида жамоа
мураббийлар штабига хорижлик мутахассис келиб қўшилади. Шунингдек, янги
легионерлар ҳам айнан Дубайда бўладиган машғулотларда мураббийлар кўригидан
ўтишади.
|