Англиянинг "Манчестер
Сити" клуби "Атлетико"нинг 23 ёшли ҳужумчиси Серхио Агуэро билан
шартнома имзолади. "Шаҳарликлар" футболчи учун мадридликларга 40
миллион евро тўлашди. Агар Кун Англияда яхши ўйнаб кетса, яна бир неча миллион
бонус ҳам берилади.
Агуэронинг
"МанСити" билан тузган шартномаси муддати 2016 йилга қадар
белгиланди. Келишувга мувофиқ, аргентиналик футолчи Англияда ҳафтасига 205 минг
евро маош олади. Футболчи Манчестерда 16 рақам остида тўп суради.
"Шаҳарликлар"нинг янги ҳужумчиси таништирув
маросимидан кейин инглиз клубига мослашиши қийин кечмаслигидан умидвор
эканлигини айтиб ўтди.
"Сабалета менга
"Манчестер Сити" ҳақида кўп гапирган. Бу гаплардан сўнг мен
агентларимга ўша ерда бўлишни исташимни айтдим. Ҳар доим преьмер-лигада тўп
суришни орзу қилганман. Энди ажойиб жамоа сафидаман, орзуим амалга ошди.
Кўникиш билан муаммолар
бўлмайди деб ўйлайман. Бош мураббий нимани сўраса, шуни қиламан. Ишончим комил,
у мени майдонда қандай ишлатиш кераклигини яхши билади. Аминман, барчаси яхши
бўлади.
Мен авваллқри фақат Давид
Сильва ва Яя Турега қарши тўп сурганман, энди эса улар билан жамоадошман.
Шундай таркибга қўшилганимдан бахтиёрман. "Манчестер Сити" кейинги
йил жиддий совринларни қўлга кирита олишига ишонаман", - деди аргентиналик
футболчи "Манчестер Сити" расмий сайтига берган интервьюсида.
|