Вторник, 21.05.2024, 11:18
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Сентябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Сентябрь » 7 » Анзур Исмоилов: «Трансфер нархим қанчалигини билганимда, уни кенг оммага ошкор қилардим»
    08:33
    Анзур Исмоилов: «Трансфер нархим қанчалигини билганимда, уни кенг оммага ошкор қилардим»



    Осиё кубоги-2011дан сўнг хориж клубларида тўп сурувчи легионерларимиз сони сезиларли даражада ортди. Бунга терма жамоамизнинг қитъа чемпионатидаги муваффақиятли иштироки сабаб бўлганди.

    Мана, Тожикистон ва Япония термаларига қарши учрашувларга таклиф этилган футболчилар рўйхатига назар ташласангиз, унда 13 нафар легионер мақомидаги ўйинчининг исм-шарифига кўзингиз тушади. Бугунга келиб ўзбекистонлик футболчиларнинг энг катта гуруҳи Хитой чемпионатида жам бўлган. Анзур Исмоилов, Мурод Холмуҳаммедов, Камолиддин Тожиев, Элдор Магдеев ва Азиз Ибрагимовлар Чин клублари шарафини ҳимоя қилишяпти. Улардан фақатгина Магдеев ҳозирча захира ўйинчиси бўлиб қоляпти, бошқа легионерларимиз кўз тегмасин, мунтазам ўз жамоалари сафида майдонга тушиб келишяпти. Энг барқарор ўйин намойиш этаётганлардан бири шубҳасиз, «Чанчунь Ятай» клуби ҳимоячиси Анзур Исмоиловдир. Ўзбекистон миллий термаси ҳимоячиси «Чанчун»нинг етакчи футболчиси ҳисобланади. Унинг клуби Хитой чемпионатининг 21-туридан сўнг 32 очко билан турнир жадвалида 5-поғонани банд этиб турибди. Анзурнинг барқарор ўйини 7 ойлик танаффусдан сўнг Вадим Абрамов эътиборини ўзига тортди. Тажрибали ҳимоячимиз Тошкентга, терма жамоа ихтиёрига етиб келганидан фойдаланиб, у билан бафуржа, дилдан суҳбатлашдик.

    - Анзур, суҳбатимиз аввалида Хитой клубига ўтишингиз тарихи ҳақида маълумот берсангиз...

    - Қатар мамлакати мезбонлик қилган Осиё кубогидаги ўйинимни хорижлик 3-4 нафар селекционер мураббий кузатганди. Қитъа чемпионати якунланганидан сўнг кўпчилик жамоадошларим сингари менга ҳам таклифлар тушди. «Бунёдкор» раҳбарияти билан уларни обдон ўрганиб чиқдик. Якунда «Чанчунь Ятай» вариантида тўхтадик. Жамоага 1996 йили асос солинган. 2007 йили мамлакат чемпиони унвонига сазовор бўлган. 2008 ва 2010 йилларда «Ятай» ОЧЛда иштирок этади, лекин гуруҳ босқичидаёқ юришини тўхтатади. Ўтган мавсум жамоа учун омадсиз келди - 9-ўрин. Жорий йилгиси эса ҳозирча ёмон эмас. 21-турдан сўнг 32 очко билан 5-поғонада боряпмиз. Бизга нисбатан 1та кўп ўйин ўтказган «Шаньдун»да 33, «Ляонин»да 35 очко бор. Иккинчи ўриндаги «Пекин» билан ўртамиздаги фарқ 7 очкони ташкил этмоқда. Захирамиздаги ўйинда ғалаба қозонсак, бу тафовут 4тага қисқаради. Демак, бемалол совринли ўринлар учун курашсак бўлади. Тошкентга келишимдан олдин ўтказилган 21-турда Камолиддин Тожиевнинг клуби - «Жианси Сейнти»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этдик. Стадонимиз ўз бағрига 25 минг томошабинни сиғдиради. Ҳар бир уй учрашувимизга тахминан шунча мухлис тушади.

    - Клубдаги шароитлар сизни тўла қониқтирдими?

    - Бўлмасам-чи? Шундай ажойиб муҳитда тўп суриш футболчига завқ бағишлайди. Стадиондаги ҳолат, майдон чимининг аъло даражада эканлиги, клуб раҳбарларининг муносабатлари, жамоадаги ички муҳит... Ҳамма-ҳаммасидан кўнглим тўқ. Нафақат, футбол, балки бошқа спорт турларига ҳам ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилади. Шу боисдан бўлса керак, Хитой барча спорт турлари бўйича дунёда етакчилик мавқеига чиқиб олди.

    - Бош мураббий билан муносабатингиз қандай?

    - Жуда яхши. Шен Хиангфу билан орамизда ўзаро ҳурмат қарор топган. Лекин очиғини айтганда, хорижлик мутахассис бўлганида, ҳар томонлама яхшироқ эди. Катта эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилади. Машғулотларда ҳаддан зиёд кўп югурамиз. Жамоадошларим билан аҳилмиз. Мухлислар ўйиндан кейин мендан дастхат сўрашади. Хитойликлар ҳам худди бизнинг халқимиз сингари меҳмондўст ва бағрикенг эканлар.

    - Шартномангиз қанча муддатга имзоланган?

    - Икки йилга. Яна бир йили қолди. Майдонда 4-рақам остида ҳаракат қиламан. «Чанчунь» трансферимни бутунлай сотиб олди. Яъни ҳуқуқий жиҳатдан Хитой клубига тегишлиман.

    - Тил масаласида муаммолар бўлмаяптими?

    - Бошида қийналдим. Ҳозир ҳаммаси жойида.

    - Хитой таомларини аччиқ дейишади...

    - Жуда тўғри. Хайриятки, менга айнан шундай таомлар ёқади.

    - Клубнинг бошқа легионерлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

    - «Чанчун»да Жанубий Америка ва Африка вакиллари тўп суришади. Камерунлик Модест М`бами ҳимоячи, колумбиялик Йованни Арречия ҳамда бразилиялик Насименто Дорилар ҳужум чизиғи вакиллари ҳисобланишади. Радомир Кокович деган ҳимоячи ҳам бор. У асосан захирадан майдонга туширилади. 3+1 тизимининг Осиё лимитини мен тўлдирганман.

    - Жамоа олдига қандай мақсад қўйилган?

    - Келаси йилги ОЧЛ йўлланмаларидан бирини қўлга киритишимиз керак. Турнир жадвалидаги ҳозирги ҳолатимиздан келиб чиқиб гапирадиган бўлсам, бу вазифани уддалашимизга ишонаман. 20та ўйинда 2та мағлубият. Бу ёмон кўрсаткич эмас. Хитой чемпионатида энг кўп дуранг ўйнаган жамоа бўлиб турибмиз. Тўғри, 4та дурангдан 2та ғалаба яхши. Қисқаси, қимматли очколарни айнан дуранг қайд этилган учрашувларда йўқотдик. Сўнгги 3та ўйинда «Жиансу», «Шанхай Шенхуа» ва «Шеньси Чанба» клубларини мағлубиятга учратдик. Ундан аввал «Чэнду», «Шаньдун» ҳамда «Хэнань» жамоалари билан муроса йўлини танладик. Ачинарлиси, сўнгги икки клубга ўз майдонимиздаги ўйинларда очко улашдик. Афсуски, мамлакат кубоги баҳсларини ҳам муддатидан аввал тарк этдик.

    - Собиқ клубдошларингиз Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаровларнинг трансфер суммалари матбуотда ошкор қилинди. Табиийки, сизники ҳам кўпчиликни қизиқтиради. Ҳар ҳолда, Хитой клуби трансфер ҳуқуқингизни бутунлай сотиб олган...

    - Очиғи, сиз сўраётган нарсани билганимда, уни кенг оммага ошкор қилардим. Трансферим масаласида икки клуб вакиллари музокара олиб боришган. Мен фақат шахсий шартномам ҳақида биламан, холос. Афсуски, бу маълумотни ҳам тақдим этолмайман. Шартномада буни ошкор қилмаслик кўрсатилган.

    - Хитойда легионерларга кўп ҳақ тўлашадими, айтайлик, бизнинг клублар хорижликларга бераётган маошга нисбатан...?

    - Ҳа. Яхши легионер бўлса, Хитой клублари пулни аяшмайди. Мана, яқинда пешқадам «Гуанжоу» бир пайтлар Бразилиянинг энг яхши футболчиси, деб топилган Конкани ўз сафига қўшиб олиб, катта шов-шув кўтарди.

    - Сўнгги йилларда, айниқса, жорий мавсумда Хитой супер-лигасида тўп сурувчи футболчиларимиз сони сезиларли тарзда кўпайди. Бу мамлакат чемпионатининг савияси юқори эканлигидан далолат берадими ёки шунчаки, нисбатан кўпроқҳақ тўлашаётганидан?

    - Ҳар икки омил ҳам сабаб бўляпти, деб ўйлайман. Савия жиҳатидан олиб қараганда, Хитой чемпионати бироз устун. Футбол инфратузилмаси, стадионлар ва клубларнинг молиявий ҳолатлари бўйича хитойликлар устун. Стадионга ташриф буюрадиган мухлисларга яратилган шароитлар ҳам кўзни қувонтиради. Ўйинлар вақти ишқибозларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда белгиланган. Тур ўйинлари шанба ва якшанба кунлари ўтказилади. Чин юрти 3 йил олдин ёзги Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилди. Мамлакатнинг спорт салоҳияти жуда юқори. Турли спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари ташкил этиляпти. Том маънода Хитой Осиёнинг спорт пойтахтига айланган. Супер-лигада қатнашаётган 16 та клубнинг барчасида юқори савиядаги легионерлар бор. Яна бир омил фикримни яққол тасдиқлайди. Ўтган йилги чемпион бу мавсумда 3-ўринни эгаллаб турибди ва ўз унвонини деярли топширди. Амалдаги вице-чемпион эса бор-йўғи 10-поғонада. Тасаввур қилинг, «Бунёдкор», «Пахтакор» ёки «Насаф» клублари турнир жадвалининг ўрталарида юришибди. Яқин ўртада бундай бўлмаса керак. Бу уч жамоа қолганларга нисбатан анча илгарилаб кетган. Ҳамма нарса маблағга бориб тақалади. Молиявий бақувват клублар сони қанчалик кўп бўлса, чемпионат савияси шунчалик ошади.

    - Хитойдаги ватандошларимиз ҳақида қандай фикрдасиз?

    - Юқорида айтганимдек, сўнгги турда Камолиддин Тожиев жамоасини мағлуб этдик. Адашмасам, унинг клуби 8та ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келаётганди. Ҳар иккимиз майдонда тўлиқ ҳаракат қилдик. Умуман, Тожиев ёмон таассурот қолдирмаяпти. Аввалги ўйинларнинг бирида гол уришнинг уддасидан ҳам чиқди. Ундан олдин таркибида Магдеев ва Ибрагимовлар тўп сураётган жамоани доғда қолдиргандик. Азиз сафга яқинда қўшилганига қарамай, жамоасининг етакчисига айланган. Ҳисобидаги голлар сонини очишга муваффақ бўлди. Элдор эса асосан захирадан майдонга тушяпти. Мурод Холмуҳаммедов ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдира оламан.

    - Янги мавсумни янги жамоа сафида бошлаш режаси йўқми?

    - Айни пайтда етарлича таклифлар бўляпти: Жанубий Корея, бир нечта араб клублари ва Хитойнинг гранд жамоаларидан. Лекин «Чанчунь» раҳбарлари мени қўйиб юборишни исташмаяпти. Ўзимга қолса, нисбатан кучлироқ чемпионатда имкониятларимни синаб кўрардим.

    - Хитой чемпионатида ҳам биздаги каби тур ўйинлари муддатини кўчиравериш одати борми?

    - Унчалик эмас. Фақат ўта зарур пайтларда ўйин муддатини ўзгартиришади. Мисол учун, яқинда Мадриднинг «Реал» клуби Хитойда бўлганида, «Гуанжоу» билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Шу муносабат билан гуанжоуликларнинг айнан бизга қарши ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди.

    - «Қироллик клуби» иштирокидаги ўйинни бевосита стадионда кўриш имконияти бўлдими?

    - Йўқ- ўша пайтда биз бошқа шаҳарда эдик. Хитой ҳудуди жиҳатидан жуда катта мамлакат. Бошқа шаҳарга бориш учун 3-4 соат вақт кетади. Мазкур ўйинга бағишланган кўрсатувни томоша қилиш орқали муайян тасаввурга эга бўлдим.

    - Ортга қачон қайтишни режалаштиряпсиз?

    - 6 сентябрь куни Япония термасига қарши ўйиндан сўнг қайтаман. 10 сентябрда навбатдаги тур ўйинида майдонга тушишимиз керак. Сафарда «Ханжоу» меҳмони бўламиз. Кейин 14 сентябрь куни ўз майдонимизда турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турган «Пекин»ни қабул қиламиз. Орадан уч кун ўтиб карвонбоши «Гуанжоу» билан ҳам ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ҳисоб-китоб қиламиз. Шу 3 ўйин жуда муҳим саналади ва қайсидир маънода бу йилги тақдиримизни белгилаб беради.

    - Хитойда болалар футболига эътибор қандай?

    - Ҳар бир клуб қошида болалар академиялари фаолият юритяпти. Лекин араб мамлакатларидан фарқли равишда, болалар билан маҳаллий мутахассислар шуғулланишади. Клубларнинг деярли 80 фоизида эса хорижлик мутахассислар ишлашади. Бундан 3-4 йил олдин Хитой футболида пасайиш кузатилаётганди. Аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарди. Эсингизда бўлса, Осиё кубоги-2011 гуруҳ босқичида Хитой терма жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагандик. Ўша учрашувда хитойликлар жуда чиройли ва тартибли ўйин намойиш этишганди. Бу мамлакат терма жамоаси ЖЧ-2014 йўлланмаларидан бирига даъвогарлик қилишига шубҳа йўқ.

    - Анзур, энди бевосита миллий терма жамоамиз хусусида суҳбатлашсак. Қисқа муддатли танаффусдан сўнг яна жамоа таркибига жалб этилдингиз. Умуман, гуруҳимиз борасида қандай фикрдасиз?

    - Бир томондан, Сурия четлатилмаганида яхшироқмиди, деб ўйлаб қоламан. Негаки, ушбу жамоа гуруҳдаги асосий рақибларимиз - Япония ва КХДРдан очко тортиб олиши мумкин эди. Тожикистон термаси эса бу ишни уддалай олмаса керак. Тўғри, ҳозир кўпчилик сўнгги жаҳон чемпионатининг икки иштирокчиси - Япония ва КХДРнинг имкониятларини юқори баҳоламоқда. Уларга ҳурматимиз баланд. Аммо рақибларимиздан ҳеч бир жиҳатдан ортда эмасмиз. Чиройли ғалабаларимиз билан халқимизга қувонч улашиш бош мақсадимиз бўлиб қолади. Вадим Абрамов ҳам рақибларга «сюрприз»лар ҳозирлаб қўйган, хусусан, японларга. 6 сентябрь куни «Пахтакор» стадионига ҳар қачонгидан кўп мухлис келишига ишонаман. Айтиш жоиз, ҳам-юртларимизнинг қўллаб-қувватлашлари биз учун жуда муҳим.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Интервью | Просмотров: 537 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz