Ўзбекистон аёллар мини ва пляж футболи ассоциациясининг етакчи
мутахассиси Алишер Файзиев 15-17 июль кунлари Германиянинг Франкфурт шаҳрида
ФИФАнинг аёллар футболи бўйича ташкил этилган илмий кенгашда Ўзбекистон номидан
иштирок этиб қайтди.
"Аёллар футболига бағишланган
ФИФАнинг илмий кенгаш йиғилиши 4 йилда бир маротаба ўтказилади. Бу тартиб
бўйича бешинчиси ҳисобланади. Унда ФИФАга аъзо 208та давлатдан вакиллар
қатнашди ва турли фикрлар ҳамда таклифлар билан нутқ сўзлашди. Шахсан ФИФА
президенти Зепп Блаттер ҳам қатнашди. Умуман олганда, гап асосан аёллар
футболининг структураси, жамиятда аёллар футболининг тутган ўрни, оммавий
ахборот воситаларида аёллар футболининг тарғиботи, аёллар футболига ёрдам
кўрсатиш дастури каби кўплаб масалалари кўриб чиқилди”, - деди Файзиев.
Таъкидлаш лозимки, Алишер Файзиев Германияда бўлиб ўтган аёллар
ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг финал учрашувини бевосита стадионда ўтириб
кузатишга муваффақ бўлди. Унда Япония терма жамоаси АҚШ устидан ўйиндан кейинги
пенальтилар сериясида ғалаба қозонди.
|