Воскресенье, 05.05.2024, 13:23
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Июль » 15 » Игнатий Нестеров: «Дарвозамга гол уришни жуда исташади»
    11:57
    Игнатий Нестеров: «Дарвозамга гол уришни жуда исташади»


    Ўзбекистонлик дарвозабонлар ҳақида гап кетганда, биринчи бўлиб Игнатий Нестеров тилга олинади. Миллий терма жамоамизнинг тенги йўқ посбонининг майдондаги хатти-ҳаракатлари ҳақида етарлича тасаввурга эгамиз, унинг маҳорати барчага маълум. Бироқ Игнатий ҳаётда қандай инсон, унинг қизиқишлари нималарга қаратилган, умуман Нестеровнинг ички ва ташқи дунёси қандайлиги кўпчиликни қизиқтириши аниқ. Сезганингиздек, бугунги меҳмонимиз Тошкентнинг "Бунёдкор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров.

    — Аввало, дарвозабонликни танлашингизга нима туртки бўлганини айтиб берсангиз?
    — Ёшлигимда "Старт” стадионида шуғулланардим. Мен ўйнаган жамоа кўпинча мағлубиятга учрарди. Ўзим эса гол уришни уддалай олмасдим. Бир сафар 5:0 ҳисобида ютқаздик. Ўша ўйинда гол ура олмаганим учун жаҳлим чиқди, аксига олиб дарвозабонимиз ўз постини яхши қўриқлай олмади. Ўшанда қўлимга қўлқоп олиб, дарвозада турдим. 3-4 вазиятда тўпнинг дарвозага киришига йўл қўймадим. Ҳаракатларимни четда кузатиб турган мураббийим эртаси кундан бошлаб мени айнан шу чизиққа мослаштира бошлади. Шу-шу дарвозабонман.

    — Демак, футболга ҳужумчи сифатида кириб келгансиз...
    — Ҳа, шундай.

    — Дарвозабон қандай хислатга эга бўлиши керак?
    — Чаққон, юқорига сакрай олувчи, тўпни бир уринишдаёқ ушловчи, реакцияси кучли ва диққатли бўлиши лозим. дарвозабонларни "ярим жамоа” деб аташлари бежиз эмас. Майдондаги футболчиларнинг, айниқса ҳимоячиларнинг жойлашувини тартибли бўлишида бош вазифани бажаради. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, дарвозабон бўлаётган ўйинни "ўқий” олиши ва керак пайтда зарур қарор чиқариши лозим.

    — Оғир-босиқлик, қизиқувчанлик ёки совуққонлик ҳам дарвозабонлар учун керакли хислатми?
    — Мен эҳтиросларга берилувчи инсонман. Майдонга чиққанимда бутун вужудим билан футболга бериламан. Мунтазам равишда "рақибни умуман яқинлаштирмаслик, зарба беришга имконият бермаслик керак” деб ҳимоячиларимизга гапириб тураман.

    — Сизнингча, майдонда тўп тепувчи футболчи билан дарвозабоннинг фарқи нимада?
    — Футболчи ҳам, дарвозабон ҳам ўз жамоасининг муваффақияти учун бор кучини беради. Иккаласининг вазифаси бир-бирига боғлиқ. Кимдир дарвозабонларга осон, улар зарбаларни қайтаришади, холос, футболчилар эса кўп югуришади, деб гапиради. Шуни аниқ айта оламанки, ҳар иккисига ҳам осон эмас. Биз дарвозабонлар ўйинда кам ҳаракат қилсак-да, машғулотлар жараёнида футболчиларга қараганда анча кўп куч сарфлаймиз.

    Дарвозабон ўйин пайтида 2-3 та вазифадагина кўриниши мумкин. Бироқ биргина хато оқибатида бутун жамоага панд бериб қўйиш ҳеч гап эмас. Шу боисдан ҳам машғулотларда дарвозабонларнинг меҳнати анчайин оғир бўлади.

    — Профессионал фаолиятингиз давомида энг кўп гол ўтказиб юборган ўйинни эслай оласизми?
    — Ҳа, эслайман. Олимпия терма жамоаси билан Эронга борганимизда ўз постимдан олтита гол қўйиб юборгандим.

    — Гол ўтказиб юборган учрашувларингизни дарров унутиб юборасизми? Умуман кейинги учрашувгача ўзингизни қандай тайёрлайсиз?
    — Ҳар бир инсон битта нарсани яхши тушуниши керак. Ҳар ким ҳато қилади – ҳаётда идеал, нуқсонсиз инсон йўқ. Ҳаёт тўхтаб қолмайди. Олдинга, келажакка ва навбатдаги учрашувларга умид билан қараш зарур. Ана ўшандагина ўсиш бўлади. Шахсан мен ўтган учрашувни дарров унутиб, олдиндагисига тайёрлана бошлайман. Камчиликларим устида ишлаб, уларни бартараф этишга ҳаракат қиламан.

    — "Бунёдкор”да пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритгудек бўлсангиз, "нуқта”га яқинлашармидингиз?
    — Яқинда таваллуд айёмимни "Бухоро”га қарши ўйинда нишонладим. Шу куни пенальти бўлиб қолса, уни ўзим амалга ошираман, деб ният қилгандим. Афсуски, рақиб ҳимоячилари 11 метрлик жарима зарбаси бўлишига йўл қўйишмади (кулади).

    — Сиз ўзингизни омадлиман деб ҳисоблайсизми?
    — Билмадим. Шуниси аниқки, омадсиз эмасман. Иқтидори юқори бўлган шундай ўйинчилар борки, улар кўп меҳнат қилмасдан машҳурлик чўққисига чиқишган. Ана уларни омадли деса бўлади. Тўғри, мен бирон нарсага осонлик билан эришишни истамайман. Меҳнатсеварлик билан ҳаёт кечириш ўзимга жуда-жуда ёқади.

    — Одатда, футболчилар энг чиройли голларини эслаб юришади. Дарвозабонлар-чи?
    — Албатта, мен ҳам севимлиларини эслайман.

    — Мамлакатимизда қайси футболчининг зарбаларидан чўчийсиз ёки бирон бир ҳужумчининг ҳаракатларидан ҳайиқиб турасиз?
    — Ҳар бир рақибни ҳурмат қиламан. Хоҳ у аутсайдер бўлсин, хоҳ у гранд. Менга фарқи йўқ. Менинг вазифам – дарвозам дахлсизлигини сақлаш. Шундай экан, қандай рақибга қарши ўйнашимдан қатъи назар, ўз постимдан гол қўйиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Кўп ўйинчилар "Бунёдкор”га, хусусан менга гол уришни жуда-жуда исташади. Тўғри, жудаям камдан-кам ҳоллардагина рақибларга бу бахт насиб этади.

    — Айни пайтда жуда кўплаб футболчиларимиз хориж чемпионатларида фаолиятини давом эттиришмоқда. Сизда хориж клублари шарафини ҳимоя қилиш вақти келмадими? Чет эл клубларидан таклифлар бўлганми?
    — Украина ва Россия клубларидан қизиқишлар бўлган. Лекин жиддий таклифлар тушмаган. Одатда, дарвозабонларнинг хориж клублари шарафини ҳимоя қилиш имкониятлари камроқ, деб ҳисоблайман. Айниқса, Осиёда бу қийин масала.

    — Ўз дарвозангиз дахлсизлигини сақласангиз-у, ҳужумчилар гол ура олишмаса... Анқироғи, учрашув 0:0 ҳисобида якунланса, олдинги чизиқ вакилларига эътироз билдирасизми?
    — Йўқ, ҳеч кимни койимайман. Аксинча, "Бугун омадинг келмаган бўлса, кейинги учрашувда албатта гол урасан”, деб кайфиятини кўтараман. Ҳар доим ҳам гол ураверадиган ҳужумчилар кам.

    — Машҳурлигингиз кўп жойларда қўл келадими?
    — Ҳа. Оилавий масалаларда у-бу нарсани ҳал қилаётганимизда, "Ие, бу Нестеров-ку!” деб ёрдам қилиб юборишади. Очиғини айтсам, бундай пайтларда уялиб кетаман.

    — Оилангиз билан шаҳар айланишга чиққанингизда мухлислар олдингизга келавериб, безовта қилишмайдими?
    — Мана шу нарса мени қийнайди. Оила билан сайр қилсам, бор эътиборимни рафиқамга ва фарзандларимга қаратаман. Уларни хурсанд қилиш учун ҳар нарсага тайёр юраман. Шундай пайтларда мухлислар ёнимга келиб, дастхат қўйиб беришимни ёки расмга тушишимни сўрашади. Бир ўзим бўлган чоғларимда ҳар қанча дастхат қўйишга ва расмга тушишга бемалол вақт ажрата оламан. Бироқ ёнимда фарзандларим ва рафиқам бўлишганида, иложи борича чалғимасликка ва оиламнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиламан.

    — Машҳур бўлишнинг ёқимли томонлари кўп. Ёқимсиз томонлари ҳам бўлиб турадими?
    — Ҳа, бор. Ёқимсиз томони шуки, фақат ўз хонадонингдагина эркин яшайсан. Ташқарида эса доимо назоратда юришга тўғри келади.

    — Энг гуллаган даврингиз ҳозирги кунларингизми ёки улар ҳали олдинда деб ўйлайсизми?
    — Ҳар куни эрта тонгда турганимда, бу ёруғ оламда яшаётганимга шукур қиламан. Соғ-саломат эканман, ҳали ёрқин фаолиятим олдинда, деб ўйлайман.

    — "12” рақами сизга ниманидир англатадими?
    — Бу рақам аслида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Фаолиятим бошида шу рақамда ўйнашни бошлаганман ва саккиз йилга яқин эгнимда "12” рақам бўлди.

    — Қайси жамоа дарвозасини қўриқлашни орзу қиласиз?
    — (узоқ ўйланиб туриб) Билмадим. Ҳозир "Бунёдкор” аъзосиман. Бу жамоа аъзоси бўлиш ҳам ҳар кимга насиб қилавермайди.

    — Фаолиятингиз давомида сиз билан осон тил топишган ҳимоячилар кимлар?
    — Фаолиятим мобайнида ёнимда кўпинча тажрибали ҳимоячилар бўлишган. Ашурматов-Гочгулиев тандеми менга кўпроқ ёққан. Қайсидир йили ўн бир учрашувда тўп ўтказиб юбормагандим. Ана ўшанда мана шу ҳимоячилар ишимни осонлаштиришарди.

    — Ғолиб бўлиш осон, ғолибликни сақлаб туриш қийин, дейишади. Нима деб ўйлайсиз, "Бунёдкор” мавсум охиригача чемпионлик унвонини сақлаб қола оладими?
    — Ҳеч бир мавсум осон ўтмаган – ўзига яраша қийинчиликлари бор. Биринчи давра охири ва иккинчи давра бошини яхши ўтказиб олсак, у ёғига таъқибчиларимизни яқинлаштирмасликка ҳаракат қиламиз.

    — Бугун бўлиб ўтадиган пойтахт дербиси олдидан нималар дея оласиз?
    — Бу ўйинни нафақат Тошкент аҳли, балки мамлакатимизда футболга қизиқувчи ҳар бир мухлис кутиб яшайди. Халқ учун байрамга айланувчи баҳс, десам муболаға бўлмаса керак. "Пахтакор” ҳар қандай таркиб билан ўйнаса-да, ўз анъаналарига эга бўлган клуб. Уларни ҳурмат қилган ҳолда майдонга тушамиз. "Бунёдкор”га осон бўлади деёлмайман. Чунки биз меҳмонда ўйнаймиз.

    — Сиз билан суҳбатлашмоқчилигимни эшитган ашаддий мухлисларингиз ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб беришни илтимос қилишди.
    — Марҳамат.

    — Мансур Акбаржон ўғли, ўқувчи: — Бразилиянинг "Сан Пауло” клуби дврвозабони Рожарио Сенна рақиблар дарвозасига 100 дан ортиқ маротаба гол урган. Сизда ҳам шундай имкониятлар бўлганми?
    — Ҳа, бўлган. Фаолиятимни энди-энди бошлаган чоғларимда 2-лигада "Давр-Локомотив” клуби сафида штатли пенальтичи бўлганман. Яқинда ҳам Наманганда "Навбаҳор” дарвозасига пенальтидан тўп киритдим. Ёшлар терма жамоаси сафида Непал дарвозасига ҳам 11 метрлик нуқтадан тўп киритгандим.

    Жавлон Эшбоев, журналист: — Сизни Мадриднинг "Реал” дарвозабони Икерь Касильясга қиёслашади. Ўзингизга ҳам айтишганми?
    — Ҳа, айтиб туришади. Лекин мен бундай гап-сўзларга эътибор қаратмасликка ҳаракат қиламан. Мен Игнатий Нестеровман ва шу номда машҳур бўлишни истайман.

    Муроджон Яхёев, талаба: — Қайси дарвозабонни кумир деб биласиз ёки кимнинг ҳаракатлари сизга ёқади?
    — Аниқ бир посбонни ёқтираман дея олмайман. Жуда кўп ўйинларни томоша қиламан. Ким ўз дарвозасини яхши қўриқласа ва яхши «сейв»лар қилса, ана ўшандан ўрганишга, ўзим учун керакли жойларини ўзлаштиришга ҳаракат қиламан.

    — Суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур. Фаолиятингизга омад!

    БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:

    Уйланган. Рафиқаси - Злата. Уч нафар қизи бор – Милена, Ева ва Мишель.

    Туғилган санаси: 20.06.1983
    Туғилган жойи: Тошкент шаҳри
    Амплуаси: Дарвозабон
    Рақами: Терма жамоада "12”, "Бунёдкор”да "1”
    Бўйи: 183 см
    Ўзбекистоннинг 8 карра чемпиони, 7 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби, Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалчиси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги кубоги соҳиби.

    Баҳодир МИРЗАЕВ суҳбатлашди
    www.darakchi.uz
    Просмотров: 523 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz