Воскресенье, 05.05.2024, 20:33
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Июль » 30 » Илҳом Суюнов: Андижондаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлаймиз!
    14:35
    Илҳом Суюнов: Андижондаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлаймиз!


    Давралар оралиғи ўз якунига етиб, 2-давра ўйинлари ҳам бошланиш арафасида турибди. Бугун мамлакатмизнинг 5 та стадионида 14-тур ўйинларига старт берилади. Мазкур турда ҳам ўзига хос қизиқарли ва мухлисларбоп ўйинлар бўлиб ўтади. Фарғонада Ю.Саркисян шогирдлари "водий дербиси"да Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасини қабул қилса, яна бир қизиқарли беллашув "Пахтакор" марказий стадионида маҳаллий "Пахтакор" ҳамда Андижоннинг "Андижон" клублари ўртасида бўлиб ўтади.

    Фурсатдан фойдаланиб, "Пахтакор"-"Андижон" учрашуви олдидан, жамоанинг иккинчи сардори ва содиқ ўйинчиси И.Суюнов билан бўлажак баҳс ҳақида гаплашишга муваффақ бўлдик. И.Суюновнинг журналистлар билан камдан-кам мулоқатга киришишини (интервью беришга хуши йўқ) инобатга олиб, турли хил саволларимизга жавоб олишга қарор қилдик. Марҳамат, қўйидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз!

    - Илҳом, аҳволлар яхшими, кайфиятлар қалай?
    - Яхши раҳмат, ҳаммаси аъло даражада!

    - "Андижон"га қарши ўйин билан 2-давра ўйинларига старт берилади. Жамоа сардори сифатида (Б.Миладиновичдан кейин), ўйинчиларнинг кайфияти, таркибдаги ўзгаришлар ва умуман давралар оралиғидаги машғулотлар ҳақида нима дейсиз?
    - 2-даврага тайёргарликни мураббийларимиз томонидан олдиндан ишлаб чикарилган махсус режа асосида Чимён тоғ ён бағрлари ва Қибрайдаги базамизда олиб бордик, асосий эътибор жисмоний тайёргарликни оширишга қаратилди. Чунки, ҳал қилувчи паллада жисмонан етук бўлиш исталган жамоага наф келтиради. Йигитларни кайфиятлари аъло даражада! Жамоадаги ўзгаришлар ҳақида тўхталадиган бўлсам, ҳимоячиларимиз К.Тожиев ва М.Ҳолмуҳаммедовларни Хитойга йўл олганини ҳамда легионер ҳужумчимиз Д.Савич шартномаси тугаганлиги муносабати билан жамоани тарк этганлигини айтиб ўтишим мумкин. Ўз навбатида, биринчи даврада жароҳати туфайли учрашувларда майдонга туша олмаган ўйинчиларимиз Ф.Тожиев ва Ғ.Уруновларни сафга қайтишди. Фарҳод ҳозирда асосий таркиб билан тўлиқ машғулотларда иштирок этаётган бўлса, Ғулом индивидуал машқларга киришди. Умид қиламиз, у ҳам тез орада асосий таркиб машғулотларига қўшилади.

    - 2-давранинг биринчи баҳсида "Андижон"га қарши майдонга чиқасизлар. 1-даврадаги охирги сафар беллашувида айнан "бургутлар"дан мағлуб бўлгандинглар. Ўша ўйин ва бўлажак беллашув ҳақидаги фикрларингиз?
    - Андижонда бўлиб ўтган беллашувни эсласам, ҳалигача қандай қилиб ғалаба қозона олмаганимизни тушуна олмайман. Чунки, ўша баҳсда тўлиқ устунлик биз томонда эди. Айниқса, 2-таймда рақиб ўйинчиларини ўз жарима майдонига қамаб қўйгандик. Лекин, яратилган вазиятлардан ҳа деганда фойдалана олмадик. Биргина Ф.Тожиевни ўзида 2-3 та 100% лик имконият бўлганди. Айнан, мана шу омил, яъни қулай вазиятлардан фойдалана олмаслик, охир оқибат бизга қимматга тушди. Бундан ташқари, ўша куни ҳакамлар ҳам иккинчи бўлимда киритган "тоза" голимизни инобатга олмай, қайсидир маънода руҳиятимизга таъсир кўрсатди. Хуллас у эмас, бу эмас, ўша куни биздан омад юз угирди ва муҳим очколардан маҳрум бўлдик.
    Энди бўлажак ўйинда "Андижон"дан ҳар томонлама устун эканлигимизни ва содиқ мухлисларимизга сафардаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлаш учун майдонга тушамиз. Жамоадаги бошқа шерикларим ҳам худди шу кайфиятда майдонда саф тортади.

    - Келинг энди бошқа нарсалар ҳақида ҳам гаплашайлик. 1-даврада Б.Миладинович жароҳат олганлиги туфайли, кўплаб ўйинларда жамоани сардор сифатида майдонга олиб тушдингиз. Майдонда қизиққонлигингизни инобатга олсак, бу маъсулиятни қандай қабул қилдингиз?
    - Майдонда қизиққонлигим бор гап, чунки ўйин бошлангач бутун вужудим билан унинг ичига шўнғиб кетаман. Стадион ташқарисида эса бутунлай бошқа одамга айланаман, демоқчиманки қизиққонлигимдан асар ҳам қолмайди. Ҳақиқатдан ҳам сардорлик ўта маъсулиятли вазифа ҳисобланади. Мураббийларимиз ишонч билдириб шу вазифани менга юклашди, ўз навбатида мен ҳам шунга муносиб тарзда ҳаракат қила бошладим. Сардорлик – бу ўйинга, қўлингга махсус боғич боғлаб тушишгина эмас. Биласиз, жамоамиз таркиби олий лигамиздаги энг ёш таркиб ҳисобланади. Ишонинг, истеъдодли ва ҳаракатчан ёшларга бош бўлиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, кези келганда койиш ҳам анча мураккаб ҳисобланади. Сардор бўлиб айнан шу қийин маъсулиятни ҳис қила бошладим.

    - Бугунги кунда "шерлар"нинг энг тажрибали ўйинчиларидан бири ҳисобланасиз. Ўз вақтида "Бунёдкор" жамоаси "Пахтакор"нинг бир нечта тажрибали ва маҳоратли ўйинчиларига қизиқиш билдириб, ўз таркибига жалб эта олганлигини биламиз. Сизга ҳам......
    - Бўлди, саволингизни тушундим. Ҳа менга ҳам "Бунёдкор" жамоаси томонидан қизиқиш билдирилган, лекин биласизми, бундай паллаларда якуний қарор қабул қилиш жудаям оғир бўлади. Айниқса, таклиф этилаётган жамоангиз, ҳозирги клубингизнинг энг принципиал ва асосий рақиби бўлса. "Пахтакор"га келган кунимдан бошлаб, бу жамоанинг бир бўлаги бўлишга ҳаракат қилганман. Шу маънода жамоа тизимида фаолият кўрсатаётган жамики ходимлар, жамоанинг ашаддий ва доимий ишқибозлари билан ҳам дўст тутиниб, ака-ука даражасига чиққанмиз. "Бунёдкор"га ўтишим, айниқса, "Пахтакор" мухлисларига жудаям қаттиқ таъсир этишини сезардим ва уларга бундай "жароҳат" етказишни истамадим. Ахир биз футболчилар майдонда айнан ўша мухлислар учун тўп тепамиз. Қисқа қилиб айтганда, "Пахтакор" мухлислари ҳурмати туфайлигина "Бунёдкор"га ўтмаганман ва бугунги кунда ўшанда тўғри қарор қабул қилганимни англаб етаяпман. Менсиз ҳам "Бунёдкор"да маҳоратли ижрочилар етарли, лекин бугунги "Пахтакор"га менинг ҳизматларим ҳар қачонгиданда кўпроқ кераклигини ҳис қилаяпман ва шонли жамоанинг бир бўлаги эканлигимдан ҳар доим фахрланаман.

    - Ҳимояда анча ишончли ўйнасангизда, сўнгги пайтларда терма жамоа таркибида кўринмаяпсиз. Бунга муносабатингиз?
    - Футболчининг иши майдонда мураббийлар томонидан берилган вазифани адо этиш ва жамоаси ғалабасига ўз ҳиссасини қўшишдан иборат. Терма жамоага кимни таклиф қилиш эса мураббийларнинг қараши ва муносабатига боғлиқ. Балки, В.Карленовични тактик схемаларига тўғри келмаётгандирман, балки бошқа сабаблар бордир. Хуллас, буниси менга қоронғу. Лекин, бир нарсани аниқ биламанки, терма жамоа чақирувига ҳар қандай ҳолатда ҳам, доимо лаббай деб жавоб беришга тайёрман. Ахир миллатимиз термасида фаолият олиб бориш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Терма жамоага муносиблигимни эса майдондаги ҳаракатларим билан исботлашга ҳаракат қиламан.

    - Таркиби сезиларли тарзда ёшарган "Пахтакор"да, ёшлар билан бирга тўп тепиш сизга қийинчилик туғдирмаяптими?
    - Асло. Жамоамизда ёшлар билан ишлаш механизми тўғри йўлга қўйилган. Айнан шу туфайли мамлакатимизнинг исталган терма жамоаси таркибининг асосини "Пахтакор" тарбияланувчилари ташкил этмоқда. "Пахтакор" ўз тарбияланувчиларига имкон беришдан чўчимайди. Оддий мисол, бу йилги чемпионатнинг ўзида жамоа таркибида Н.Рибкин, А.Махсаталиев, И.Сергеев, Е.Кримец, Т.Абдуҳолиқов каби футболчилар олий лигада дебют ўтказишмоқда. Энди айтингчи, "Пахтакор"дан бошқа қайси жамоа бир мавсумда шунча ўйинчига элитада дебют қилиш имкониятини берди. Менимча бундай жамоа йўқ. Жамоадошларимнинг аксар қисми ёш бўлсада, улар ҳам профессионал футболчи ҳисобланади. Шундай экан, ўз вазифасига сидқидилдан ёндошадиган йигитлар билан ишлаш мароқли. Уларга камчилигини ўз вақтида кўрсатиб, тўғри маслаҳат бериш, ютуқларини муносиб баҳолаш ҳам ўзига хос шараф ҳисобланади. Бу борада "Пахтакор" тутаётган йўл жудаям тўғри ҳисобланади. Жамоа бугунданоқ келажакка тамал тошини қўймоқда ва мен буни қўллаб-қувватлайман.

    - Чемпионатимиз савияси ҳақидаги фикрингиз?
    - Бу каби саволлар ҳар йили таҳлил қилинади. Чемпионатимиз савияси борасидаги муносабатим қўйидагича. Умуман олганда секин асталик билан чемпионатимизда қисман бўлсада ўсиш кўзга ташланмоқда. Буни биргина чемпионлик учун курашга бу йилдан "Насаф" жамоасини ҳам қўшилганлигида кўришимиз мумкин. Олдинги йилларда эса олтин медал учун фақат "Пахтакор" ва "Бунёдкор" жамоаларининг курашига гувоҳ бўлганмиз. Лекин, яна бир нарсани ҳам инобатла олиш зарур. Чемпионатимиз 2 бўлиниб қолган. Санаб ўтган уч клубимдан ташқари ҳеч бир жамоа чемпионликка реал давъвогарлик қила олмайди. Турнир жадвалидаги 4-ўринда жойлашган жамоа билан 14-ўриндагисининг савияси деярли бир хил. Айнан шу оралиқдаги жамоаларнинг якунда қандай натижа қайд этишини ҳеч ким айтиб бера олмайди. Бу албатта яхши. Лекин, истардимки чемпионлик баҳсида ҳам худди шундай тенглик юзага келса ва олтин медаль соҳиби фақатгина сўнгги тур беллашувлари натижасига кўра ҳал этилса. Афсуски, ҳозир бизда бундай эмас. Совринли ўринларни қўлга киритадиган жамоалар номи аниқ. Кетама-кетлигини айтишга сал қийналсада, бугунги мухлислар якунда айнан "Пахтакор", "Бунёдкор" ва "Насаф" кучли учликдан ўрин эгаллашини билади. Қачонки, шу нарсага чек қўя олсаккина чемпионатимиз кучайган деб бемалол бонг ўрсак бўлади. Ҳозирда эса, гарчи йилдан йилга ўйин сифати яхшиланиб бораётган бўлсада, чемпионатимиз мухлислар ҳоҳлагандек кучли дея олмайман.

    - "Пахтакор" жамоасидан бу йил қандай натижа кутсак бўлади?
    - "Пахтакор" жамоаси олдига фақат ва фақат энг юксак вазифалар қўйилади. Гарчи таркибимиз сезиларли даражада ёшарган бўлсада, олдимиздаги чемпионлик ва кубок соҳибига айланиш вазифаси олиб ташланмаган. Бутун жамоа билан ана шу мақсадларни қўлга киритиш йўлида тинмай меҳнат қилмоқдамиз.

    - Анъанавий якун. Мухлисларга тилакларингиз.
    - Юқорида таъкидлаганимдек, футбол мухлислар билан қизиқ ва улар учун ўйналади. Аслида бирор бир жамоага энг содиқ тоифа бу айнан мухлислар ҳисобланади. Футболчию, мураббийлар келади, кетади. Мухлислар эса ёшлигидан бошлаб бир жамоага содиқ бўлади. Шундай экан, аввало мухлисларимиз биз футболчилар бахтига доим соғ-саломат бўлсин. Севган жамоаларига ҳар қандай вазиятда ҳам мухлислик қилишдан чарчашмасин. Биз футболчилар эса, уларни стадиондаги чиройли ва мазмунги ўйинларимиз орқали хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз!

    - Ўз навбатида "Пахтакор" мухлислари номидан сизга ҳам қизиқарли суҳбатингиз учун ташаккур айтиб, кейинги фаолиятингизга омад тилаб қоламиз!
    - Раҳмат!


    DERBI & MR ERGASHEV блоги

    Манба: www.uff.uz
    Категория: Интервью | Просмотров: 482 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz