Воскресенье, 05.05.2024, 13:47
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Июль » 18 » «Комиссия келди!»
    06:07
    «Комиссия келди!»


    Мактабда ўқиб юрган пайтларимизда баъзида комиссия келиб турарди. Оддий ўқитувчилардан ташқари директоргача югуриб қоларди. Биров журналини тўлдирмаган, яна биттасининг иш режаси тайёр эмас. Бошқаси ўтиб кетган тадбирининг сценарийсини энди ёзиб ўтиради. Кимдирнинг тўгараклар жадвали йўқ. Кимда қанақа камчилиги бўлса тезроқ тузатиш пайида бўлади. Директоримиз хонама-хона кириб, тайёргарликни кўздан кечириб чиқарди. Баъзида ўз билганича кийиниб келадиганларга комиссия келадиган куни албатта мактаб формасида келиш талаб этилади. Дарс қолдирадиган, ўқув қуролларисиз келадиган ўқувчилар ҳам ўша куни дарсга тайёр ҳолда, қўл телефонлари ўчирилган, қўлини партага одобли болаларча қўйиб, умуман гаплашмай ўтиришарди. Комиссия аъзолари синфга киришлари билан барчамиз туриб салом берардик, кейин синф сув қуйгандек жим-жит. Ўқитувчимиз ҳам ўша куни турли плакатлар, карточкалар ясаб келарди, фақат аълочи ўқувчиларни доскага чиқарарди. Мақсад – "намунали” мактаб эканлигимизни кўрсатиш. Комиссия кетганидан кейин эса...


    Яқинда олий лигамиздаги 14 та "мактаб”га комиссия келди. Барча клубларни текширувдан ўтказган ОФК мутахассислари якуний хулосаларни 28 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилди. Мажлис давомида комиссия аъзолари айтиб ўтган камчиликлар ўтган йили ҳам таъкидланганди. Демак, "тепса-тебранмас” клублар мутасаддилари ўтган йилги текширувдан хулоса чиқаришмабди. Камчиликлар ўша-ўша. Шу ўринда бир савол туғилади: ОФК комиссиясининг ташриф кунлари ўтган йилиёқ эълон қилинганди. Хўш, текширувга ҳеч бўлмаса 1 ой қолганда ПФЛ клубларни ўзи текширувдан ўтказиб кўрмайдими? Мактабга комиссия келадиган бўлса, директор синфларга бирма-бир кириб чиқади. Олдиндан кимда қанақа камчилик борлиги айтади, уни тузатишни талаб қилади. Биз Англия эмасмиз, "Ҳамма клубларимиз тап-тайёр, келса-келаверсин” дейдиган. Ҳатто кучли бешлик мамлакатлари ҳам муаммолардан ҳоли эмас. Нега ПФЛ олдиндан текширув ўтказмади?! Ёки қандай мезонлар асосида текшириш олиб борилишини билмайдими? Ҳеч бўлмаса, ОФКда ишлаётган Алишер Никимбаевдан маслаҳат сўралмайдими қандай камчиликлар бор, деб? Агар комиссия келишидан олдин ички назорат ўтказилганида, ўйлайманки муаммолар шу ҳолича қолавермасди.


    Йиғилишда клублардаги муаммолар хусусида сўз борганда, энг содда камчиликлар ҳам бартараф этилмагани, ўтган йил билан солиштирганда айтарли ўзгариш бўлмагани кишини хуноб қилди. Оддийгина томошабинлар сонини аниқлаш тизимининг талабга жавоб бермаслиги, билетларнинг ҳар ўйинга ҳар хил дизайнда, сифати паст ҳолда чиқарилиши, баъзи ўйинларга умуман билет сотувга чиқарилмаслиги, аккредитация тизимининг талабга жавоб бермаслиги, унинг ҳалигача тўла ПФЛ ихтиёрига ўтказилмаганлиги, айрим клублар формасида фақат рақам туширилганлиги, бир шахснинг бир йўла учта клубга аълоқадорлик жиҳатлари, хавфсизлик тизими бўйича ПФЛ ахборотномаси йўқлиги, клубларнинг барчасида ҳам веб-сайтлар, жумладан матбуот котиби ва юридик шахснинг фаолият юритмаслиги... булар энг кичик муаммолар. Наҳотки шуларни-да бартараф этишнинг имкони топилмаган бўлса? Санаб кўрилса, мана шу майда-чуйдадек туюлган камчиликлар "-” томонларимизни анча кўпайтириб юборади. Айниқса, Алишер Никимбаев ўз чиқишида жумладан шундай дегани аҳволимизни кўрсатиб турибди: "Бугунги кун ҳолати бўйича текширув талабларига тўлиқ жавоб берган бирорта клуб мавжуд эмас!”


    Йиғилишда стадионлар тўғрисида янграган фикрлар ҳам, албатта ижобий оҳангда эмас. Ўтган йилги комиссия "Насаф” стадионини "А” классдаги стадионлар тоифасига киритганди. Бу йил ушбу мақомни олиб ташлади. Сабаб: ўтган бир йил давомида ўйингоҳда бирорта ҳам ижобий ўзгариш кўзга ташланмаган. Шунингдек, "Машъал” стадиони ҳам "А” классига жуда яқин эди. Ўзгариш қилинмагани бу мақом берилишига тўсиқ бўлди. Андижондаги "Соғлом авлод” стадионида кийиниш хоналари тартибга келтирилса (эътибор беринг, тартибга келтирилса), допинг назорати хонаси ташкил этилса ва ТВ учун шароитлар яратилса бас, ўйингоҳ "А” классига киритилар эди. Қийин ишлар эмас, шундайми? Лекин мана шу майда камчиликлар якунда олий тоифали стадионларимиз сонининг яна биттага ортишига йўл қўймади. Комиссия ҳужжатларда "Мамлакатда 2 та "А” классдаги стадионлар бор” деб қайд этди. Энди 2012 йил ОЧЛ учун ўринлар ажратилаётганда, бир нечта мамлакатнинг баъзи кўрсаткичлари тенг бўлиб қолди, дейлик. Расмий қайдларда "манави стадион "А” классига номзод” деб ёзилмайди. "2 та олий даражадаги стадион бор”, тамом. Нариги давлатда бундай ўйингоҳлар сони кўпми, демак ўрин уники! "2 стадионига 2 та клуби иштирок этяпти.”


    Юқорида келтириб ўтилган кичик муаммолар сирасига аудит ҳисоботини тайёрлаш ҳам киради. ПФЛ шунчалик эркинлик яратиб берганиданми, "Қизилқум”, "Насаф”, "Навбаҳор”, "Сўғдиёна” клублари умуман аудит ҳисоботини тақдим қилмаган! Қизиқ томони, улардан ҳеч ким сўрамайди нега ҳисобот тайёрламадинг, деб. "Бухоро”, "Бунёдкор”, "Металлург” ва "Нефтчи” ҳисоботлари ҳам талаб даражасида эмас. Улар баланс тўғрисидаги маълумотларни инглиз тилига таржима қилмаган.


    Энг қизиқ жиҳатлардан бири, "Бухоро” уй стадиони сифатида Муборакдаги "Машъал” стадионини, "Навбаҳор” эса Андижондаги стадионни кўрсатди. Ҳозир "Бухоро” уй учрашувларини Вобкентда, "Навбаҳор” эса Косонсойда ўтказаётганини ҳамма билади-ку. Ҳатто ПФЛ расмий сайтида ҳам шундай маълумот берилган. Бу ОФКни алдашми? Нега бу тўғрисида ҳеч ким изоҳ бермади? "Стадионларда таъмирлаш ишлари кетяпти, шунинг учун вилоятимиздаги мана бу стадионда ўйин ўтказяпмиз” дейилса ОФК тушунмайдими?


    ОФК мутасаддилари ОЧЛдаги ўринларимиз сони ортиши учун бир қатор тавсиялар ҳам бериб ўтди: Ёритиш тизимини камида 1200 люксга етказиш, электрон таблолар ўрнатиш, ҳакамлар ва футболчиларга ювиниш шароитларини яхшилаш, ўйиндан олдин ва танаффусда турли кўнгилочар дастурлар ташкиллаштириш, ОАВ учун шароитларни яхшилаш, ТВ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда транслациялар сонини ошириш, тасвирга туширувчи камералар сонини кўпайтириш. Булардан ташқари "Металлург”, "Нефтчи”, "Олмалиқ”, "Қизилқум”, "Динамо” ва "Сўғдиёна” клублари стадионларини яхши ҳолатга келтириш, майдон чими, машғулотлар майдони ва клуб базасидаги шароитларни яхшилаш кераклиги ҳам биз учун янги гаплар эмас. Энг ёмони, комиссия кетиб бўлди. Энди ўзгариш кўришимиз амри маҳол. Мактаб ҳам комиссия келганидан эртаси куни яна ўша эски ҳаётига тушиб олади. Айримлар яна формасиз, ўқув қуролларисиз келаверишади...


    Матбуот анжуманида ПФЛ директори Фарҳод Магометов ғалати гап айтган: "ОФК комиссияси ўн кун давомида олий лига иштирокчиларини текширувдан ўтказди ва биз чемпионатимиз ҳақида холис натижаларни билиб олишга эришдик. Энди жамоалар камчиликлар нималарда эканлигини билиб олдилар ва шу асосда керакли ишларни бажаришади”. Қизиғ-а? Кимсан ПФЛ бош директорига клублардаги аҳволни билиш учун ОФК комиссиясининг хулосаси керакми? Нима, жамоалар камчиликлари нималарда эканлигини олдин билмасмидилар? Билардилар! Хўп, билмасалар, нега ПФЛ комиссия келишидан олдин уларга айтмайди, мана бу камчилигингни тузат, деб?! Оддий мисол, "Метуллург” клуби стадионининг ёритиш тизими 100 люксни ташкил этади. Тўғри, Бекободда янги стадион қурилиши мўлжалланган, лекин янгиси битказилганигача куннинг иссиғида футбол ўйнашнинг ўзи бўлмайди-ку.


    Аслида, ПФЛнинг ўзида ташкилий ишлар тўғри йўлга қўйилмаган. Йил бошидаги тақвимни уйга илиб қўйсангиз, бўялавериб охири тешилиб кетади. Pfl.uz хабарларни бутунлай кеч эълон қилади. Ушбу мақолани 8 июль кечки соат 19 да ёзяпман. ПФЛ сайтига кирдим-у, кеча 20:00 да бошланган Тошкент дербиси тўғрисида ҳалигача бирор хабар чиқмагани ҳайрон қолдирди. Лекин турнир жадвали янгиланганди. Жадвалда ўйинлар сони белгиланувчи қатор бошида негадир "и” ҳарфи қўйилган. Бу русча "игры” сўзининг бош ҳарфи бўлганлиги учунми, тушуниш қийин (сайтнинг ўзбекча версиясида). Аслида "Ў” ҳарфи қўйилиши керак эди. 15 июньдаги комиссия ишлари, "Бунёдкор”-"Бухоро” ўйинини томоша қилишлари, ундан кейин матбуот анжумани бўлиши ҳақида хабар эълон қилинган. Бир ой аввалги хабар ҳалигача бош саҳифада хабарлар орасида турибди. Клублар ўз сайтларини ишлатишмайди дея танқид қиламиз. Лекин бош ташкилот сайти талаб даражасида бўлмаганидан кейин, клублардан нимани ҳам кутиш мумкин... Қизиғи, бутун футболимиз текширилаётган бир пайтда сайтнинг ОФК назорат комиссияси тўғрисида биринчи ва охирги хабари бу! Ҳар куни қаерга борди, якуний матбуот анжумани ва бошқа хабарларнинг йўқлиги том маънодаги нопрофессионаллик эмасми? Профессионал футбол лигаси деган номи бор ахир! Ортда қолган биринчи давранинг бирор ўйини натижасини билмоқчи бўлсангиз ниятингизга етасиз – лекин фақат натижани билиш имкони бор. Ўша ҳисобни устига босиб, ўйин қайдномасини кўриш имконияти йўқ. Бунинг учун RSS лента орқали архив хабарларни титкилашга тўғри келади.


    Яхшиямки, ўсмирлар терма жамоамиз бор! Келажакка умид кўзи билан қарай оламиз. Мексикадаги ютуқларни ҳар эслаганимизда энтикиб, уларнинг ўйинини яна кўргимиз келади. ЎФФ уларга яхши эътибор берди, бермоқда. Салкам бир ой улар бизга қувонч улашишди. Аммо ЎФФ уларни ҳар қадамда бизга эслатувчи, ўйинларини ёдга солувчи, болалар футболи ривожига оз бўлсада ҳисса қўшувчи ташвиқот ишларини олиб бормади. Ҳатто пойтахтимиз кўчаларига ўсмирларга бағишлаб бирортаям баннерлар илинмади. Бирортаям! "Мустақиллигимизнинг 20 йиллигига муносиб совға” ёки "Баракалла, азаматлар!” сўзлари, уларнинг фотосуратлари билан байроғимиз тасвирланган турли баннерларни пойтахт кўчаларига илишга на ЎФФ ва на терма жамоалар маркази ҳаракат қилди. "Спорт” телеканали чорак финалдан кейин 3-4 кун битта роликни қайтарди-да, униям йиғиштириб қўя қолди. Ҳалигача Қатардаги ярим финал ўйинини баъзида кўрсатиб қолади. Маза қилиб кўрамиз. Ўсмирлар терма жамоаси акаларидан кам ўйин кўрсатмади. Улар ҳам шундай эътиборга лойиқ. Айнан шу қисқа роликлар неча-неча болакайларнинг кўнглида футболга нисбатан қизиқиш уйғотиши мумкин эди. Ҳали ҳам кеч эмас!


    Улар соф, беғубор болалар. Ҳа, улар ҳали болалар. Афсус, ана шу беғубор, орзулари осмон болалар бир кун келиб барибир "олий лига” деб аталмиш қоронғу, зулмат қарига шўнғиб кетмасалар бўлгани. Кейин ўша зулмат ичидан уларни топа олмай қолмайлик...
    Просмотров: 500 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 1
    1 Uzfanat  
    0
    Hurmatli sayt admini, maqolalarni kiritganda iltimos manbani ko'rsating! Uff.uz bloggeri

    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz