Воскресенье, 05.05.2024, 15:36
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Июль » 25 » Мўйдин Мамазулунов: «Гол уришда давом этсам, Вадим Карленович мени ҳам термага чақиради»
    10:32
    Мўйдин Мамазулунов: «Гол уришда давом этсам, Вадим Карленович мени ҳам термага чақиради»

    Жорий мавсум баҳсларини муваффақиятли ўтказаётган «Олмалиқ» клуби биринчи даврани 5-ўринда якунлади. Жамоа ғалабаларида тажрибали ҳужумчи Мўйдин Мамазулуновнинг ҳиссаси катта.

    Зеро, у давралар оралиғидаги танаффусгача рақиблар дарвозасини 8 марта аниқ нишонга олди ва тўпурарлар рўйхатида «Бунёдкор»нинг сербиялик вакили Милош Трифуновичдан кейин иккинчи поғонада бормоқда. «Олмалиқ»нинг навбатдаги машғулотлари ниҳоясига етгач, жамоа бош голеадорини суҳбатга тортдик. Мўйдин мусобаҳа давомида турли масалалар юзасидан фикр юритди.

    Биринчи давра якунлари

    - Жамоамиз биринчи давра баҳсларини 5-поғона якунлади. Албатта, ўтган мавсум билан солиштирганда, бу ижобий натижа. Бироқ оралиқ танаффусга 4-ўринда чиқиб кетиш ниятида эдик. Афсуски, айрим ўйинларда ўта қимматли очколарни бой бердик. Шундайлар сирасига 13-тур доирасида Зарафшонда «Қизилқум»га қарши кечган ўйинни киритиш мумкин. Унда 2:0 ва 3:1 ҳисобларида олдинда бораётиб, якунда мезбонларга ҳисобни тенглаштириш имкониятини бердик, натижада 2 очко қўлдан чиқди. Нима дердим, афсусланиш билан бирор нарса ўзгариб қолмайди. Қолаверса, бу ҳам ўзига хос дарс.


    РаҚиблар

    - Энг қийин учрашувлар сифатида «Бунёдкор» (9-тур, 1:4) ва «Шўртан» (2:0) клубларига қарши кечган баҳсларни тилга олишим мумкин. «Қалдирғочлар»га қарши сафарда тўп сурдик ва ўз дарвозамиздан 4та тўп олиб чиқдик. Гарчи мезбонлар таркиби олдинги йиллардагига қараганда анча кучсизланган, жамоани бир қатор тажрибали легионерлар тарк этган бўлишсада, ўша баҳсда Миржалол Қосимов шогирдларининг тажриба бобида анча устун эканликлари сезилиб турди.

    1 июль куни эса ўз майдонимизда 10-турнинг кечиктирилган ўйинида ғузорликлар дарвозасига 2та жавобсиз тўп киритган бўлсакда, 90 дақиқа давомида роса қийналдик. Чунончи, ғузорликлар чинакамига кураш тақдим этишди. Таъкидлаш жоизки, ўша куни омад бизга кулиб боқди.

    «Пахтакор»да ҳозир авлодлар алмашинуви жараёни давом этяпти ва ёшларга бироз тажриба етишмаяпти. Шу боис ўз майдонимизда кичик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлсакда (2-тур, 0:1), «пахтакорчилар»га кўп қийинчилик туғдира олдик. Афсуски, бу натижада ўз аксини топмади-да...

    «Насаф» хусусида тўхталадиган бўлсам, жамоа бу йил таркибини анча кучайтирган бўлсада, унга қарши бемалол ўйнадик. Қаршиликлар билан ўйинимиз сафарга тўғри келди. Ўйлайманки, Қаршида рақиб билан тенгма-тенг тўп сурдик. Ўйин давомида ҳисобни тенглаштирганимиз фикримга асосдир. Тўғри, мезбонлар барибир ғалаба қозонишди, лекин ҳал қилувчи тўпни пенальтидан киритишди. Акс ҳолда, Қаршидан бир очко билан қайтган бўлардик...

    Қолган рақиблар ҳақида нима дейишим мумкин? Менимча, бир-биридан унчалик фарқ қилмайдиган жамоалар. Бошқача айтганда, уларнинг ўйин савиялари, имкониятлари тенг.

    Ўз ўйини ва терма жамоа

    - Биринчи даврада намойиш этган ўйиним хусусида нимадир дейишим мушкул, лекин бундан ҳам кўпроқ, максимум 15та тўп киритишим мумкин эди. Аммо кўплаб хавфли вазиятларда совуққонлик етишмади. Лекин 8та гол ҳам ҳар ҳолда, ёмон натижа эмас...

    Айрим ҳужумчилар мавсум арафасида ўз олдиларига «Шунча гол ураман», деган мақсад қўйишади. Лекин мен ундай форвардлар сирасига кирмайман. Мен учун жамоамизнинг муваффақияти биринчи ўринда туради. Шахсий кўрсаткичлар иккинчи масала. Тўғри, ҳужумчининг вазифаси гол уриш. Айнан бизнинг голларимиз жамоамиз муваффақиятларини таъмишлаши лозим. Лекин голга мен эмас, айтайлик, бирор ҳимоячи муаллифлик қилсаю, бу ғалабамизга йўл очса, худди ўзим ургандай хурсанд бўламан.

    Миллий жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов термамизнинг эшиклари барча учун очиқлигини кўп таъкидлайди. Айни пайтда мамлакатимиз футболчилари орасида энг кўп гол урган футболчи менман. Ахир тўпурарлар рўйхатини бошқариб турган «Бунёдкор» вакили Милош Трифунович сербиялик. Шунинг учун ҳам, миллий жамоамизга таклиф олишдан умидворман. Ҳарқалай, гол уришда давом этсам, Вадим Карленович эртами-кеч мени ҳам синаб кўриши мумкин.


    Ўсмирларимиз ва водий клублари

    - Ўсмирлармиз Мексикадаги жаҳон чемпионатида дарҳақиқат, янги тарих яратишди. Вакилларимизнинг Австралияга қарши ўйинларини кузатдим. Ўша учрашувда Алексей Евстафеев шогирдлари рақибга заррача имкон беришмади. Ўсмирларимиз мамлакатимиз футболининг обрўсини юксалтиришди. Бу албатта, қувонарли ҳол.

    Фарғоналик бўлсамда, менга вилоятимизнинг бош жамоаси - «Нефтчи»нинг асосий таркибида майдонга тушиш насиб этмаган. 2003 йили жамоанинг ўринбосарлар таркибида тўп сурганимдан кейин Қувасойнинг «Цементчи» клубидан таклиф тушди ва фаолиятимни ушбу жамоада давом эттирдим.

    Тақдир тақозоси билан айни пайтда «Олмалиқ»да тўп суряпман. Лекин бундан афсусланмайман. Ҳамма тақдирида борини кўради. Юрий Саркисян худди Игорь Шквирин сингари ёшларга кўпроқ эътибор қаратадиган мураббий. Мени «Нефтчи»да ўйнамаганлигимга асосий сабаб, ўша пайтда жамоа таркибида Умид Исоқов ва Анвар Бердиев сингари тажрибали ҳужумчилар ўрин олишганди. Шунингдек, тенгдошим Носир Отақўзиев ҳам секин-аста асосий таркиб ўйинчисига айланиб бораётганди. Балки шунинг учун Юрий Вазгеновичнинг эътиборидан четда қолгандирман... Яна ким билади, дейсиз?

    Игорь Анатольевич эса мендаги иқтидорни ўз вақтида пайқаб, «Олмалиқ»қа таклиф этди ва 2009 йилдан буён шу клуб шарафини ҳимоя қилиб келяпман. Албатта, таклиф қилишса, қачондир «Нефтчи» таркибида тўп суришим ҳам мумкин.

    Фарғоналикларнинг жорий мавсумдаги иккита - «Металлург» (2-тур, 3:1) ва «Қизилқум» (12-тур, 1:0) клубларига қарши ўйинларини бевосита стадионда кузатдим. Ўша учрашувларда собиқ жамоам ғалаба қозонди. Умуман олганда, бу йил «Нефтчи»нинг шаҳди анча баланд. Бежизга давралар оралиғидаги танаффусга 4-поғонада етиб келмади. Албатта, жамоага бефарқ эмасман. Ахир болалигимда айнан унга мухлислик қилганман.

    Водийнинг қолган икки жамоаси ҳақида гапирадиган бўлсам, «Анди-жон»нинг ўйинида ўтган йилгига қараганда ўсиш бор. Унинг таркибида собиқ жамоадошим Баҳром Ҳайдаров тўп суряпти. Ҳар ҳолда, жамоа ўтган йилгига қараганда, яхши ўйнаяпти назаримда.

    «Навбаҳор» эса гарчи яхши ўйин намойиш этаётган бўлсада, унга нимадир етишмаяпти. Умуман олганда, наманганликлар жамоамизга қарши кечган учрашувда ҳам ёмон ўйин кўрсатишмади. Фақат, ўша куни омад бизга кулиб боқди (7-тур, 1:0). Балки наманганликларда қандайдир ички муаммолар бордир? Буниси менга қоронғу. Лекин водий клубларида анча ижобий ўзгариш бор, дейиш мумкин.

    Биласиз, миллий чемпионатимизга асос солинган йиллари асосан водий клублари «гегемон»лик қилишган. Бироқ сўнгги йилларда пойтахт ва воҳада футбол савияси анча кўтарилиб, водийда нисбатан пасайди. Бунга асосан, Тошкент ва воҳада болалар футболига кўпроқ эътибор қаратилаётгани сабаб бўляпти. Водийда эса Фарғонада болалар футболига эътибор кучлироқ. «Нефтчи» ҳар йили икки-уч нафар янги футболчини кашф қилади. «Навбаҳор» ва «Андижон» клубларида бўлса, сўнгги йилларда иқтидорли футболчиларни етказиб бериш ҳолати камайиб кетди. Умуман олганда, водий клубларида айни пайтда авлодлар алмашинуви рўй бермоқда. Вақти келиб, ушбу ҳудуд футболи ҳам ўз сўзини айтишига ишонаман. Чунки футбол ватани ҳам водий - Қўқон шаҳри.




    Амплуаси

    - Футбол сўнгги йилларда анча тезлашиб кетди. Кўплаб жамоалар олдинда ягона номинал ҳужумчига таянган ҳолда тўп суришяпти. Шунингдек, охирги йилларда ҳимоявий тактикага асосланган футбол намойиш этилмоқда. Албатта, бундай шароитда ҳужумчи учун гол уриш осон эмас. Лекин иложи борича имкониятдан самарали фойдаланишга интиляпман.

    Ҳужумдаги асосий шеригим - Александр Востриков. У билан 2009 йилда ҳам бирга ўйнаётганим боис майдонда бир-биримизни яхши тушунамиз. Тўғри, Саша ўтган йили «Қизилқум»да ўйнаб қайтди. Лекин барибир ўзаро боғламамизга путур етгани йўқ. Умуман олганда, голларимда Востриковнинг муносиб ҳиссаси бор.

    Кучли жамоаларга қарши баҳсларда гол уриш қийин ва ёқимли. Мисол учун, «Бунёдкор» дарвозабони Игнатий Нес-теров мамлакатимизнинг энг кучли киперларидан. «Пахтакор»нинг эса ҳимоя чизиғи кучли. «Насаф»да ҳам дарвоза, ҳам ҳимоя мустаҳкам. Айтишим жоиз, айнан шу клубларга гол уриш икки ҳисса ёқимли. Ахир мавсум давомида бу камдан-кам футболчиларга насиб этади.

    Ҳужумчи учун энг керакли хусусиятлар - иккала оёқ ва бошда яхши ўйнаш, яхши позиция танлаш, ҳужум чизиғидаги шериги билан яхши чиқишиш. Бошқача айтганда, кўп нарса истеъдодга боғлиқ. Лекин машқсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

    Жамоа муваффақияти ва устози

    - Жамоа муваффақиятларида учта омил муҳим ҳисобланади: молиявий аҳвол, кучли мураббий ва ички муҳит. Худога шукр, бизда барчаси мужассам. Шунинг ҳисобига жамоамиз олий лигада эндигина тўртинчи мавсум иштирок этаётганлигига қарамай, ўз мавқеига эга бўлиб улгурди.

    Устозимиз Игорь Анатольевич биз - форвардлар билан алоҳида иш олиб боради, сабаби тайин - ўзи ҳам ҳужумчи бўлган. Мана, унинг ўгитларига амал қилган ҳолда кам бўлмаяпмиз.

    Футболга кириб келиши

    - Футболни танлашимда дадам ва Комилжон акамнинг ҳиссалари катта. Улар мени етарлича қўллаб-қувватлашган. Айниқса, акам катта ёрдам берган. Миллионлар ўйинидан кўнглим совуб кетган пайтларда ҳам руҳий далда беради.

    Эсласангиз, 2007 йили «Цементчи» клуби тарқатиб юборилди. Шунда ишсиз қолиб, футболчи бўлганимдан афсусланганман. Лекин ўша йили «Олимжон Акбаров» жамоасидан таклиф тушди ва 2007 йилги мавсумни шу клуб сафида ўтказиб, биринчи лига тўпурари бўлдим. Шундан кейин Игорь Анатольевич ўз жамоасига таклиф этди...


    Қизиқиши, рақами...

    - Футболдан ташқари, стол теннисига қизиқаман ва бўш вақтимда мунтазам ўйнайман. Шунингдек, футбол нашрларини ҳам ўқиб тураман. Ўзингизга маълум, футболчида бўш вақт кам бўлади. Шундай экан, ҳар бир дақиқа қадрини тушуниб, вақтга мазмун олиб киришга ҳаракат қиламан.

    Барчанинг ўзи ёқтирган рақами бўлади. Болалигимдан 10-рақамга меҳрим бўлакча ва қайси клубда ўйнама-йин, шу рақам остида тўп суриб келяпман. Вақтида Пеле ва Марадона сингари машҳур футболчилар ҳам «10»ни танлашгани ва уни улуғлашганидан хабарим бор. Эҳтимол, мендаги меҳр уларнинг ўйинларига ҳавасдан келиб чиққандир...

    Жорий мавсумда олдимизга 7-ўриндан пастга тушмаслик вазифаси қўйилган. Ўйлайманки, бу вазифасини ортиғи билан бажаришга қурбимиз етса керак. Фақат, ўз ўйинимизни кўрсатишда давом этсак, бас. Орзуларга келсак, уларнинг чек-чегараси йўқ. Табиийки, биринчи навбатдагиси, миллий термамиз либосини кийиш ва муносиб ўйнаб, мухлислар меҳрини қозониш. Қолаверса, кучли клубларда ўйнаб, турли совринларни қўлга киритиш. Ҳарқалай, орзу, умид қилишдан бенасиб қолмайлик.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Просмотров: 472 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz