Воскресенье, 05.05.2024, 12:16
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Июль 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Июль » 21 » Одил Аҳмедов: Наманганнинг олмасини яхши кўраман
    12:19
    Одил Аҳмедов: Наманганнинг олмасини яхши кўраман



    Айни вақтда Махачқалъанинг "Анжи” клуби шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Одил Аҳмедов "Спорт-Экспресс” нашрига интервью бериб ўтди. Одил Аҳмедов рус журналистлари билан суҳбатлашаркан, уларга ўзбек футболи ва "Навбаҳор” жамоаси ҳақида кўп нарсаларни сўзлаб беради.

    — Ульяновскнинг "Волга” клубига қарши кечган учрашувнинг иккинчи бўлими якунига етмай майдонни тарк этдингиз. Бу нима билан боғлиқ бўлганди?
    — Тактик ўзгариш бўлса керак. Сабаби ўша вақтга келиб биз аллақачон 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган эдик.

    — Ульяновскдаги учрашув сиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб қолса керак?
    — Албатта. Бу учрашувда "Анжи” таркибидаги илк расмий голимга муаллифлик қилдим. Бундай вазиятлар ёддан чиқмайди.

    "НАВБАҲОР”НИНГ ЎЙИНИГА 40 МИНГ МУХЛИС ТУШАДИ
    — Якшанба куни "Зенит”га қарши ўтказиладиган учрашув "Анжи” учун ёзги таътилдан сўнг ўз уйидаги илк ўйин бўлади. Таътилни қандай ўтказдингиз?
    — Уйда, Наманганда дам олдим.

    — Нима ёдингизда сақланиб қолди?
    — Укамни уйлантирдик, тўй қилдик. Мазза қилиб айландик.

    — Ўзбек тўйлари қандай бўлади, ўзи?
    — Биз нақд уч кун байрам қилдик! Биринчи куни – ресторанда, қолган икки кунини уйда. Жуда кўз меҳмон келди, умумий ҳисобда саккиз юзтага борса керак. Мусиқа тингладик, рақсга тушдик, машиналарда сайрга чиқдик.

    — Наманган катта шаҳарми?
    — Деярли Махачқалъа билан тенг. Наманган Тошкентда тўрт юз километр узоқликда жойлашган.

    — Ўзбекистон аҳолиси "Анжи” ҳақида эшитганми?
    — Албатта. Нафақат эшитган, балки жамоамизга мухлислик ҳам қиладилар.

    — Нима учун айнан "Анжи”га?
    — Сабаби, бу ерда мен ўйнайман. Умуман, Наманганда футболни жуда ҳам яхши кўрадилар. У ерда ҳатто олий лигада иштирок этадиган "Навбаҳор” деган жамоа ҳам бор. Тасаввур қилинг, жамоанинг ҳар бир учрашувига 40 минглаб одамлар ташриф буюрадилар! Аммо ҳозир бу жамоа турнир жадвалидаги мавқеини бой берган, адашмасам ҳозир ўнинчи ўринда бораётган бўлса керак. Бир вақтлар, 1996 йилда "Навбаҳор” Ўзбекистон чемпиони бўлган эди! Ўша вақтларда ўйингоҳ лиқ тўла бўларди. Бизнинг халқимиз футболни жуда ҳам яхши кўради.

    — Наманган ва Махачқалъа аҳолисининг футболга бўлган муносабатида ўхшаш жиҳатлар борми?
    — Менимча Доғистонда ҳам футболни Ўзбекистондагидан кам яхши кўрмайдилар. Махачқалъадаги ўйингоҳ тез-тез тўлиб туради.

    — Кўча-кўйда таниб қоладиларми?
    — Наманганда танийдилар, Махачқалъада эса кўп ҳам бўлавермаймиз.

    — Қизиқ, Москвадачи?
    — Йўқ. Россияда ҳали мени танимайдилар.

    РОБЕРТО КАРЛОСДАН УЗОҚҚА ТЎП УЗАТИШНИ ЎРГАНИШНИ ИСТАЙМАН
    — Лондоннинг "Арсенал” жамоаси билан боғлиқ Россия ва хориж нашрларида ёзилган хабарлар ҳақида нима дея оласиз?
    — Мен бу ҳақда "Анжи”га ўтишимдан аввал ҳам эшитган эдим. Ҳеч қандай аниқ таклиф бўлмаган, аммо барибир инглиз жамоасининг қизиқиши ҳақида билиш мен учун жуда ҳам ёқимли бўлганди. Балким бу хабарлар шунчаки миш-миш бўлиши ҳам мумкин.

    — Ғарбий Европанинг бирорта жамоасида ўйнаш истаги сизда бўлганми?
    — Албатта. Барча футболчилар суперклубларда ўйнашни истайдилар.

    — Қайси Европа жамоасининг ўйини сизга ёқади?
    — "Барселона”. Каталониялик футболчилар майдонда бўлганларида, театр томошаси қўяётгандек тасаввур пайдо бўлади.

    — Ўзбекистон терма жамоаси ва "Анжи” клубида бир хил чизиқда тўп сурасизми?
    — "Пахтакор”да ўйнаб бошлаганимда таянч ярим ҳимоясида тўп сурардим. Кейин мени ҳужум ортига суришга қарор қилдилар. Терма жамоада эса ҳар доим таянч ярим ҳимоясида ўйнаб келганман. "Анжи”да ҳам шу чизиқда тўп сураман.

    — Майдонда қайси чизиқда ўйнаш сиз учун қулай?
    — Таянч ярим ҳимоясида. Менга рақиблардан тўпни олиб қўйиш жуда ҳам ёқади. Шу билан бирга тўп узатишни ҳам яхши кўраман.

    — "Анжи” футболчилари орасида ким билан дўстона муносабатдасиз?
    — Алексей Иванов билан. Биз жамоага деярли бир вақтда келиб қўшилганмиз ва шундан буён биргамиз. Сафар учрашувлари вақтида битта хонада турамиз.

    — "Анжи” — байналмилал жамоа. Ўзаро мулоқот чоғида қайси тилдан фойдаланасиз?
    — Русчада албатта. Хорижлик легионерлар билан эса — таржимон орқали. Аммо Роберто Карлос билан тил топишиш у қадар қийин эмас. Хатто португал тилини билмай туриб ҳам тиллашса бўлади.

    — Дарвоқе, Роберто Карлос. Ундан нимани ўрганишни истаган бўлардингиз?
    — У узоққа ошириладиган узатмаларни жуда яхши ва ўз вақтида бажара олади. Агарда мен ҳам шундай қила олганимда жуда ажойиб иш бўларди.

    "АНЖИ” – ЎЗБЕКИСТОН ЎЙИНИДА ДУРАНГ БЎЛИШИНИ ИСТАРДИМ
    — Сизнинг назарингизда "Анжи” таркибида энг иқтидорли футболчи ким?
    — Менга ҳамманинг ўйини ёқади, айниқса дарвозабон Нукри Ревишвилига қойил қоламан. У жуда ҳам ишончли ўйнайди ва кўп бора жамоамизни муқаррар голлардан сақлаб қолган.

    — Биринчи даврада "Анжи” иштирокида бўлиб ўтган қайси учрашув сизга кўпроқ маъқул бўлганди?
    — Уйда "Рубин”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган ўйинимиз. Бу бизнинг биринчи ғалабамиз бўлганди ва бутун ўйингоҳ байрам қилиб юборганди!

    — Иккинчи давра якунларига кўра қайси жамоалар кучли учликка кирадилар, деб ўйлайсиз?
    — Бир нарса дейиш қийин. Россия чемпионати ўзгарувчан... Балким ЦСКА аниқ кучли учликда бўлар, аммо "Зенит” ҳақида бир нарса дея олмайман.

    — "Анжи” қайси ўринни эгаллайди?
    — Учинчи ўринни эгалласак кўнглим тўларди.

    — Тасаввур қилайлик, Ўзбекистон терма жамоаси Россия биринчилигида иштирок этмоқда. Қайси ўринга даъвогарлик қилган бўларди?
    — Бизда жуда кучли терма жамоа бор. Унинг энг яхши футболчилари хорижда — Россия, Украина, Корея ва араб давлатларида тўп сурадилар. Менимча жамоамиз кучли саккизликдан жой олган бўларди.

    — Ўзбекистон кучлими ёки "Анжи”?
    — Билмадим. Фақат шуни айтишим мумкинки, агарда бу жамоалар ўзаро тўқнаш келганларида, мен дуранг натижа учун мухлислик қилган бўлардим.

    — Россиядаги қайси таянч ярим ҳимоячисининг ўйини ёқади?
    — "Рубин” футболчиси Нобоа.

    — Хориждачи?
    — Хави ва Иньеста.

    ТЕАТРГА МУНТАЗАМ БОРИБ ТУРАМИЗ
    — Матбуотга нисбатан қандай муносабатда бўласиз?
    — Мен жуда ҳам мулоқотга киришавермайдиган одамман, кам гапираман ва деярли интервью бермайман. Нима ҳам қила олардим – табиатан шундай одамман. Аммо ёмон ҳаёлга борманг: журналистлардан ўзимни тортиб юрмайман.

    — Йиғинлар вақтида сизга нима ёқади.
    — Менга кўпроқ чемпионат ўйинлари ўтказилаётган вақтлар ёқади. Оилам ёнимда бўлади, ҳафтасига бир-икки марта ўйин ўтказилиб туради. Мен оилапарвар одамман, яқинларимдан узоқда бўлишни кўп ҳам ёқтиравермайман.

    — Футболдан ташқари яна нимани ёқтирасиз?
    — Театрга боришни. Ўзбекистонда жуда кўп таниш актёрлар бор эди, улар менга спектаклга чипта олиб беришарди, мен уларнинг футболга тушишларига кўмаклашиб юборардим.

    — Ўзбек театрими ёки рус?
    — Ўзбек театри.

    — Қанақа томошалар қўйиларди?
    — Классик, замонавий спектакллар қўйишарди. Аммо менга кўпроқ комедия жанридаги томошалар ёқарди. Умуман, театрга бутун оиламиз билан бирга тушардик.

    — Ёқтирган таомингиз?
    — Ўзбекча палов.

    — Палов тайёрлай оласизми?
    — Бу ишни турмуш ўртоғим ва онамга тўлиқ ишониб топширганман.

    — Палов нимадан тайёрланади, ўзи?
    — Гуруч, савзи, гўшт, пиёз, майиз...

    — Ёқтирган ичимлигингиз?
    — Апельсин шарбати.

    — Мевалардан-чи?
    — Олма, айниқса наманганники бўлса.

    — Футболдан ташқари яна қандай спорт турларини ёқтирасиз?
    — Катта теннисни. Федерерга мухлислик қиламан.

    УКАМ ҲАМ ТАЯНЧ ЯРИМ ҲИМОЯСИДА ЎЙНАЙДИ
    — Агарда футболчи бўлмаганингизда, ким бўлардингиз?
    — Билмадим. Тўғриси бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Эсимни таниганимдан буён ҳаёлимда фақат футбол бўлган. Бунинг устига отам ҳам футболчи бўлган.

    — Оилангиз ҳақида сўзлаб беринг.
    — Отам Олимжон ака "Машъал” клуби таркибида ўйнаган. Мен ҳам унинг изидан кетишим учун қўлидан келган барча ишни қилди. Кичик укам ҳам футболчи, у ҳозирда "Навбаҳор” клуби шаънини ҳимоя қилмоқда. Дарвоқе, у ҳам таянч ярим ҳимоясида тўп суради. Онам — футбол мухлисаси. Менга, Ўзбекистон терма жамоасига ва "Анжи” клубига мухлислик қилади.

    — Оилангиз каттами?
    — Учта ака-укам ва синглим бор. Ҳаммаси Наманганда истиқомат қилишади.

    — Ўз оилангиз ҳақида нима дея оласиз?
    — Турмуш ўртоғим ва яқинда бир ёшга тўлган ўғлим билан бирга яшаймиз. Москва яқинидаги Кратов шаҳрида жойлашиб олганмиз. Яқинда онам келди — болага қарашда ёрдам беради, уй ишларини бошқаради.

    — Россиядаги қайси ўйингоҳда ўзингизни яхши ҳис қиласиз?
    — Химкида. У ернинг майсаси ҳам яхши, трибуналар майдон яқинида жойлашган.

    — Хориждаги қайси ўйингоҳни айта оласиз?
    — Японияда, Йокогамадаги ўйингоҳ жуда ёққанди.

    — Орзуингиз? Инсон ва профессионал сифатида?
    — "Анжи” билан Россия чемпионатида ғолиб чиқишни ва Ўзбекистон терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатига йўл олишни истайман. Яна кўп ўғил кўришни ва уларнинг барчаси футболчи бўлишларини хоҳлайман

    Манба: www.sport-express.ru
    Просмотров: 972 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 1.0/1
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz