Норасмий маълумотларга қараганда, Тошкентнинг "Пахтакор" клуби сафига бир қатор янги футболчилар жалб этилиши кутилмоқда. Исми номаълум қолишини истаган шахс томонидан маълум қилинишича, айни вақтда уч нафар тунислик футболчи "Пахтакор" клуби кўригидан ўтмоқда. Али Кренеде, Васим Вазгуи ва Жамел Рхоум исмли футболчилар куни кеча Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган учрашувни ўйингоҳда туриб кузатганлар.
Бу футболчиларнинг бири ҳимоячи бўлса, қолган иккиси ярим ҳимоя ва ҳужум вакилларидир. Агарда, ушбу маълумот расман тасдиқланадиган бўлса, "шерлар" сафидаги легионер футболчилар сони белгиланган чекловдан ошиб кетиши мумкин. Сабаби, айни вақтда "Пахтакор"да уч нафар хориж вакиллари тўп сурадилар. Бундай ҳолатда Савич, Миладинович ва Махарадзелардан фақат биригина жамоа таркибида қолишига тўғри келади.
|