Понедельник, 29.04.2024, 12:52
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Ноябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Ноябрь » 26 » Афзал Азизов: «Андижон» раҳбарияти шартномага амал қилмади»
    11:53
    Афзал Азизов: «Андижон» раҳбарияти шартномага амал қилмади»


    Мамлакатимизнинг тажрибали ҳимоячиларидан бири Афзал Азизов учун 2011 йилги мавсум кўнгилдагидек ўтди, дея олмаймиз. Чемпионатни "Андижон”да бошлаган ҳимоячи иккинчи даврани "Сўғдиёна”да ўтказди. Ўтган ҳафта футболчи билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдик. Фикримча, интервью сиз азиз муштарийларга ҳам маъқул келади.

    - Афзал ака, мавсум сиз учун кўнгилдагидек ўтмаганини рад қилмасангиз керак?
    - Шунақа деса ҳам бўлади. Бу йил бир йўла икки жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Мавсумни яхши ниятлар билан "Андижон”да бошлагандим, аммо у ерда ишларим унчалик юришмади ва давралар оралиғида клубни тарк этдим.

    - "Андижон”дан кетганингизнинг сабаби нима?
    - Клуб раҳбарияти шартнома шартларини бажармади. Айнан шу туфайли жамоадан кетишга мажбур бўлдим.

    - Айнан қайси шартларни назарда тутяпсиз?
    - Футболчи ва клуб ўртасида тузиладиган шартноманинг шартлари оммага ошкор қилинмаслиги жуда яхши биласиз. Ҳозир мухлисларда тушунмовчилик юзага келмаслиги учун айтаман: "Андижон” жамоаси раҳбарияти мен қўйган молиявий талабларнинг 70 фоизини бажаргани йўқ.

    - Клуб раҳбарияти бу гапларингизни ўқиганидан кейин Афзал Азизовнинг айтганлари нотўғри, деб раддия билдирса нима дейсиз?
    - Қандай қилиб раддия билдиради? Айтадиган гапларимнинг ҳаммаси ҳақиқат бўлса!

    - Жамоадан кетганингиз шартнома шартлари бажарилмаганлиги билан боғлиқми ёки захирада қолиб кетаётганингиз учун иккинчи даврани "Сўғдиёна”да ўтказишни лозим деб топдингизми?
    - Клуб томонидан ўртадаги келишувга амал қилинмагани кетишимнинг асосий сабабидир. Захирада қолиб кетганимга келсак, мен бутун фаолиятим давомида марказий ҳимояда ўйнаганман. "Андижон”да мураббийлар мени нимагадир бошқа чизиқларда ўйнатишни лозим топишди. Сабабини жамоа манфаати учун деб тушунтирашарди.

    - Одатда футболчилар асосий таркибда ўйнасам бўлди, асосийси, жамоага фойдам тегса дейди. Сизни шундай фикрларга муносабатингиз?
    - Биласиз, фаолиятим бошлаганимга анча йил бўлди. Бу йиллар давомида яхшигина тажриба ортирдим. Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин: марказий ҳимояда ўйнасам, ҳар қандай жамоага кўпроқ фойдам тегарди. Боз устига, "Андижон”нинг марказий ҳимоясида камчиликлар кўп эди.

    - Ориф Маматказин билан муносабатингиз кўнгилдагидек эдими?
    - Ҳа. Фаолиятим давомида кўпгина тажрибали мураббийлар билан ишлаганман. Улар билан ҳеч қачон ёмон муносабатда бўлмадим. Ҳар бир мутахассис билан ака-ука сифатида ишлаганман. Футболчи профессионал бўлиши керак. Мураббийнинг гапини икки қилмаслиги лозим. Менинг принципим шунақа.

    - Барибир мураббийларга эътироз билдирган бўлсангиз керак?
    - Қисман, лекин буни уларга билдирмаганман.

    - 2011 йил сиз учун фаолиятингиздаги энг ёмон мавсум десак бўладими?
    - Унчалик эмас. Мен учун 2011 йил фақатгина молиявий тарафдан энг ёмон мавсум бўлди. Ўйин борасида ҳаммаси кўнгилдагидек десам бўлаверади. "Андижон” билан ишларим юришмаган бўлса-да, мавсумдан нолимайман. "Сўғдиёна”да ҳам ҳаммаси жойида эди, аммо жамоани олий лигада олиб қола олмадик. Клуб чемпионатда охирги ўринни эгаллаган бўлса ҳам иккинчи даврани кўтаринки руҳда ўтказди. Ўйин борасида рақиблардан қолишгани йўқ. Шунчаки, натижамиз ўхшамади.

    - Мавсумни "Сўғдиёна”да якунлаганингиз бошқа клублардан таклиф бўлмагани билан боғлиқми?
    - Нега энди, давралар оралиғида олдимда бошқа таклифлар ҳам бор эди, нимагадир "Сўғдиёна”да ўйнашни лозим деб топдим.

    - Йилдан-йилга ўртаҳол клубларда ўйнаяпсиз. Мураббийларнинг қараши ўзгарганми ёки ёшингиз ўтиб бораётгани таъсир қиляптими?
    - 2010 йил "Андижон” мавсумни тўртинчи ўринда якунлаши мумкин эди, аммо сўнгги турлардаги омадсизлик жамоани қуйига шўнғитди. Тўғри, бу йил мен учун ҳақиқатдан ҳам омадсиз йил бўлди, бироқ бунда на мураббийларнинг ва на ёшимнинг айби бор. Фикримча, жамоа танлашда адашганга ўхшайман. Кейин мамлакатимизда учта жамоани инобатга олмаса, қолганлар ўртаҳол савиядаги клублар ҳисобланишади. Оддий қилиб айтадиган бўлсам, уч клубдан бошқасида ишлар кўнгилдагидек бажарилса, бемалол тўртинчи ўрин учун курашса бўлади.

    - "Сўғдиёна” сизда қандай таассурот қолдирди?
    - Жиззахда олий лига талабларига жавоб берадиган жамоа тузилмаган. "Сўғдиёна”нинг молиявий ҳолати олий лиганинг ҳеч бир клуби билан тўғри келмайди. Жамоани юқори савияга олиб чиқиш учун жуда кўп ишлар қилиниши зарур.

    - Жамоа бош мураббийи Мурод Отажонов камина билан бўлган суҳбатда ҳакамлар "Сўғдиёна”га қарши ишлашганини айтганди. Шу фикрларга қўшиласизми?
    - Мураббийнинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Авваллари ҳакамларимизнинг савияси ошган деб юрардим, "Сўғдиёна”да ўйнаб, бу нотўғри эканлигига амин бўлдим. Чунки деярли ҳар бир ўйинда реферилар бизга қарши ишлашди.

    - Ҳакамлар "Сўғдиёна”нинг рақибларига ён босиши жамоа аутсайдерлиги учунми ёки клубда пул йўқлиги ҳам бунга боғлиқми?
    - Ортиқча гапирмайман, ҳакамлар рақибга ён босишининг асосий сабаби, "Сўғдиёна”да пул йўқлиги билан боғлиқ. Бундан ҳар ким нимага шаъма қилаётганимни тушуниб олаверсин.

    - Вақти келиб "Сўғдиёна”нинг рақиби таркибида ўйнасангиз ва Жиззах жамоаси устози ҳакамлар устидан шикоят қилса, шу фикрларингизда қоласизми?
    - Мен қайси клубда ўйнашимдан қатъий назар, ҳакамлар холис бўлишларини тарафдориман. Боиси, реферилар ўзбек футболининг ривожига катта ҳисса қўшиши керак.

    - Нега фақат ҳакамларга эътироз билдирасизлар?
    - Чунки айрим ҳакамлар бир хил вазият учун икки хил қарор чиқаради. Шунинг учун ўйин пайтида асаб бузилиб кетади.

    - Ҳакамларимиз футболчилар қоидани яхши билмагани учун жуда кўп эътироз билдиради, дейишади. Бу гап тўғрими?
    - Билмадим. Мен анча йилдан бери футбол ичидаман. Ҳар доим қоидалардан хабардор бўлишга ҳаракат қиламан. Янги чиққан қоидалардан ҳам.

    - Қайсидир реферидан янги қоидалар ҳақида сўраб турасизми?
    - Мавсум бошида ЎФФ назоратчилари клубларга келиб, барчани янги қонун-қоида билан таништириб чиқади. Касбимиз бўлганидан кейин биз ҳам катта қизиқиш билан ўрганамиз.

    - Таркиби анчагина янгиланган бўлса-да, "Бунёдкор” тўртинчи марта ҳам чемпионликни қўлга киритди. Олий лиганинг савияси ошяптими ёки йилдан-йилга тушиб боряптими?
    - "Бунёдкор”нинг таркиби охирги икки йилда сезиларли даражада ўзгарган бўлса-да, жамоада ҳали ҳам Ўзбекистоннинг энг яхши футболчилари тўп тепмоқда. Клуб тўртинчи марта ҳам чемпионликни қўлга киритгани, жамоада ишлар тўғри йўлга қўйилганидан дарак беради. Шунинг учун бемалол чемпион бўлди. Олий лиганинг савияси ошяптими? 3-4 йил аввал ошиб бораётгандек кўринарди, бу йил буни сезганим йўқ.

    - Жамоаларнинг сиздан қарзи борми?
    - Иккала жамоа ҳам мен билан тўлиқ ҳисоб китоб қилмаган. "Сўғдиёна”дан тўртта мукофот пули ва битта ойлик маоши олишим керак. Кўпгина жамоаларимизда шундай муаммолар бор. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бунақа муаммолар билан ўралашиб юрсак, ўзбек футболи қачон ривожланади? Учрашув пайтида футболчининг хаёлида ўйин эмас, ойликни олиш-олмаслик, фикри бўлса, савия ошадими?

    - Тажрибали футболчи сифатида айтингчи, ўйинчилар жамоага янги келган пайтида кўтарма пули олиши шартми?
    - Яхши савол. Майли, кўтарма пули бермасин, ўша пулларни ойлик маош ва мукофотга бўлиб ташлашсин. Ёки кўтарма пули бермасликнинг бошқача тартибини ўйлаб топишсин. Бизда аксинча ҳолат ҳукмрон, футболчи жароҳат олса ҳам ойлик маоши кескин даражада пасайтириб юборишади.

    - Миллий терма жамоамизнинг ўйинлари ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?
    - Терма жамоамиз бу йил ўз ўйинлари билан мухлисларни хурсанд қилгани рост. Вадим Абрамов кучли жамоа шакллантираётганини барча кўриб турибди. Кўпчилик Карленовичнинг устунлиги нимада эканлигига қизиқяпти. Термамиз устози барча ўйинчиларга имконият бераётгани унинг асосий ютуғи деб биламан. Бундан ташқари, жамоа ичидаги ички муҳит аъло даражада эканлиги ҳам ғалабаларимизга асосий сабаблиги аниқ.

    Манба: "FutGOL" газетаси
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 620 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz