Воскресенье, 28.04.2024, 03:56
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Ноябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Ноябрь » 5 » Милош Трифунович: “Жамоадошларимнинг 2-3тасини тўйларида қатнашдим”
    07:51
    Милош Трифунович: “Жамоадошларимнинг 2-3тасини тўйларида қатнашдим”



    Сўнгги пайтларда юртимиз футболида хорижлик легионерлар сони кескин ортиб бормоқда. Ўзбекистон профессионал футбол лигаси "4+1” (тўртта хорижлик, битта осиёлик легионер) тизимига ўтгач, клубларимиз хорижлик футболчилар хизматидан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Бу борада айниқса Сербия мамлакатидан бўлган футболчиларга талаб юқори, десак муболаға бўлмайди. Яқиндагина мамлакатимиз чемпионлигини қўлга киритган Тошкентнинг "Бунёдкор” футбол клуби сафида тўртта сербиялик футболчилар тўп суришмоқда. Улар орасида ҳужумчи Милош Трифунович ўзининг сермаҳсуллиги билан алоҳида ажралиб туради. Милош жорий йилги чемпионатимизнинг энг яхши тўпурари бўлишга жуда-жуда яқин турибди. Мавсум якунланиши арафасида Трифуновичдан интервью олдик.

    - Милош, аввало футболга кириб келишингиз қандай юз бергани ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
    - Футболга қизиқиш қаердан ёки кимдан юққанини эслолмасам-да, ота-оналарим мени уйимиз яқинидаги футбол майдончасидан қидиришарди. Маҳалладошларим билан футбол ўйнайверардим, ўйнайверардим. Отам мендаги иштиёқ ва қизиқишни пайқагач, Белграднинг "Бежония” футбол мактабига олиб борган. У ердаги мураббийлар маълум вақт мени синаб кўришди ва тез орада мактаб тарбияланувчилари қаторига қўшишди. Шундан буён насибамни миллионлар ўйинидан қидириб юрибман.

    - Сизда спортнинг бошқа турларига ҳам қизиқиш бўлганми?
    - Жиддий тарзда бўлмаса-да, футбол ўйнашим учун керакли бўлган ва футболчилигим учун зарари тегмайдиган спорт турлари билан хобби сифатида шуғилланганман.

    - Футболдаги илк сир-асрорларни ҳужумчи сифатида ўрганганмисиз ёки бошқа чизиқда тўп тепармидингиз?
    - Ҳужумчи эдим. Тез югуриб, рақибдан анчайин илгарилаб кетардим. Шу боисдан ҳам баъзи-баъзида чап қанот ярим ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнашга тўғри келган.

    - Футбол орқали топган илк маошингизни эслай оласизми?
    - Сербияда футбол академияларига қатнаб, машғулотларда қатнашиш бошқа ҳамда шартнома имзолаб унда таҳсил олиш бошқа. Мен илк бора "Бежония” билан битим имзолаганман. Ўшанда бизга "стипендия” сифатида 100 доллар атрофида пул беришган. Ўша пулни олишим биланоқ барча дўстларимни кафега йиғиб меҳмон қилганим ҳали-ҳануз ёдимда.

    - Ўзбекистон чемпионатига ўтиб тўғри йўл тутдим деб ўйлайсизми?
    - Ростини айтсам, "Бунёдкор”дан таклиф тушганидан сўнг жиддий бош қотиришимга тўғри келган. Олдимда бир неча таклифлар бор эди. Лекин нимагадур кўнглим Ўзбекистон томон тортаверарди. Интернетга кириб, "Бунёдкор” ва Тошкент ҳақида маълумотлар қидирганларимни ҳеч ҳам унутмасам керак. Юртингизга келдим, "Бунёдкор” шарафини ҳимоя қила бошладим. Ўша кезларда ҳам ўйлаб-ўйлаб, ич-ичимдан хурсанд бўлолмай юрардим. Мавсум ўрталарига етганда тушуниб етдимки, жуда тўғри қарор қабул қилган эканман.

    - Ўйлашимча, фаолиятингиз давомидаги энг сермаҳсул мавсумга айнан "Бунёдкор”да ўйнаб эришаётган бўлсангиз керак.
    - Ҳа, худди шундай. Ҳозиргача "Бунёдкор” сафида 30 учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 21 бор ишғол қилдим.

    - "Бунёдкор” сафида киритган қайси голингиз кўпроқ ёқади?
    - Чирой жиҳатдан олиб қараганда "Насаф” дарвозасига чемпионат доирасида киритган голим бўлса керак. Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида "Ал-Иттиҳод” дарвозасига меҳмонда киритган голим жамоамиз учун жудаям зарур гол бўлиши керак эди. Айнан менинг голимдан сўнг ҳисобда олдинда бораётгандик. Афсуски, дарвозамиздан битта тўп ўтказиб юбориб, якунда дуранг қайд этдик.

    - Осиё Чемпионлар лигаси қандай таассурот қолдирдирди?
    - Ёмон эмас. Юқори савияда ташкил этилган қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири. Фақат бир жиҳат менга умуман ёқмади. Оғир меҳнат қилиб, гуруҳдан чиққан жамоа бир ўйиндан иборат чорак финалда барчасидан маҳрум бўлиши мумкин. "Бунёдкор” айнан мана шундай тушунарсиз регламент қурбони бўлди. Қитъа футболи мутасаддилари ушбу тизимдан воз кечишиб, Европаникидек йўл тутишса мақсадга мувофиқ бўларди.

    - Ўз голларингизнинг аксаритини бош билан уряпсиз. Бош билан ўйнаш борасида ёшлигингизда махсус топшириқларни бажарганмисиз?
    - Йўқ, ёшлигимда футбол билан ҳамма қатори шуғилланганман. Шунчаки иккинчи қаватда омадим кўпроқ чопяпти.

    - Бир хилги ҳужумчилар гол ура олмаса-да, бутун ўйин давомида вазиятлар яратишиб эсда қолишади. Сизда эса бундай ҳислатни умуман кўрмаймиз. Ўйин давомида деярли кўринмайсиз ва шу орқали ҳимоячилар таъқибидан қочиб, юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб кетяпсиз. Бунга қандай эришяпсиз?
    - Ҳар бир ҳужумчининг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бўлади. Шунингдек, ҳужумчиларнинг айёрликлари, устун жиҳатлари ҳамда вазиятлардан фойдаланиш каби хусусиятлари ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Менга ҳужумчи аслида қандай бўлиши кераклиги шундай уқтирилганки, гол ура олмасанг сен ҳужумчимассан дейишган. Шу боисдан ҳам майдонга чиқиб келаётганда олдимга қўядиган бош вазифам бу – гол уриш. Ҳужумчида ҳар доим ҳам вазият бўлавермайди. Гоҳида битта, гоҳида эса иккита. Баъзида эса яримталик имкониятлар ҳам бўлади. Мен чоракта вазиятни ҳам голга айлантиришга уринаман.

    - Милош Трифунович ўз голларини қачон табассум қилган ҳолда нишонлайди?
    - Бу негадир мен учун жудаям қийин иш. Ҳатто жуда муҳим голни урсам ҳам кулмайман. Гол урган пайтдаги ҳолатимни кўрган инсон мени жудаям жиддий бўлса керак, деб ўйласа керак. Аслида ҳаётда қувноқ ва хазилкаш боламан. Аммо юқорида таъкидлаганимдек, гол урсам негадир жилмая олмайман. Балки, Чемпионлар лигаси финалида гол киритсам табассум қилсам керак.

    - "Насаф” дарвозасига ура олмаган пенальтини эсга олиб ўтсак қарши эмасмисиз?
    - Аслида мен стандарт вазиятларни тепадиган футболчи эмасман. Аммо ўша лаҳзада менда кучли ишонч пайдо бўлди ва нуқтага тўпни мен ўрнатдим. Афсуски, омадим чопмади.

    - Умуман олганда, илгарилари ҳам пенальти тепиб турармидингиз?
    - Йўқ.

    - Сербиялик футболчиларнинг Ўзбекистон чемпионатида кўпайиб боришаётганининг бош сабаби нимада деб ўйлайсиз?
    - Агарда молиявий томондан яхши ҳақ тўланмаганида нафақат сербиялик, балки бошқа хорижлик футболчилар ҳам бу ерга келиши даргумон эди. Яширмайман, Ўзбекистонда футболчиларга Сербиядагидан кўра яхшироқ ҳақ тўлашади. Шунингдек, легионерлар Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаб ўз номини машҳур қилишга ҳам қизиқишади.

    - Тошкентда дўстларингиз кўпми?
    - Жамоадошларим ва Ўзбекистонда ўйнайдиган сербияликлар менинг қадрдонларим.

    - Тошкентдаги қўни-қўшниларингиз билан гаплашиб турасизми?
    - Квартирада маълум вақт яшадим холос. Шу боисдан ҳам қўшнилар билан яқиндан танишишга вақт бўлмади. Аммо баъзи ёшроқ қўшнилар мени танишарди ва расмга тушиш учун ёнимга келишарди. Ҳозирги кунда оилам билан меҳмонхонада истиқомат қиляпман.

    - Эшитишимча, мамлакатимизда тўп сураётган барча серблар тез-тез йиғилиб тураркансилар. Шу ростми?
    - Ҳа, тўпланиб турамиз аммо мунтазам эмас. Асосан "Бунёдкор”даги ва "Пахтакор”даги, шунингдек "Шўртан” ва "Металлург”да тўп тепаётган серблар йиғиламиз.

    - Ўзбекистон чемпионати қандай таассурот қолдирди?
    - Тўғрисини айтсам, бошида чемпионатингизда тўп тепиш осонроқ бўлади деб ўйлагандим. Лекин ундай бўлиб чиқмади. Маҳоратли ва тиришқоқ футболчилар ҳар бир жамоада бор экан. "Пахтакор”, "Насаф” ва "Нефтчи” каби жамоаларга қарши учрашувларимиз анчайин оғир бўлди.

    - Лақабингиз нима?
    - Трифки.

    - Юртимиздаги байрамлар, тўй-ҳашамларда қатнашдингизми?
    - Мустақиллик байрами мамлакат бўйлаб кенг нишонланганини гувоҳи бўлдим. Шунингдек, жамоадошларимнинг 2-3тасини тўйларида қатнашдим. Очиғи, сизлардек меҳмондўст халқ дунёда бўлмаса керак.

    - Агарда "Бунёдкор” сербия чемпионатида иштирок этгудек бўлса, нечанчи ўринни эгаллаши мумкинми?
    - Бизда 3-4та жиддий клублар бор холос. "Црвена Звезда”, "Партизан”, "Белград”, "Ягодина” каби жамоалар доимий равишда чемпионлик учун курашишади. "Бунёдкор” бемалол бу жамоалар билан рақобатлаша олади.

    - "Бунёдкор” билан чемпионат ўйинлари якунланишига уч тур қолганида муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритдингиз. Босиб ўтилган ушбу йўл қанчалик даражада машаққатли бўлди?
    - Албатта олтин медалларни осонлик билан қўлга киритиб бўлмайди. Ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. "Бунёдкор”нинг чемпионлиги учун ўз голларим билан ҳисса қўшганимдан бахтиёрман.

    - Ҳужумчи сифатида айтингчи, қайси жамоанинг ҳимоя чизиғи Сизга жиддий тўсиқ бўлди?
    - "Нефтчи”ники. Бу жамоа билан икки бор ўйнаб, атиги битта гол урдик. Суриштирсам, "Нефтчи”нинг марказий ҳимоячиси терма жамоанинг асосий мудофачиси экан.

    - "Бўлди, биз бу йил чемпион бўламиз” деб нечанчи турдан сўнг ишона бошладингиз?
    - Қачонки, чемпионлигимиз расмийлашгач ана ўшанда ишондим. Ҳатто, асосий рақобатчиларимиз "Насаф” ва "Пахтакор” жамоаларини енгганимиздан кейин ҳам олтин медаллар ҳақида ўйламагандим.

    - Ўзбекистон футболида қандай жиҳат Сиз учун ҳайрон қоларли бўлди?
    - Ҳакамларнинг тушуниб бўлмас қарорлари.

    - Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
    - Рафиқам билан уйда ва овқатланиш учун кафеларда бўламиз. Гоҳ-гоҳида алоҳида шаҳар айланишга чиқаимз. Уйда компьютеримда интернет тармоғида ўтиришни ёқтираман.

    - Хоббингиз борми?
    - Аниқ хоббиим йўқ. Аммо фильмлар кўриш ва плейштейшн ўйнашга қизиқишим баланд. Юртимда кўпроқ балиқ овига бориб турардим. Ўзбекистонда эса бундай жойлар жудаям кам.

    - Қайси жамоага мухлислик қиласиз?
    - "Барселона”га.

    - На мунча ҳамма "Барселона”га ёпишиб олган-а?
    - Ростини айтаман, мен янги "барсачи”ларданман. Илгари "Арсенал”ни ёқтирардим. Чунки бу жамоа сафида менинг севимли футболчим Тьери Анри тўп тепарди.

    - Демак, футболдаги кумирингиз Тьери Анри экан-да?
    - Шундай деса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда Златан Иброҳимовичнинг ҳаракатлари кўпроқ ёқади. Дидье Дрогба, Самуэль Это’О каби юлдузларнинг ўйинларига ҳам бефарқ эмасман.

    - Янги мавсум режаларингиз қандай?
    - "Бунёдкор”даги ижара муддатим февраль ойида якунланади. "Црвена Звезда” билан амалдаги шартномам яна 1,5 йил бор. Агар "Бунёдкор” мени ўзида олиб қолмоқчи бўлса, серблар билан музокарага киришиши керак.

    - Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Келгуси фаолиятингизга ҳам улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
    - Раҳмат.


    Баҳодир МИРЗАЕВ суҳбатлашди.

    БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:
    Тўлиқ исми: Милош Трифунович
    Туғилган санаси: 15.11.1984
    Туғилган жойи: Белград (Собиқ Югославия)
    Фуқаролиги: Сербия
    Бўйи: 187 см
    Вазни: 80 кг
    Амплуаси: Ҳужумчи
    Рақами: 14

    Сербия миллий терма жамоаси таркибида битта учрашувда майдонга тушган.

    Эришган ютуқлари: Бир неча бор Сербия чемпиони ва кубоги соҳиби. Ўзбекистон чемпиони – 2011. Ўзбекистоннинг 2011 йилдаги энг сермаҳсул тўпурари бўлишга жудаям яқин турибди.


    манба : fcbunyodkor.com
    Категория: Интервью | Просмотров: 561 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz