Понедельник, 29.04.2024, 03:59
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Ноябрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Ноябрь » 21 » Жаъфар Ирисметов: «Истеъдод меҳнат орқали юзага чиқади»
    08:14
    Жаъфар Ирисметов: «Истеъдод меҳнат орқали юзага чиқади»



    Мамлакатимизнинг тажрибали футболчиларидан бири Жаъфар Ирисметов учун ортда қолган мавсум унчалик омадли келмади. У иккита жамоа таркибида тўп суриб, бор-йўғи 6та тўп киритди, холос. 2000 йилги мавсумда 45та гол муаллифи сифатида рекорд ўрнатган ҳужумчига бу ярашмаган ҳол, албатта. Бундан ташқари, Жаъфар иккинчи даврада тўп сурган «Қизилқум» клуби олий лигадаги ўрнини сақлаб қололмади. Ирисметов шулар хусусида фикрлар юритди.

    - Жорий йилги миллий чемпионатимиз ўйинлари қизиқарли кечди, десам янглишмайман. Тўғри, «Бунёдкор»нинг муддатидан олдин чемпионлик унвонини қўлга киритгани «интрига»ни бироз сусайтирди. Аммо кумуш медаль тақдири сўнгги «Насаф» - «Пахтакор» баҳсида ҳал этилди. Бу эса чемпионатимиз анча муросасиз ўтганлигидан далолатдир. Бундан ташқари, «Насаф» ОФК кубоги соҳибига айланди ва халқаро майдонда ҳам ўзбек футболининг нуфузи ошишига муносиб ҳисса қўшди. Менимча, қаршиликлар асосий эътиборларини ушбу мусобақага қаратишди. Акс ҳолда олтин медаль учун кураш ҳам охирги тургача давом этиши мумкин эди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу йилги мавсум баҳслари мухлисларга бир қанча ҳаяжонли онларни тортиғ этди.

    - Ҳар йили 10тадан кам гол урмасдим. Бу йил эса бор-йўғи 6та... Шунингдек, голларимни иккита жамоа - «Шўртан» ва «Қизилқум» таркибида урдим (ҳар икки клубда учтадан). Голим камлигига бир қатор омиллар сабаб бўлди. Чунончи, ғузорликлар сафида кўпроқ захирадан майдонга тушдим. Зарафшон клубида эса молиявий муаммолар юзага келган, йигитлар анчадан буён маошларини ололмаётган эканлар. Бундай шароитда қайси футболчининг ўйнагиси келади? Табиийки, футбол жамоавий ўйин ва хоҳлайсизми, йўқми, жамоадошларнинг кайфиятлари сизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Шундай бўлса-да, ҳал қилувчи босқич баҳсларини биринчи даврадагига қараганда анча яхши ўтказиб, 4та ўйинда ғалаба қозониб, 2та ўйинда дуранг қайд этдик. Аммо бу олий лигадаги ўрнимизни сақлаб қолишга камлик қилди. Мутасаддилар «Қизилқум»га кўпроқ эътибор қаратишганида клуб элитадаги ўрнини сақлаб қолган бўларди. Бироқ...

    - Жамоада рақобат ҳам йўқ эмасди. Чунки Игорь Таран ва Шаҳбоз Эркиновлар маҳоратли ҳужумчилар саналишади. Лекин клубнинг ўша пайтдаги устози Эдгар Гесс менга кам имконият берди. Мавсум арафасидаёқ асосий таркибда майдонга тушмаслигимни билиб, жамоадан кетмоқчи бўлгандим. Лекин Эдгар Яковлевич рухсат бермаганди. Натижада биринчи даврада Ғузорда тўп суришга мажбур бўлдим. Шу сабабли, молиявий муаммолар мавжудлигини билсам-да, «Қизилқум» сафига қўшилдим. Клубдаги жамоадошларимни айблаш фикридан йироқман. Боиси, уларда ҳам оила, бола-чақа бор. Оилани таъминлаш учун эса пул керак...

    - Кетганимга Тачмурод Шамаковичнинг ҳеч қандай дахли йўқ. Чунки «Қизилқум»га ўтишни анча олдин режалаштириб қўйгандим.

    - Миллий чемпионатимизга асос солинган дастлабки йилларда совринли ўринлар учун ҳам 6-7та жамоа кураш олиб борарди. «Пахтакор» ҳам ўша пайтларда ўртамиёна клуб эди. «Дўстлик», МҲСК сингари кучли жамоалар бўларди. Афсуски, эътиборсизлик ва молиявий муаммолар сабабли улар йўқолиб кетди. Ҳозир миллий терма жамоамиз яхши натижаларга эришяпти, ёшлар термамиз икки марта жаҳон чемпионатида иштирок этди, ўсмирларимиз мундиалда кучли саккизликдан жой олишди, клубларимиз ҳам халқаро майдонларда ижобий натижаларни қайд этишмоқда. Лекин миллий чемпионатимизнинг савияси 1990 йилларда юқорироқ эди, менимча.

    -Футболчи сифатида Ўзбекистон чемпионлиги, мамлакат кубогини қўлга киритдим, миллий терма жамоамизда ўйнадим. Кўпчилик футболчилар буларни орзу қилади. Менга эса бу насиб этди. Ўтган фаолиятимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Москванинг «Спартак» клубидаги фаолиятим унчалик муваффақиятли чиқмаганди. Бироқ клуб орқали мени дунё таниди.

    - Ўшанда Киевнинг «Динамо» клуби таркибига қўшилиш варианти ҳам юзага келганди... Бироқ якунда «Спартак» (Москва) билан шартнома имзоладим.

    - Икки ўғлим айни пайтда футбол билан шуғулланаяпти. Кенжаси ҳам Худо хоҳласа, уларнинг изидан боради. Футболга қизиқибдими, майли ўйнайверсин.

    - Кўп йиллик тажрибамга таяниб шуни айтишим мумкинки, истеъдод футболда муҳим ўрин тутади. Бироқ у ҳам меҳнат орқали юзага чиқади. Шу сабабли, футболчи ўз устида кўпроқ ишлаши лозим. Шундагина у ўз олдига қўйган мақсадига эриша олади.

    - Фаолиятим давомида кўплаб мураббийлар қўл остида тўп сурдим. - Марҳум устозим Маҳмуд ака Раҳимов хотираси қалбимда абадий яшайди. Унинг қўл остида «Динамо» (Самарқанд) ва «Дўстлик» (Тошкент вилояти) клублари, миллий терма жамоамиз таркибларида ўйнаганман. Афсуски, автоҳалокат туфайли Маҳмуд ака ҳаётдан эрта кўз юмди. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин. Бошқа устозларим ҳақида ҳам фақат ижобий фикрлар билдиришим мумкин. Уларнинг ёрдамлари сабабли, шу даражага етишдим. Барчаларидан миннатдорман.

    Маълумот учун


    Жаъфар ИРИСМЕТОВ
    Туғилган санаси ва манзили: 1976 йил 23 август, Тошкент шаҳри
    Футбол билан 9 ёшидан шуғулланишни бошлаган
    Биринчи мураббийлари: Рашид Айтеков ва Вали Шамсиев
    Тошкентдаги БЎСМ ва Жисмоний тарбия институтини тамомлаган
    Амплуаси: ҳужумчи
    Фаолияти: «Дўстлик» (собиқ «Политотдел», Тошкент вилояти) - 1992-1997, 2000; «Панатинаикос» (Греция) - 1998; «Динамо» (Самар¬қанд) - 1999, 2010; «Спартак» (Москва) - 2001; «Анжи» (Махачқалъа) - 2002; «Кривбасс» (Украина) - 2003; «Қайрат» (Олма-Ота) - 2004 - 2005; «Олма-Ота» (Олма-Ота) - 2006 - 2007; «Актобе» (Актюбинск) - 2008 - 2009 йилнинг 1-давраси; «Ляонинг» (Хитой) - 2009 йилнинг 2-давраси; «Шўртан» (Ғузор) - 2011 йилнинг 1-давраси; «Қизилқум» (Зарафшон) - 2011 йилнинг 2-давраси;
    Мухлислик қиладиган жамоаси: «Барселона»
    Ёқтирган футболчиси: Лионель Месси


    манба : "ИнтерФУТБОЛ” газетаси.
    Категория: Интервью | Просмотров: 599 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz