Четверг, 02.05.2024, 19:51
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Декабрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Декабрь » 3 » Ярми ҳазил, ярми...«Оскар»га муносиблар
    11:00
    Ярми ҳазил, ярми...«Оскар»га муносиблар



    Кино - санъатнинг энг асосий турларидан бири эканлиги сир эмас. Айримлар футболни ҳам санъатга қиёслашади. Бу қайсидир маънода тўғри ёндашув. Чунки кино ҳам, футбол ҳам мухлисларга завқ-шавқ бағишлайди. Қолаверса, иккисининг шинавандалари етарлидан ҳам кўп топилади. Тўғри, футбол бу борада кинодан пича устунлик қилса, ажабмас. Бошқа томондан олсак, миллионлар ўйинида ҳам ўз «сценарий»лари, «режиссёр» ва «актёр»лари бор. Яхши биламизки, кино соҳасида ўзини кўрсатган, маълум ютуқларга эришиб, эл назарига тушганлар турли мукофотларга сазовор бўлишади. Бу каби мукофотларнинг энг нуфузлиси эса шубҳасиз, «Оскар» ҳисобланади. Қизиқ, «Оскар»ни футболимизга ҳам татбиқ этсак қандай бўларкин? Масалан, якунланган миллий чемпионатимиз ва умуман, 2011 йилги мавсум натижалари, кўрсаткичларига қараб, футболимизда фаолият олиб бораётган ижрочилар ичидан ўзига хос «Оскар»га муносиблар, аниқроғи, даъвогарларни аниқлаб олишга уриниб кўрайлик-чи?! Рамзий маънодаги совринларни кимларга бериш эса, ўз ҳукмингизга ҳавола.

    ЭНГ ЯХШИ РЕЖИССЁР
    Ушбу совринга терма жамоамизнинг Осиё кубоги-2011да 4-ўринни қўлга киритишига муносиб улуш қўшган Вадим Абрамов ва «Насаф» билан ОФК кубоги, миллий чемпионатимиз ва кубок баҳсларида муваффақиятли қатнашган украиналик «режиссёр» - Анатолий Демяьненколар номзод. Ким ғолиб чиқишини олдиндан тахмин қилиш жуда қийин...

    ЭНГ ЯХШИ АКТЁР
    Номзодлар орасида ҳозирча Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов ва Александр Гейнрихлар етакчилик қилишмоқда. Шунингдек, Санжар Турсунов, Темур Кападзе, Азизбек Ҳайдаров ва Игнатий Нестеровлар ҳам ғолиблик учун даъво қилишлари мумкин.

    ЭНГ ЯХШИ ХОРИЖЛИК АКТЁР
    Бу борада ҳам номзодлар етарли. «Бунёдкор»да бош ролни қойиллатиб адо этган Милош Трифунович, «Пахтакор» киностудиясида ишланган фильм¬нинг биринчи фаслида иштирок этган Душан Савич, «Насаф» жамоаси актёрлари - Андрейс Переплёткинс ва Иван Бошковичлар шулар жумласидан. Бир сўз билан айтганда, улардан кимни танлаш ихтиёри сизда...

    ЭНГ ЯХШИ ЁШ АКТЁР
    Темур Ҳакимов ва Аббос Махсталиевлар совринга жуда муносиб. Улар Мексикада ишланган сериалда ўз маҳоратларини бутун дунёга кўз-кўз қилишди. Яқин йиллар ичида уларга Голливуддан таклиф тушса ҳам, ажабмас. Мукофотни балки иккаласига ҳам топширармиз...

    ЭНГ КЎП СЎРАЛГАН АКТЁР
    Одил Аҳмедов бутун йил давомида матбуотнинг «оғзи»дан тушмади. Унинг тобора нуфузи кўтарилиб бораётган рус сериалида суратга тушаётгани, жумладан, ҳар бир қисмида қандай роль ўйнаётгани доимий тарзда мухлисларга етказиб турилди. Олтин ҳайкалча Одил Хонга насиб этиши аниқ-ов...!

    ЭНГ САДОҚАТЛИ АКТЁР
    Ушбу совринга асосий даъвогар - Анвар Бердиев. Чунки у Фарғонанинг «Нефтчи» клубида 11 йилдан буён садоқат билан хизмат қилмоқда. Тўғри, бошқа номзодлар ҳам йўқ эмас. Бироқ...

    ЭНГ ЯХШИ ТРАГИКОМИК АКТЁР
    Дарров кўпчиликнинг кўз ўнгида Темур Жўраевнинг қиёфаси гавдаланган бўлса, ажабмас. Ҳақиқатан ҳам, Темурнинг Осиё кубоги, Осиё Чемпионлар Лигаси ва «Пойтахт дербиси»даги ҳаракатларини кузатиб, Чарли Чаплин ва Алишер Узоқовларни ҳам унутиб юбордик.

    ЭНГ ЯХШИ ТРАГЕДИЯ
    Бу совринга «Ўзбекистон Осиё кубоги ярим финалида» фильми яққол даъвогар саналади. Ажойиб бошланган фильм¬нинг охири қандай якунлагани ҳеч кимнинг эсидан чиқиб улгурмаган. Ғоят ачинарли ва ғаройиб трагедия, шундай эмасми?

    ЭНГ ЯХШИ СЦЕНАРИЙ
    Мазкур мукофот ОФК киностудиясида ишланган картиналарга насиб этиши кутилмоқда. «Насаф»-«Демпо»-9:0, «Насаф»-«Ал-Тилол»-7:1, «Шўртан»-«Ал Сақр»-7:2 ва «Насаф»-«Чонбури»-0:1 (пен. сер. 4:3) фильмлари ғолиблик учун асосий даъвогар. Айниқса, сўнгги фильм мухлисларни қаттиқ ҳаяжонда ушлаб турди. Хайрият, картина якуни худди ҳинд фильмлари каби ижобий якунланди. Айтганча, ғолибликка даъвогар сценарийлар хорижлик ёзувчилар - Анатолий Демья¬ненко ва Эдгар Гессларнинг қаламига мансуб.

    ЭНГ ЯХШИ МУЛЬТФИЛЬМ
    Ёшлар лигаси доирасидаги «Металлург»-«Машъал» ўйинида томошабинлар асло зерикишмади. Ҳисобга назар солинг-а?! 4:6 (!) Фантастика! Голларнинг нақд 8таси 2-бўлимда киритилгани эса шунчаки, ҳайратланарли. Бу фильмни кўрсангиз, «Том ва Жерри» ҳам, «Денгизчи Папай» ҳам ёқмай қолади. Демак, ғолиб номи аниқдай.

    ЭНГ ЯХШИ ФИЛЬМ
    «Қатар-Ўзбекистон 0:2». Саргузашт-фантастика жанрида суратга олинган бу картина барча томошабинларга бирдек маъқул тушди, десак асло лоф урмаган бўламиз. Эътирозлар борми?

    ЭНГ ЯХШИ ЛОЙИҲА
    Шубҳасиз, бу номинацияда соврин ПФЛ мутасаддиларига насиб этади. Чунки ўринбосарлар турнирининг Ёшлар лигасига алмаштирилишининг ўзиёқ катта иш. Бизнингча, изоҳга ҳожат йўқ, шундайми?

    ЭНГ ЯХШИ ТРЮК
    Сервер Жепаровнинг Осиё кубогидаги икки ғаройиб сальтосини кўриб, ҳатто ён чизиқ ҳакамлари ҳам оғизларини очганча қолиб кетишди. Қолаверса, миллий терма жамоамизнинг сўнгги икки ўйинида Александр Гейнрих кўрсатган «ҳунарлар» ҳам совринга бемалол даъво қилиши мумкин. Ахир Сашанинг бир дақиқада футболчидан қанот ҳакамига айланганини ҳамма ажабланиб кузатди. Айниқса, ҳужумчи ёп-ёруғ майдонда шерикларини «чироқ ёқиб» қидиргани кўпчиликнинг ёдида анчагача сақланиб қолишига шубҳа йўқ.

    ЭНГ ЯХШИ РАҚС ПОСТАНОВКАСИ
    Бу совринга ҳам «Осиё кубоги» сериалидаги саҳналар даъвогарлик қилмоқда. Чунончи, Жепаров ва Гейнрих ижросидаги «алла» рақси ғолиб чиқиши эҳтимолга яқинроқ.

    ЭНГ ЯХШИ БОШЛОВЧИ
    Янги номинацияга Равшан Эрматовдан бошқа муносиб номзодни топиш амри-маҳол.

    ЙИЛ ЭНАГАСИ
    Бош мукофот доимий равишда ёш болаларга ишонч билдириб келган Равшан Ҳайдаровга насиб этса керак. Чунки унинг олдида Шквирин ҳам, Саркисян ва ҳаттоки, Евстафеев ҳам ип эша олишмади.

    ЙИЛ СЕРИАЛИ
    Ўсмирларимиз Мексика майдонларида ажойиб сериал яратишди. У ишқибозларга олам-олам қувонч туйғуларини бахш қилди. Фильмнинг бош режиссёри Алексей Евстафеев эса «Оскар» тақдимоти бошланмай турибоқ Epika автомобили билан сийланди.

    ТИТУЛИНИ МУНОСИБ ҲИМОЯ ҚИЛГАНИ УЧУН
    Мукофот «Бунёдкор»га насиб этиши аниқ. «Қалдирғочлар» чемпионликни яна муддатидан олдин ҳал қилишди ва ана шу совринни қаторасига 4-марта қўлга киритишди.

    НАҲОТКИ?!
    Ушбу номинацияда бош мукофотга «Насаф» ва «Навбаҳор» жамоалари даъво қилишмоқда. Чунончи, уларнинг биринчиси мамлакат кубоги ярим финалида «Бунёдкор»дан устун келди. Иккинчиси эса, айнан чемпион жамоани янги тарихида илк марта мағлубиятга учратди.

    ЙИЛ ҚАЙТИШИ
    Мазкур йўналиш ғолибининг номи ҳам деярли аниқ. Сезгандирсиз, гап «Сўғдиёна» ҳақида кетмоқда. Чунки жамоа ҳисоб бўйича 4-марта биринчи лигага қайтмоқда. Бу сафарги қайтиш кейинги беш йилликда учинчиси ҳисобланади. Тўғри, жиззахликларга «Локомотив» жиддий рақобат қилиши мумкин. Лекин барибир, тарозунинг оғир палласи ҳозирча «Сўғдиёна» тарафида.

    ЭНГ КАССАБОП ФИЛЬМ
    Бу йўналиш бўйича «Ўзбекистон-Япония» ва «Ўзбекистон-КХДР» фильмлари етакчилик қилмоқда. Зеро, бу картиналарни бутун дунё катта қизиқиш билан кузатди ва боз устига, бош «кинотеатр»да битта ҳам бўш жой қолмади. Чиқарилган чипталарнинг нархи «олибсотарлар» томонидан мисли кўрилмаган даражада оширилгани ҳам сўзимизнинг исботидир.

    ЭНГ ЯХШИ КЛИП
    Равшан Эрматов учун мазкур йил анча самарали ўтди. У «Божалар» ва «Зарба» гуруҳлари клипларида суратга тушди. Ҳакамимиз саҳна майдончасида актёрлик маҳоратини ҳам аъло даражада намойиш қилди. Шундай экан, бошқа даъвогарлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

    ЙИЛ ИБОРАСИ
    Мухлислар орасидаги иборалардан ўзингизга ёққанини танлаб олинг. Марҳамат: «Андижон» фақат уй жамоасими?», «Шўртан» фақат қор ёғса ютади!», «Пахтакор» водийдан мухлисларни ижарага олади», «Шўртан» мураббийга ёлчимайди»... Хўш, совринга қай бири муносиб?

    ЙИЛ ОДАМИ
    Ушбу номинацияда Вадим Абрамов ва Алексей Евстафеевлар ғолибликка асосий номзод. Бошқаларнинг имкониятлари нисбатан пастроқ.
    Мана, азизлар, эътиборингизга мукофотга лойиқ даъвогарлар рўйхатини тақдим қилдик. Лекин ёдда тутинг, бу соврин расмий мақомга эга эмас. Ярми ҳазил, ярми...


    Фуркат ЮСУПОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 568 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz