Пятница, 03.05.2024, 01:09
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Декабрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Декабрь » 8 » Рустам Акрамов: «ФИФА ва ОФК ютуқларимизни эътироф этяпти»
    19:30
    Рустам Акрамов: «ФИФА ва ОФК ютуқларимизни эътироф этяпти»



    Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Осиё давлатлари терма жамоалари бош мураббийлари ва менежерлари иштирокида конференция бўлиб ўтди. Унда қитъамизда футболни ривожлантириш масалалари ҳамда январь ойида Қатарда бўлиб ўтган Осиё кубоги якунлари кўриб чиқилди. Тадбир давомида ФИФА ва ОФК инструкторлари -Жим Селби, Квак Ка Минг, Лим Ким Чон, Нобору Ишияма, Терлочан Сингх, Жон Боултби каби мутахассислар маърузалар қилишди. Бундан ташқари, ОК-2011да кучли тўртликка кирган Япония, Австралия, Жанубий Корея ва Ўзбекистон жамоаларининг ўйинларига атрофлича тўхталди. Яна ОК-2015 ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Хабарингиз бор, навбатдаги чемпионат 4 йилдан сўнг Австралияда бўлиб ўтади.ОФК штаб-квартирасида Ўзбекистон номидан Вадим Абрамов ва Рустам Акрамовлар ҳозир бўлишди. Биз йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан ЎФФ техник директори, профессор Рустам Акрамовдан интервью олдик.

    - Осиё кубоги-2011 якунларига бағишланган илмий-амалий конференцияда ярим финалга чиққан жамоаларнинг расмийлари таклиф этилдилар, - дея сўз бошлади Р.Акрамов. - Ҳар бир иштирокчи томоннинг маърузаси учун 30 дақиқа вақт ажратилди. Эътиборлиси, илк сўз бизга берилди. Бош мураббий Вадим Абрамов Осиё чемпионатига олиб борилган тайёргарлик ва жамоа¬мизнинг мусобақадаги иштироки юзасидан батафсил маълумот берди.Ке¬йин навбати билан Жанубий Корея, Австралия ва Япония термалари мураббийлари ҳам чиқиш қилишди. Менга Абрамовдан ташқари, Хольгер Осиек ва Альберто Заккерониларнинг ҳисоботлари маъқул келди. Сўзга чиққанлар Қатарда ташкилотчилик аъло даражада бўлгани, шу пайтгача ўртамиёна ҳисобланган термаларда сезиларли ўзгариш кузатилганига урғу беришди. Осиё чемпионатининг янги мезбони - Австралияга тегишли кўрсатмалар берилди. Бу мамлакат йирик мусобақалар, хусусан, 2000 йили Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган. Шундай экан, ташкилотчилик масаласида ҳеч қандай муаммо туғилмаслиги аниқ. Конференциянинг иккинчи куни Осиё футболи муаммоларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Ишчи гуруҳга мен бошчилик қилдим. Қитъамиз футболининг бугунги кундаги энг катта муаммоларидан бири - бу легионерлар масаласи. Европа чемпионатларида тўп сураётган футболчилар ўз терма жамоаларига келишни кўпам исташмаяпти. Уларга узоқ парвозлар маъқул келмаяпти. Яна бир муаммо мусобақалар тақвими билан боғлиқ. Узоққа бормайлик, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 23 ноябрь куни БАА меҳмони бўлди. Орадан тўрт кун ўтиб, Австралия¬да ўйнадик. Европада бу ҳолатни тўғри тушуниш мумкин. Давлатлар ҳудудий жиҳатдан бир-бирига жуда яқин. Аммо Осиёда бундай эмас. Дубайдан Сиднейгача, яъни бир қитъадан иккинчисига 14 соат парвоз қилдик. Боз устига, Дубай аэропортида техник сабабларга кўра, 8 соат ушланиб қолдик. Тўғри, австралияликлар ҳам деярли шунга ўхшаш ҳолатга тушишди. Лекин улар ўйинни бир кун олдинга кўчиришди ва биздан кўпроқ дам олишди. Кўряпсизми, шу ернинг ўзида тенглик бузиляпти. Ўйлайманки, ОФК бу камчиликларни бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бошлайди. Конференция якунида қатнашчиларга эсдалик совғалар топширилди. Мен ва Абрамов ҳам бебаҳра қолмадик, албатта. ОФК номидан ФИФА вакилларига совғаларни эса камина тақдим этдим.

    - Йиғилишда Ўзбекистон футболи хусусида ҳам фикр билдирилдими?
    - Албатта. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда футболга қаратилаётган эътибор кундан-кунга ошиб бораётгани, ислоҳотларни амалга оширишда бевосита давлатнинг роли катта бўлаётганини алоҳида тилга олишди. Бунинг натижасида болалар футболида ўсиш кўзга ташлангани айтиб ўтилди. Тан олиш керак, сўнг¬ги йилларда болалар футболига эътибор тубдан ўзгарди. Республикамизда ихтисослаштирилган 14та махсус футбол мактаби фаолияти тартибга солинди ва бунинг учун катта маблағ сарфланди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказиладиган ҳудудий, республика миқёсидаги турнирлар сони оширилди. Секин-аста клублар қошида ҳақиқий академиялар ташкил этил¬япти. Болалар билан ишлайдиган мураббийларга нисбатан талаб кучайтирилди. Уларнинг маошлари оширилди. Ҳурматли Президентимиз футболга катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатяптилар. Натижаларни ўзингиз кўряпсиз. Биргина 2011 йил мисолида оладиган бўлсак, қисқа фурсат ичида тарихий ютуқларга эришилди. 3та номинацияда Осиёда йилнинг энг яхшиси бўлиш - бу кўп нарсани англатади. «Насаф»нинг ОФК кубогини ютиши, миллий жамоамиз кўрсатаётган ёрқин ўйинлар, олимпиячиларимизнинг Лондон сари дадил одимлашлари, ўсмирларимизнинг Мексикадаги жасоратлари, ногирон-ампутантларимизнинг яна бир бор жаҳон чемпиони бўлишлари... Бу муваффақиятлар ўз-ўзидан келмади. Эътибор беринг, шу кунгача ҳукуматнинг футболни янада ривожлантириш чора-тадбирларига йўналтирилган 7та қарори эълон қилинди. Дастлабки 3таси республикада миллионлар ўйинини оммалаштириш, ривожлантиришни ўз ичига олган бўлса, кейинги 4таси аниқ мақсадларга йўналтирилди. Асосий урғу моддий-техник базани такомиллаштиришга қаратилди. Клуб ва терма жамоалар фаолиятига ҳам катта эътибор берил¬япти. ФИФА президенти Зепп Блаттер Ўзбекистонга ташрифи чоғида бу масалага алоҳида урғу қаратганди. Айрим давлатларда ҳукумат федерация ишига аралашаётган бўлса, бизда аксинча ёрдам беряпти. Шу кунгача ёшларимиз икки, ўсмирларимиз эса бир марта жаҳон чемпионатида иштирок этишди.Бундай йирик спорт анжуманларидаги қатнашув охир-оқибат миллий жамоамизнинг мундиалга йўл олишига замин яратади. Ютуқларимиздан яна бири - бу мураббийлар тайёрлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилганлиги. Бу борада ҳеч иккиланмай айтаман, биз Осиёда кучли тўртликдамиз. Шу кунгача Тошкентда 70дан ортиқ хал¬қа¬ро мураббийлик ўқув-курсларини ташкил этдик. Унда 1,5 минг нафарга яқин мураббий таҳсил олиб, турли тоифадаги дипломларга эга бўлди. Ҳакамлик йўналишида ҳам айтишга арзигулик ютуқларга эришдик. Биргина Равшан Эрматовнинг ўзи яққол мисол. Осиёнинг тўрт карра энг яхши ҳаками ЖЧ-2010 доирасидаги 5та ўйинни бошқариб, ўзига хос рекорд ўрнатди. Бу йил Осиёнинг ҳам клублар, ҳам терма жамоалар миқёсидаги энг нуфузли турнири финалини бошқарди. Равшан учун мавсум ҳали якунланмади. У 8-18 декабрь кунлари Токио шаҳрида ўтадиган клублар ўртасидаги ЖЧга Осиёдан ягона номзод сифатида таклиф этилган. Миллий чемпионатимиздаги ҳакамлик савияси ҳам яхшиланди. Ҳар бир турдан сўнг «Ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси» ўйинларни чуқур ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини эълон қиляпти. Мураббийлар томонидан ёзиладиган шикоят хатлари деярли йўқолди. Ҳакамлар ҳақида мутахассислар, мураббийлар, футболчилар, қолаверса, мухлислар ҳам илиқ фикр билдира бошлашди. Ҳар йили 30 нафар истеъдодли ҳакам тайёрланмоқда. Бу борада Республика ҳакамлар тайёрлаш мактаби жонбозлик кўрсатяпти. Бу мактабга вилоятлардан энг иқтидорли ҳакамлар саралаб олиняпти. Эрматовдан ташқари, Валентин Коваленко, Владислав Цейтлин, Виктор Серазитдинов каби рефериларимиз ФИФА ва ОФК доирасидаги нуфузли мусобақалардан таклиф олишяпти. Дарвоқе, яна бир нарса, Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаров ФИФА йўналиши бўйи¬ча йилнинг рамзий терма жамоасига киритилишди. Ишончим комилки, 2012 йилги ютуқларимиз бунданда салмоқли ва залворли бўлади. Келаси йили юртимизда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпио¬нати ўтказилади. Бу Ўзбекистон учун катта спорт воқейлиги ҳисобланади.

    - ОФКдаги йиғилишда муаммо ва камчиликларимиз ҳақида ҳам гапирилдими?
    -Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. ОФК таҳлилчилари терма жамоамиз ўйинларига баҳо беришар экан, энг катта муаммо ҳимоя чизиғига боғлиқлигини айтишди. «Агар бу чизиқ ярим ҳимоя сингари кучли бўлганида, Ўзбекистон Осиё чемпионлигини қўлга киритарди», деган фикрлар ҳам янгради. Бу борада ОФК ва ФИФАнинг етакчи мутахассислари ўз тавсияларини беришди. Ўйинни назорат қилиш, индивидуал маҳорат, аниқ тўп узатиш, техник-тактик кўрсаткичлар бўйича Осиё¬да кучли учликдамиз. Бу менинг фикрим эмас, ФИФА ва ОФК таҳлилчиларининг хулосалари. Энди ўзим камчиликларимиз ҳақида мушоҳада юритиб кўраман. Ҳар ҳолда, муаммолардан холи эмасмиз. Хусусан, жаҳон футболи маркетингидан ортда қоляпмиз. Ўзбекистонда футбол рекламаси талаб даражасида эмас. Клубларимиз дунё даражасидаги легионерларни жалб этишлари ва шунинг баробарида ўз футболчиларини хориж клубларига жўнатишлари керак. Россия ёки Украи¬на эмас, иложи борича Ғарбий Европа клубларида тўп сурадиган футболчиларимизга эга бўлишимиз лозим. Клубларимиз томонидан харид қилинаётган легионерлар масаласида ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Шундай талаб қўйиш керакки, ўша легионер камида ўз терма жамоасига номзод бўлсин. Кейин юқори савиядаги мураббийлар сонини ошириш зарур. Жаҳон даражасидаги мураббийлар қанча кўп бўлса, рақобат шунчалик ошади. Яна кучли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари сонини кўпайтириш керак. Рақибларимиз камида Япония, Жанубий Корея, Австралия, шунингдек, Европанинг кўзга кўринган терма жамоалар бўлиши мақсадга мувофиқ. Ҳозир бу борада оқсаяпмиз. Миллий чемпионатимиз савияси ҳавас қиладиган даражада эмас. Совринли ўринларни олдиндан тахмин қилинган жамоалар эгаллашди. Стадионларга ўртача атиги 6-7 минг мухлис киряпти. Ҳамон келишилган ўйинлар сақланиб қоляпти. Шундай бўлгач, ўйинларни томоша қилиш учун стадионга кам ишқибоз тушади-да. Энг муҳим вазифа - олий ва 1-лига ўртасидаги тафовутни минимал ҳолатга келтириш. Европада қуйи дивизион жамоаси элита клубини мағлубиятга учратиши оддий ҳолга айланган. Бизда ҳам шундай ҳолат рўй беришини таъминлашимиз шарт. Аёллар футболида ҳам камчиликларимиз бор. Мана, Япония аёллар терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлди. Нима учун бу ишни биз амалга оширолмаслигимиз керак? Агар эътибор қаратадиган бўлсак, Европанинг кўзга кўринган клублари негизида аёллар жамоалари ҳам бор. Германия ва Бразилия ҳам эркаклар, ҳам аёллар ўртасида жаҳон чемпиони ҳисобланади. Бу мамлакатларда ҳар икки жинс футболига эътибор бирдек баланд. Ўйлайманки, юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал қилсак, марра бизники бўлади.

    - Рустам ака, олимпия термаси делегацияси таркибида сафар ўйинларига бориб келдингиз. Умуман, икки ўйиндан қандай хулосалар чиқардингиз?
    - Агар сафарда, боз устига, гуруҳдаги икки асосий рақибимиз билан дуранг ўйнаганимизни инобатга олсак, бу ижобий ҳолат. БАА - кучли жамоа. Унга ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Амирликлар билан учрашувда ғалаба қозонишимиз ҳам, мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди. Шу боисдан дуранг натижа ҳаққоний бўлди, деб ўйлайман. Лекин Австралияни ўша кунги ўйин нуқтаи назаридан олиб қараганда, енгишимиз шарт эди. Йигитларимиз рақибдан ҳар томонлама устунлик қилишди. Фақат буни ҳисобда исботлай олишмади. Ҳужумда ишларимиз юришмади. Кўп ҳолларда совуққонлик етишмади. Балки бу тажрибанинг камлиги билан боғлиқдир... Майдон эгалари биздан чўчиб ҳаракат қилишди. Энди 5 февраль куни Тошкентда бўладиган жавоб учрашувида уч очкони қўлга киритишимиз шарт. Гуруҳнинг иккинчи давра ўйинларига жиддий ҳозирлик кўрилади. Мақсад - Олимпиадага тўғридан-тўғри йўлланма олиш. Бунинг учун федерация раҳ¬бария¬ти барча зарур чораларни қўллаяпти. Январь ойида БАА¬да икки ҳафталик йиғин ташкил этилади. Шунингдек, Қувайт олимпия жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказилади. Ёдингизда бўлса, Осиё кубогига айнан шу тарзда ҳозирлик кўрилган ва якунда ўз мевасини берганди. Гап миллий жамоага бориб тақалган экан, Абрамовнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлайман. Япония, КХДР терма жамоалари жой олган гуруҳда пешқадам бўлиб турибмиз. Шунинг ўзи кўп нарсадан дарак беради. 29 февраль куни Осиё чемпиони билан сафарда ўйнаймиз. Тошкентдаги учрашувда катта ташаббусга эга бўла туриб, икки очкодан маҳрум бўлгандик. Гарчи навбатдаги ўйин амалда ҳеч нарсани ўзгартирмасада, биз учун ижобий натижа сув ва ҳаводек зарур, деб ўйлайман. Биринчи галда, футболчиларнинг руҳи янада кўтарилади. Шуни унутмаслик керак.

    - Шахсан сиз учун якунланиб бораётган 2011 йил нимаси билан ёдда қоляпти?
    - Ўзбек футболи ривожига озми-кўп ҳисса қўшиб келаётганимдан хурсандман. Меҳнатларим меваси сифатида ОФКнинг «Олтин юлдуз» соврини билан тақдирландим. Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Жазоир, Мальдив ороллари, Непал, Шри-Ланка, Яман, БАА каби кўплаб мамлакатларда 1000дан ортиқ мураббийларни ўқитишга ҳисса қўшдим ва устозлик қилдим. Мураббийлик таълими бўйича ФИФА ва ОФКнинг 40дан ортиқ курсларини ўтказдим. Куа¬ла-Лумпурда ташкил этилган маросимда 38 киши «Олтин юлдуз» соврини билан тақдирланди. «Олтин юлдуз» - бу мен учун биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Осиё футболига кўплаб мураббийлар тайёрлаб бериш жараёнида қилган машаққатли меҳнатларимнинг тан олиниши. Табиийки, мукофот менга янада куч-ғайрат ва масъулият бағишлайди. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон ва Осиё футболи учун хизмат қилишда давом этаман.


    Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
    манба : "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 518 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz