Пятница, 03.05.2024, 01:33
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Декабрь 2011  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Декабрь » 9 » Темур Ҳакимов: Устозларимдан миннатдорман
    12:05
    Темур Ҳакимов: Устозларимдан миннатдорман

    Ушбу интервью "Чемпион" газетасининг аввалги сонида чоп этилган.

    Темур Ҳакимов ўзбек футболининг умидли ёшларидан ҳисобланади. Ўзбекистонлик мухлислар бу йигитчага ўзгача назар билан қарайдилар, ундан кўп нарса кутадилар. Аммо охирги вақтларда Темур ҳақида турли гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Бу футболчининг юлдузлик касалига чалингани, турли кечаларда фаол иштирок этиши ҳақидаги хабарларни эшитган ҳар қандай мухлиснинг ҳам хаёлига бошқача фикрлар келиши мумкин. Шу сабабли ҳам, ёш футболчи билан суҳбатлашиб, бундай гап-сўзларнинг боисини аниқлашга ҳаракат қилдик. Темур Ҳакимов ҳеч қандай эътирозсиз суҳбатга рози бўлди. Саволларга самимий оҳангда жавоб қайтарди. Ҳеч қайси саволга жавоб беришдан бўйин товламади. Юлдузлик касалига келадиган бўлсак... Бу борада интервьюни ўқигач, ўзингиз хулоса чиқарарсиз.

    — Темур, ҳозирда нималар билан бандсиз? Ишларингиз қандай?
    — Ишларим яхши. Олимпия захиралари коллежидаги таҳсилимни давом эттирмоқдаман. Мавсум якунлангандан сўнг, бор эътиборимни ўқишга қаратганман.

    — Ўтган мавсумдан кўнглингиз тўлдими?
    — Терма жамоа сафида Мексикада ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этдик. Унда имкон қадар муносиб ўйин намойиш этишга, Ватанимиз шарафини юксалтиришга интилдик. "Пахтакор" сафида ҳам аста-секин захирадан бўлса-да, майдонга тушиб келмоқдаман. Клуб билан Ўзбекистон Кубогида ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. Албатта, бу соврин ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ. Унда ғалаба қозониш учун қаттиқ кураш олиб бордик. Охирги йилларда Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида рақобат борган сари кучайиб бормоқда. Ҳар сафар қаттиқ кураш олиб боришга тўғри келмоқда. Мавсумдан кўнглим батамом тўлди, десам, тўғри бўлмас. Баъзи учрашувларда бошқачароқ натижа қайд этилиши ҳам мумкин эди. Умид қиламанки, келгуси фаолиятим давомида барчаси бундан кўра яхшироқ бўлади.

    — Бу йилдан бошлаб захирадан майдонга тушишни бошладингиз. Келаси мавсумдан эътиборан сизни асосий таркибда кўришимиз мумкинми?
    — Ўзим ҳам шуни орзу қиламан. Бу ишни амалга ошириш учун машғулотлар вақтида имкон қадар кўпроқ ишлашга ҳаракат қилмоқдаман. Мураббийимиз ҳар доим бизга далда бериб, қайси жиҳатларимизни кучайтиришимиз лозимлигини айтиб туради. Умид қиламанки, келгуси йилдан эътиборан асосий таркибда майдонга тушиб, жамоамга янги ютуқларни қўлга киритишда ёрдам бера оламан.

    — "Пахтакор"даги ички муҳит ҳақида нима дея оласиз?
    — Жамоамиздаги ички муҳит аъло даражада. Барча йигитлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келадилар. Мураббийлар билан муносабатимиз ҳам яхши. Бир сўз билан айтганда — футбол ўйнаш учун барча шароит яратилган. Жамоамизда ёш футболчилар кўп. Тажриба тўплашимиз учун бизга бироз вақт ва имконият керак. Имконият борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Жамоамиз барча шароитни яратиб берган. Мухлислардан бир нарса сўраган бўлардим, бизга бироз фурсат берсалар, улар кутган барча нарсани амалга оширган бўлардик. Ишончим комил, келгуси йили "Пахтакор" Ўзбекистон чемпионати, Кубоги ва Чемпионлар лигасида ҳам муносиб иштирок эта олади. Бунинг учун жамоамизда барча имконият бор.

    — Мексикада ўтган жаҳон чемпионати хотиралари сиз учун ҳозирча энг яхшисими?
    — Ҳа. Албатта, бу мусобақа мен учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Ундан илиқ хотиралар қолган. Аммо энди жаҳон чемпионати тарихга айланди. Ҳар доим фақат хотиралар оғушида яшаб бўлмайди. Мен Темур Ҳакимовнинг кучли футболчи эканини ҳар доим исботлаб юришим лозим. Бунинг учун эса машғулотларда тер тўкишим, янги ғалабаларга эришишим керак.

    — Кўпчилик мухлислар сизни ўзбек футболининг асосий умидларидан бири, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг ишончини оқлай олишингизга ишонасизми?
    — Мен мухлисларнинг фикрини ҳар доим ҳурмат қилганман. Уларнинг умидларини оқлаш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Аввало, бундай эътирофга сазовор бўлишнинг ўзи катта бахт. Аммо унга тўлиқ ҳақли бўлиш ва исботлаш ундан-да оғир. Мен зиммамдаги масъулиятни яхши ҳис қилиб турибман. Мухлисларни ишонтириб айтишим мумкинки, уларнинг умидларини оқлаш учун қўлимдан келган барча ишни амалга ошираман.

    — Аммо нимагадир сизни Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига чақирмадилар. Балким бунга ўзингиз сабабчидирсиз? Бир сафар шу ҳақида терма жамоа бош мураббийи Аҳмаджон Мусаевдан сўраганимда, сизнинг етарлича спорт формасида эмаслигингизни айтган эди.
    — Агарда мураббийлар мени ёшлар терма жамоасида ўйнашга номуносиб деб топган эканлар, уларнинг фикрини ҳурмат қилиш лозим. Балки мендан қандайдир хато ўтгандир. Бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Шуни ишонч билан айтишим лозим, мен Аҳмад акани ҳам, Алексей Евстафеевни ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан. Улар менинг устозларим. Ҳар доим тўғри йўлга йўналтирганлар, футбол сир-асрорларини ўргатганлар. Футболчи сифатида танилишимда, мухлислар назарига тушишимда уларнинг ҳиссаси жуда катта. Буни ҳар доим ёдимда сақлайман ва уларни ҳурмат қиламан. Қилган хизматлари учун уларга миннатдорчилик билдираман. Терма жамоа масаласига келсак, ўз устимда ишлашда, ўйинимни ўстиришда давом этишим лозим. Агарда салоҳиятимни намойиш эта олсам, албатта, терма жамоага чақиришларига ишонаман.

    — Баъзан сиз ҳақингизда турли гап-сўзларни эшитиб қоламиз. Юлдузлик касали, тунги барлар, "Пахтакор"да ўйнашдан бош тортиш... Келинг, шуларга аниқлик киритсак. Сизда юлдузлик касали борми?
    — Мен футболни яхши кўраман, жамоадошларим билан дўстман, мухлисларни ҳурмат қиламан, кибр сақламасликка ҳаракат қиламан. Шундай экан, қандай қилиб юлдузлик касалига чалинишим мумкин. Бунинг устига ҳали айтарли ютуқларга эришмаган бўлсам. Боя айтганим сингари, ўсмирлар ўртасида ўтказилган мусобақалар ортда қолди. Мен энди олдинга интилишда давом этишим, янги ғалабаларга эришишим лозим. Ҳали ютуқларга эришмай туриб, қандай қилиб юлдуз бўлиш мумкин. Мен ўзимни юлдуз деб ҳисобламайман. Ҳали кўп ишлашим ва ўзимни кўрсатишим керак. Агарда менинг қандай инсон эканимни билишни истасангиз, жамоадошларимдан, дўстларимдан сўранг. Менинг ўзим ҳақида гапиришим нотўғри бўлса керак. Яхшиси, буни улардан сўраганингиз маъқул.

    — Бундан бироз вақт олдин "Пахтакор"да ўйнашни истамаслигингиз ҳақида ҳам гап-сўзлар пайдо бўлганди.
    — Бундай гап-сўзларда ҳеч қандай асос йўқ. Мен "Пахтакор"ни жон-дилим билан яхши кўраман. Болалигимдан "Пахтакор"да ўсдим, вояга етдим. Шу ерда футбол сир-асрорларини ўргандим, тарбия олдим, ўйинчи сифатида шаклландим. Ҳамон у ерда тажрибамни ошириб келмоқдаман. Мен бу клуб сафида ўйнашни болалигимдан орзу қиламан. Асосий таркибда майдонга тушиб, ғалабаларга эришиб, мухлислар олқишига сабабчи бўлишни истайман. "Пахтакор" — мен учун иккинчи оила. У менга футболдаги барча нарсани берди. Жамоа олдида ўзимни қарздор ҳис қиламан. Келажакда ғалабаларга ҳисса қўшиб, мана шу қарзимни қайтаришни хоҳлайман.

    — Тунги клублар...
    — Менимча, сиз футбол нашрларидан бирида чоп этилган миш-мишлар ҳақида сўраяпсиз шекилли. Аслини олганда ҳар қандай инсон ҳам шахсий ҳаётга ҳақли бўлади. Аммо футболчилар эл-юрт шаъни учун майдонга тушар эканлар, уларга нисбатан қизиқиш катта бўлишини ҳам инобатга олиш лозим. Бир нарсани таъкидлаб ўтишни истайман — спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари мен учун ёт нарса. Мен профессионал футболчиман ва соғлом турмуш тарзига амал қилишим лозимлигини жуда яхши биламан. Балки бир-икки марта ресторан ёки бошқа жойга боргандирман. Аммо бу дегани, мунтазам равишда шундай жойларда вақтимни ўтказаман, дегани эмас. Мен режимга амал қиламан ва футболчи сифатида ўсиш учун бор кучим билан интиламан.

    — Яхши. Энди бошқа мавзуга ўтсак. Ўзбекистон ва Австралия олимпия терма жамоалари ўртасида кечган ўйинни томоша қилдингизми?
    — Ҳа, албатта. Бундай ўйинларни ҳар доим алоҳида диққат билан томоша қиламан. Йигитларимиз Австралиядек кучли жамоага қарши ажойиб ўйин намойиш қилдилар. Гарчанд узоқ муддатли парвоздан сўнг чарчаб борган бўлсалар-да, жамоамиз австралияликларга қараганда яхшироқ ўйин кўрсатди. Бирозгина омад бўлганида, улар ғалаба билан қайтишлари ҳам мумкин эди. Аммо сафарда Австралиядек кучли жамоага қарши ўтказилган учрашувда дуранг натижа қайд этиш ҳам ёмон эмас. Ишончим комилки, олимпия терма жамоамиз ҳам, миллий терма жамоамиз ҳам саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ўз олдиларига қўйилган вазифани уддалай оладилар.

    — Болалигингизда оилангиздагилар футбол билан шуғулланишингизга қандай қарар эдилар?
    — Ота-онам ҳар доим бунга нисбатан ижобий муносабатда бўлганлар. Улар менга футбол билан шуғулланиш учун барча шароитни яратиб берганлар. Бунинг учун улардан умрбод миннатдорман.

    — Футбол ўйнаган болакай кўпинча уст-бошини, оёқ кийимини йиртиб келиши, у ёқ, бу ёғини тирнаб, жароҳатлаб келиши мумкин. Бундай вақтларда дакки эшитмасмидингиз?
    — Мени ота-онам ҳеч қачон футбол ўйнаганим учун койимаганлар. Аксинча, ҳар доим спорт билан шуғулланишимни қўллаб-қувватлаб келганлар. Тўғри, баъзан жароҳат ҳам олиб турардим. Аммо ота-онам буни тўғри қабул қилган. Спорт болаларнинг тарбиясида жуда катта аҳамият касб этишини улар тўғри тушунардилар. Замонавий ҳаётда ёшларни йўлдан оғдириши мумкин бўлган кўплаб иллатлар бор: ичкилик, тамаки, наркотик моддалар. Спорт буларнинг барчасига қарши туради, олдини олади. Мен болалигимдан футбол билан шуғулланиш учун барча шароитга эга бўлганман.

    — Яқинда Осиё футболининг энг кучлилари аниқланди. Унга кўра қитъанинг энг яхши ёш футболчиси дея япониялик Хидеки Ишиге тан олинди. Сизни эса иккинчи ўринга муносиб кўрдилар. Бунга қандай қарайсиз?
    — Аслида қитъа даражасида эътироф этилишнинг ўзи катта нарса. Мен бундан фақат хурсанд бўламан. Энг яхши футболчи сифатида япониялик футболчини тан олганларига нисбатан бирор нарса дея олмайман. Бу футболчига қарши икки марта майдонга тушганман. Япония терма жамоаси бир марта юртимизга келган ва ўз навбатида биз ҳам уларда меҳмон бўлганмиз. Аммо бунга ҳам бир йилча вақт бўлиб қолди ва айни вақтда япон футболчисининг қандай ҳолатда эканини аниқ билмайман.

    — Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
    — Оилам, дўстларим билан ўтказаман. Севган қизим билан сайр қиламан.

    — Футболдан ташқари яна қандай спорт турларига қизиқасиз?
    — Катта теннисга. Бу спорт турини томоша қилишни ҳам, унда ўйнашни ҳам ёқтираман.

    Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди.

    Манба: «Чемпион» газетаси
    Категория: Интервью | Просмотров: 579 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz