Понедельник, 06.05.2024, 01:37
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Март 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2012 » Март » 6 » А.Аверьянов: «Чизиқларда муаммо бор деб ўйлайман»
    17:37
    А.Аверьянов: «Чизиқларда муаммо бор деб ўйлайман»

    Россиялик мутахассис Александр Аверьянов бошқарувидаги «Андижон» жамоаси янги мавсумга қизғин руҳда тайёргарлик кўрмоқда. Янги бош мураббий жамоага келганидан сўнг таркибда бир қатор ислоҳотларни амалга оширди.

    Бу йил клубга олдинги йиллардагидек маҳоратли, номи чиққан футболчилар у қадар таклиф этилгани йўқ. Бош мураббий асосий эътиборини маҳаллий ўйинчиларга қаратишини дастлабки келган пайтидаёқ айтганди. Шунинг учун жамоада бундай ўйинчилар кўпчиликни ташкил этмоқда. Мураббий икки ойдан бери жамоани мавсумга тайёрлаб келмоқда.

    Албатта, бу вақт давомида ўйинчилар ўсишга эришишди. Мураббийларга эркин ишлаш учун барча шароитлар яратиб берилганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Бу борада клуб раҳбарияти мураббийни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Туркия йиғини ҳам бундан мустасно эмас. У ерда «Бургутлар» икки ҳафта давомида ўқув-машғулот йиғинини ўтказдилар.

    29 февралдан эса жамоа аъзолари Андижонда тайёргарлик кўришяпти. Умуман, Александр Аверьяновга берадиган саволларимиз йиғилиб қолганди. Шунинг учун клуб базасида мураббий журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

    - Александр Николаевич, авваламбор Туркияда бўлиб ўтган ўқув-машғулот йиғини ҳақида сўрамоқчи эдик. Ушбу йиғиндан қанчалик кўнглингиз тўлди?
    - У ерда икки ҳафта шуғулланишни режалаштирганмиз. Табиийки, Туркияда ўйлаган ишларимизни амалга оширдик. Футболчиларнинг техник-тактик ҳамда жисмоний томондан имкониятларини яхшилашга ҳаракат қилдик. Ушбу йиғин давомида кимлар шуғулланишган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг жисмоний ҳолати яхши эканлиги сезилиб турибди. Қолаверса, ўртоқлик учрашувлари давомида турли хил тактик услубларни қўллаб кўрдик. Тўғри, янги тактикага киришиб кетиш қийин. Шу боис хатолар ҳам кузатилди. Лекин бу усулда тўп суриб ҳужумкор ўйин кўрсата олиш имкониятини намойиш этдик. Чунки ўйинлар давомида кўплаб голга тортадиган вазиятларни ярата олдик.
    Бизнинг қийнаган томони шу бўлдики, ўйинларда асосан битта ҳужумчи – Акмал Жўрабоев билан ўйнадик. Лочин Солиев эса жароҳатга учрагани сабабли якка тартибда шуғулланди. Шунинг учун ҳужумкор ўйин кўрсатганимизда олдинги чизиқда етарли ўйинчилар бўлмади. Ҳозирги ҳолатимизга тўхталадиган бўлсам, биз селекция ишларини олиб борган ҳолда таркибни кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўтган мавсумдаги таркибдан ҳаммаси бўлиб 16 нафар футболчи клубни тарк этган. Олдин ҳам айтганимдек, биз асосий эътиборни маҳаллий ўйинчиларга қаратамиз. Эътибор бераётган бўлсангиз, 70-80 фоизини асосан ўзимизнинг футболчилар ташкил этишади. Раҳбарият билан гаплашганимизда ҳам асосан маҳаллий футболчиларга эътибор қаратиб уларнинг савиясини оширишга аҳамият беришимизни айтганмиз. Ўйлайманки, қилаётган бу ишларимиз албатта ўз самарасини беради.

    - Умуман, Туркия йиғинидан кўнглингиз тўлди, шундайми?
    - Ҳа, биз учун хориж сафари яхши ўтди. Чунки қиш фаслида Туркияда шуғулланиш ҳамма жамоа учун қўл келади. Бу ерда эса қор кўп ёғади ва машғулотларни кўнгилдагидек ўтказиш имконияти бўлмайди. Яхши майдонни топиш ҳам муаммога айланади. Туркияда эса ҳамма шароит бор. У ерда истаган рақиб билан ўйнаш мумкин. Майдонлар эса жуда яхши ҳолатда. Бир кун кучли шамол бўлмаганини ҳисобга олмаганда ҳаммаси яхши ўтди. Футболчилар ҳам ўз устида яхши ишладилар ва бу мени хурсанд қилди. Шу боис бу борада уларга эътирозим йўқ. Ўйинлар давомида бир-бирини янада яхшироқ тушуниб боришмоқда.

    - Ўтказилган ўртоқлик учрашувлари жамоа учун қай даражада фойдали бўлди деб ўйлайсиз?
    - Йиғин давомида тўртта назорат учрашувида қатнашдик. Кунига икки маҳалдан машғулот ўтказганимиз боис бу ўйинлар футболчилардан қўшимча кучни талаб қилди. Тўғрисини айтсам, бошидаёқ бизнинг режаларимиз ўзгариб кетди. Ҳаммаси хитойликларнинг рад жавобини берганидан кейин юз берди. Чунки биз сафарга кетишдан аввал қайси кунлари ўйин ўтказишимизни тузиб олгандик.
    Дастлабки ўйинни Молдавиянинг «Нистру» клубига қарши ўтказдик. Бу учрашув тўлиқ бизнинг устунлигимиз остида ўтди. Бироқ ўша куни кучли шамол бўлгани учун бу ўйинга ҳалақит берди. Молдавияликлар бундан фойдаланиб қолишди ва шамолнинг таъсирида дарвозамизга тўп киритишди. Иккинчи бўлим ҳам тўлиқ ташаббусимиз остида ўтди ва рақибни жарима майдонига сиқиб қўйдик. Шунга қармасдан яратилган вазиятлардан фойдалана олмадик.
    Иккинчи ўйинни Швейцариянинг «Шоффенхаузен» жамоасига қарши ўтказиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Бу учрашувда Акмал Жўрабоев ўзини кўрсатиб иккита гол урди. Айнан ушбу учрашувда шогирдларим мен хоҳлаган ўйинни кўрсатишди ва бу менга ёқди.
    Кейинги беллашувни Донецкнинг «Шахтёр» клуби ёшларига қарши ўтказдик. Рақибимиз яхши савиядаги жамоа эди. Негаки, улар анча пайтдан бери бир-бирлари билан ўйнаб келишаётганди. Ушбу ўйиндаги мағлубиятдан ўзим айбдорман. Нимагаки, бу учрашувда футболчиларнинг жойларини ўзгартириб уларни бошқа-бошқа позицияларда синаб кўрдим. Мисол учун Азиз Қаюмов бошқа чизиқда ўйнади. Даврон Турсунов эса ҳимоянинг марказида тўп сурди. Хуллас таркибда ўзига яраша эскпериментларни бажардим. Ҳимояда иккита хатога йўл қўйганимиз учун ютқазиб қўйдик. Аммо донецкликларга қарши учрашувда ҳам 5-6та голга тортадиган имкониятларимиз бўлганди.
    Охирги учрашувни «Амкар» ёшларига қарши ўтказдик. Ушбу жамоа ҳам яхши савиядаги рақиб саналарди. Умуман биз уларга қарши ёмон ўйнаганимиз йўқ. Фақатгина ушбу беллашув биз учун яхши бошланмади. Чунки дастлабки дақиқадаёқ ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Гарчи кейин имкониятларга эга бўлган бўлсак-да, улардан фойдалана олмадик. Фақатгина яратилган вазиятларнинг биттасидан фойдалана олдик холос. Ҳисоб 1:2 бўлиб турган пайтда яна гол уришга яқин қолгандик. Ўйин охирида эса дарвозамиздан учинчи тўпни ҳам ўтказиб юбордик.

    - Айтингчи, Туркия йиғини давомида қайси футболчиларнинг ҳаракатлари сизда яхши таассурот қолдирди?
    - Шу ўринда таъкидлашим керакки, Туркияга олиб кетган таркибимиздан ташқари у ерда икки нафар легионер ўйинчини ҳам синаб кўрдик. Белоруссиялик Константин Якуболвский билан россиялик Александр Лактионов йиғинимизда қатнашишди. Лекин бу футболчилар бизда унчалик яхши таассурот қолдиришмади. Шу боис ўша ердаёқ уларга жавоб бериб юбордик.
    Бундан ташқари йиғинимиз давомида Тожикистон терма жамоасининг икки нафар ўйинчисини ҳам кузатиб бордик. Уларни асосан ўз терма жамоасининг машғулотлари орқали кўрдик. Улардан фақат биттасинигина таркибимизга қўшиб олишимиз мумкин. Чунки +1 фафат осиёлик ўйинчи учун берилган.
    Энди ўзини кўрсатган ўйинчиларга тўхталсам, машғулотларда ва ўйинларда Илдар Маматказин, Иброҳим Отахонов, Санжар Тўрақулов ва учрашувлар давомида тўпурар бўлган Акмал Жўрабоев каби футбочлилар яхши таассурот қолдиришди. Булардан ташқари қайсидир ўйинларда Ислом Аҳмедов, Икром Ибрагимов, Рустам Аъзамов ёки Азамат Исаев ўзини кўрсатдилар. Шунингдек, тажрибали футболчи Александр Половковни ҳам айтиб ўтган бўлардим. Шунингдек, дарвозабонларимиз ҳам яхши ишлашди. Афсуски, йиғин давомида икки нафар посбонимиз жароҳат олишди. Асосий дарвозабонимиз Александр Петухов ҳам жароҳатга учрагани боис ҳозирда тикланиш жараёнини ўтказмоқда.

    - Александр Николаевич, нима учун Якубовский билан Лактионовдан қониқмадингиз?
    - Гап шундаки, бу футболчиларнинг маҳаллий йигитларимиздан устун томонларини кўрмадим. Бизга савияси баланд бўлмаган ўйинчилар керак эмас. Ундан кўра ўзимизнинг футболчиларни тарбиялаб ўйнатган маъқул.

    - Дарвоқе, йиғинлар мобайнида икки нафар бразилиялик ўйинчиларни ҳам текшираман дегандингиз...
    - Бразилиялик футболчилар Туркияда бизнинг сафимизга эмас, балки Қозоғистон клубига бориб қўшилдилар. Менимча қозоқлар уларга молиявий томондан яхши таклиф билан чиқишгандир. Шу боис ўйинчилар бошқа жамоани танлашди. Лекин Рикардо Сантос билан музокаралар бўлганди. Мен бу футболчини яхши билардим. Россияда «Жемчужина», «Химки» каби клубларда тўп сурганди. Бошида у бизнинг таклифимизга ҳам рози бўлиб турганди. Бироқ футболчи турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашганидан кейин таклифимизни қабул қилмасдан бошқа жамоага кетишга қарор қилди. Кўриб турганингиздек, Туркияда бразилиялик ўйинчини сафимизга қўшиб олиш имконияти бўлганди. Бизга ана шундай техникаси юқори ўйинчи керак эди. Афсуски, бу трансферни амалга ошира олмадик.

    - Яхши биламизки, Россияда сиз билган футболчилар жуда кўп. Қолаверса, бу борада танишларингиз ҳам етарли. Шуни инобатга олганда яна бошқа ўйинчилар билан алоқага чиқмадингизми?
    - Тўғри, бу борада Россияда танишларим кўп. Бироқ ўйинчиларни таклиф этиш борасида муаммо бор. Муаммо шундаки, у ерда ўтган йилдан бери футбол мавсуми тугагани йўқ. Аниқроғи, учинчи давра беллашувлари бошланяпти. Яхши савиядаги футболчиларнинг эса ўз жамоалари билан шартномалари мавжуд. Табиийки, бундай паллада клублар ўз ўйинчисини қўйиб юбориши жуда қийин масала. Бироқ шундай бўлса-да, биз ушбу масала юзасидан иш олиб бордик ва айни пайтда икки нафар ўйинчини кўз остимизга олиб қўйганмиз.

    - Юқорида тактик услублар қўллаётганингиз ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Айтингчи, шогирдларингиз бундай усулларга қанчалик мослашишяпти?
    - Ҳозирги пайтда мен футболчилардан нимани талаб қилаётганимни улар яхши ҳис қилиб турибдилар. Машғулотларда нималага эътибор қаратиш керак? Ўйин пайтида қандай ҳаракат қилиш керак? Бу каби ҳолатларни улар мияларига сингдириб олишган. Инкон этмайман, хатоларимиз ҳам бор, йўқ эмас. Шунинг учун айни пайтда бу каби камчиликларни бартараф этиш йўлида ишлаяпмиз. Ҳали чемпионат бошланишигача вақтимиз бор. Умид қиламанки, шогирдларим мавсум бошлангунига қадар янада яхшироқ формага кириб оладилар.

    - Сиз ўйинларни диққат билан кузатдингиз. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўслак, яна қайси чизиқларни кучайтириш керак деб ҳисоблайсиз?
    - Чизиқлар борасида камчиликларимиз бор деб ўйламайман. Туркиядан қайтиб келганимиздан сўнг яна 2-3та ўйинчини жамоамизга таклиф қилганмиз. Ҳа, улар ҳали ёш ва малакаларини оширишлари лозим. Бу пайтга келиб тажрибали ўйинчиларни топиш қийин. Чунки улар ўз жамоалари билан шартномалар тузиб бўлган. Шу боис бор эътиборни ихтиёримиздаги ўйинчиларга қаратамиз ва бу бизнинг асосий таркиб ўйинчиларимиз саналишади.

    - Мавсум бошланишигача вақт бор. Бу борада кейинги режангиз қандай?
    - Режаларимизни бир-икки ой олдин тузиб қўйгандик. Масалан, Туркияда йиғин ўтказганимиздан кейин машғулотларимизни Андижонда ўтказишни режалаштирганмиз. Бу вақт давомида ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказишни ният қилганмиз. Биз «Навбаҳор» жамоаси билан 3 март куни ўзаро ўйин ўтказишни келишиб қўйгандик. Аммо наманганликлар мураббийининг айтишича, бу ўйин бироз суриладиган бўлди. Назаримда уларда қандайдир муаммо пайдо бўлди шекилли. Лекин кейинроқ бўлса-да, бу ўйин бўлади. Шунингдек, биз «Нефтчи» билан ҳам ўйнамоқчимиз. Бу учрашув қачон бўлишини эса улар билан шу кунларда келишиб оламиз. Негаки, 7 март «Нефтчи» ОФК Кубогидаги дастлабки учрашувини ўтказади.

    - Чемпионатимизда 14та жамоа қатнашмоқда. Мутахассис сифатида бунга қандай қарайсиз?
    - Албатта бу оз. Ўртача қараганда ҳеч бўлмаса 16та жамоа бўлиши керак. Чунки Ўзбекистонда ўйнаш учун имкониятлар Россияга қараганда яхшироқ. Шу боис бемалол куз фаслиниг охиригача мусобақани давом эттирса бўлади. 16та бўлса яхши бўларди-ю, барибир бу масалани ПФЛ раҳбарлари ҳал қилишади.

    - Ишлаш жараёнида ҳеч қандай муаммога дуч келмаяпсизми?
    - Камчиликларни ҳаммада ҳам учратиш мумкин. Ўзига яраша оз-моз камчиликлар бор. Лекин бу каби муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилиняпти. Асосийси машғулотлардаги камчиликларимизни бартараф этишимиз лозим.

    Шуҳратбек ЖЎРАЕВ сухбатлашди.
    Манба: burgutlar.com.
    Категория: Интервью | Просмотров: 484 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz