Понедельник, 06.05.2024, 20:29
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
«  Февраль 2012  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
272829
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2012 » Февраль » 16 » Фарҳод Магометов: «Футбол - менинг тақдирим, бахтим, ҳаётим»
    12:51
    Фарҳод Магометов: «Футбол - менинг тақдирим, бахтим, ҳаётим»



    1994 йил 16 октябрь. Япониянинг Хиросима шаҳри мезбонлигида ўтган 12-Осиё ўйинлари футбол баҳсларида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳал қилувчи учрашувда Хитойни мағлубиятга учратиб, тарихий муваффақиятга эришади.

    Ўша музаффар кунларда терма жамоамизни Фарҳод Магометов майдонга бошлаб тушганди. Бош совринни илк бор боши узра баланд кўтариш ҳам айнан жамоа сардорига насиб этган. Футболчилик даврида кўплаб ютуқларга эришган Фарҳод Абдуалиевич мана, тўртинчи йилдирки, Ўзбекистон ПФЛга раҳбарлик қилмоқда. Саҳифамизнинг бугунги меҳмони яқинда ўзининг қутлуғ 50 ёшини нишонлади.

    - Футболга илк қадамни Красногорскда қўйганман, - деб сўз бошлади Ф.Магометов. - Ўшанда 7 ёшда эдим. Илк мураббийим - Вячеслав Владимирович Писарев. Шунингдек, айни пайтда Тошкент шаҳар футбол федерациясида фаолият юритаётган Геннадий Васильевич Ермаковдан ҳам миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганганман. Очиғи, оиламизда ҳеч ким футбол ихлосманди эмасди. Соддароқ айтганда, спортчилар оиласи, деб бўлмайди. Маҳаллада болалар билан кун бўйи футбол ўйнардик. Севимли машғулотимиз билан мактабда ҳам шуғулланардик. Бу спорт турига меҳр айнан маҳалла ва мактабдан бошланган. У пайтларда ҳозиргидек имкониятлар, шароитлар қаёқда дейсиз? Чанг, тупроқли майдон... Баскетболга ҳам қизиқардим. Мени болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоасига таклиф қилишган. Лекин футболга меҳрим сабаб уни рад этганман. Айтганча, 8-синфда қабул қилинадиган давлат имтиҳонларини ҳам топширмадим. Турнирда қатнашишимиз сабаб имтиҳонлардан озод қилишди. Маълум муддат Тошкент вилояти терма жамоасида ўйнадим. Кейин таниқли мутахассислар - Владимир Ятченко ва Гурам Дараселия мени ҳозирги Республика олимпия захиралари спорт коллежига чорлашди. Аввалига ота-онам бунга қарши чиқишди. «Интернатда ўқиб нима қиласан, уйинг йўқми?» деб койишди. Аммо барибир мураббийларимнинг саъй-ҳаракатлари билан ўқишга кирдим. Собиқ бутуниттифоқ спартакиадасида иштирок этдим. Мусобақани «Пахтакор» мураббийлари ҳам кузатишган экан. Турнир якунланганидан сўнг 4 нафар футболчини жамоага таклиф қилишди. Шу тариқа «Пахтакор» ўринбосарлари таркибида икки йил ўйнадим. Шонли жамоамиз авиаҳалокатга учраган йили гепатит, яъни сариқ касалига йўлиқдим. Оқибатда ярим йил футболдан йироқда бўлдим. 1981 йили Биродар ака Абдураимов мени 2-лига иштирокчиси - Самарқанднинг «Динамо» клубига чақирдилар. 1985 йилгача шу жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Кейин яна «Пахтакор»дан чорлов бўлди. 1984 йилда «Пахтакор» 3 мавсумлик имтиёзли иштирокдан сўнг 1-лигага тушиб кетди. Қийин пайтлар эди. Икки йил «Пахтакор»да фаолият юритдим. Бу сафар асосий таркиб ўйинчисига айландим. Шундан сўнг ҳарбий хизматга чақирилдим. Икки йил давомида Қозоғистоннинг «Қизилўрда»сида ўйнадим. Сўнг бир йилча «Сўғдиёна»да. 1990 йили яна «Пахтакор»га қайтдим. 1994 йилга қадар жамоа билан бир қатор совринларни қўлга киритдик. Ўзбекистон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлдик, мамлакат кубоги билан тақдирландик. Профессионал футболчилик фаолиятимдаги сўнгги жамоа - «Навбаҳор». Наманганда ҳам совринларга эришдим.1997 йилдан мураббийлик фаолиятим бошланди. Аслида таклифлар етарли эди. Аммо ўзим истамадим. Ёш авлодга йўл бўшатиб беришни афзал билдим. Шунча йил ўйнаб, қандайдир сонияларда мисқоллаб йиққан обрў-эътиборни йўқотиб қўйишдан чўчигандим. Кучим бор эди, лекин хоҳиш бўлмаган. Қолаверса, фарзандларим ҳам улғайиб қолишганди. Уларга вақт ажратиш керак эди. 1997 йили аввалига «Навбаҳор»да селекционер мураббий сифатида ишладим. Кейин Геннадий Денисов билан «Сергели»ни бир йил бошқардик. Шундан сўнг «Гулистон»га чақиришди. 2001 йили эса «Навбаҳор»ни қабул қилиб олдим. Жамоа билан дастлабки йил чемпионатда 4-ўрин, кейинги мавсум 6-поғонани эгалладик. Мураббийлик осон эмас. Яхши футболчидан ҳамиша етук мураббий чиқавермайди. У натижага жавобгар шахс. Лекин клубда яратилган шароитлар талабга монанд бўлиши керак.

    2004 йили «Чиғатой» мактабига ишга чақиришди. Бу ерда 2008 йилга қадар директор лавозимида ишладим ва ўшандан буён ПФЛ раҳбари вазифасида фаолият юритиб келяпман. Профессионал лигамиз ташкил этилганига бу мавсум тўрт йил тўлади. Шу вақт оралиғида озми-кўп ютуқларга эришдик. Бир қатор янгиликларга қўл урдик. Ўтган йили ўринбосарлардан иборат ёшлар лигасини туздик. Иккинчи даврадан эътиборан ўйинлар ПФЛ мадҳияси садолари остида бошланди. Шунингдек, барча жамоалар ўйинларни бир хил тўпларда ўтказишди. Энг катта ютуқларимиздан бири - бу Осиё кубокларида бир йўла 4та жамоамизнинг иштирок этиши. ОЧЛда «Бунёдкор» ва «Пахтакор», ОФКда «Насаф» ҳамда «Шўртан» жамоалари юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. Ютуқлар баробарида камчиликлар ҳам йўқ эмас. Клубларда маркетинг ишларини кучайтирмасак бўлмайди. Агар хориж тажрибасига таянсак, футболда асосий даромад албатта, телевидениедан келади. Ҳозир ҳукуматимиз томонидан телевидение соҳасига катта эътибор бериляпти. Янги технологиялар олиб келиняпти. Рақамли канал йўлга қўйилди. Ўйлайманки, яқин йиллар ичида футболимиз телевидениедан катта улуш олади. Шахсан мен бунга ишонаман. Қолаверса, бу йил ўзбек футболи учун ўта муҳим. Футболимизнинг 100 йиллик тўйи кенг миқёсда нишонланади. Санага бағишлаб катта байрам тадбирлари ташкил этилади. Бу масалада ҳукуматнинг ишчи гуруҳи тузилади. Март ойида махсус дастур тасдиқланади. Насиб қилса, август ойида бир асрлик тўйни байрам қиламиз. Аввал вилоятлар, кейин республика миқёсида катта тадбирлар уюштирилади. Балки «Бунёдкор»нинг янги стадионида дунёнинг кўзга кўринган жамоаси билан ўртоқлик ўйини ташкил этилар? Федерация масъуллари бу борада изланиш олиб боришяпти.

    11 март куни «Жар» стадионида Ўзбекистон суперкубоги учун баҳс ўтказилади. Бу йилдан суперкубок масаласини алоҳида банд сифатида регламентга киритамиз. Режага кўра, ўйин соат 15:00да бошланади. Ҳар икки клуб раҳбарларини чақириб, улардан асосий таркиб футболчиларини майдонга туширишларини сўрадим. Нафақат сўрадим, балки талаб сифатида қўйдим. Клублар жанговар таркибда ўйнашмаса, бундай суперкубокнинг кераги йўқ. Мухлисларни бир марта алдасак, келаси сафар стадионга келишмайди.

    Ортга назар ташласам, футболчилик фаолиятимдан яхши хотиралар қолган. Энг катта ютуғимиз - бу шубҳасиз, 12-Осиё ўйинлари чемпионлигидир. Айниқса, финал ўйини хотирамда муҳрланиб қолган. Осиё миқёсидаги илк мусобақадаёқ бош мукофотни қўлга киритганмиз. Тўғрисини айтсам, ўша пайтда Осиё жамоаларини менсимагандик. Қитъа футболи ҳақида тасаввурга эга эмасдик. Чунки асосан Европа жамоалари билан ўйнардик. Мусобақага жўнаш олдидан қийинчиликларга дуч келганмиз. Футбол жамоасини энг охирида Осиё ўйинларига борадиган спорт делегацияси рўйхатига киритишди. Ҳар бир ўйинчига 2тадан футболка ва биттадан шорти беришди. Тасаввур қилинг, майкаларга рақамларни ўша ерга борганимиздан кейин тикишган. Ҳатто жамоада массажчи йўқ эди. Биргина шифокор 2-3 кишининг вазифасини бажарарди. Таркибда 20 нафар футболчи бўлиб, улардан Степан Атоян кутилмаганда жароҳатланганди. Жамоамиз олдига камида ярим финалга чиқиш вазифаси қўйилганди. Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Сергей Лебедев, Геннадий Денисов... Ўша пайтдаги таркибимиз жуда кучли ва жанговар кўринишда олганди. Бир-биримизни яхши тушунардик. Энг фахрий футболчи мен эдим. Мураккаб ва қийин ўйин ярим финалда Жанубий Корея термаси билан ўтганди. Балки омад ҳам ўша куни биз томонда бўлгандир? Бир томондан, рақиблардан бир бош устунлигимизни ҳис қилиб турганмиз. Пойдеворимиз мустаҳкам эди. Ҳал қилувчи учрашувдан сўнг терма жамоа сардори сифатида интервью берганимда ҳам шу жиҳатга урғу бергандим. «Пахтакор» таркибида олий лигада ўтказган ўйинларимни ҳам ширин хотиралар билан эслайман. Андрей Пятницкий, Валерий Кечинов, ҳозир ўзимизнинг «Локомотив» клубида мураббийлик қилаётган Хорен Оганесян билан ўйнаш мароқли эди. Бир сўз билан айтганда, футболни танлаб адашмадим. Футбол - менинг тақдирим, бахтим, ҳаётим.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 600 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz