Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага ЖЧ-2014 учинчи саралаш босқичи
доирасида ўзининг сўнгги учрашувини ўтказади. Чоршанба оқшомида Вадим Абрамов
шогирдлари Нагоя шаҳрида Япония терма жамоасига қарши майдонга тушади. Айтиш
жоизки, мазкур ўйин гуруҳимизда ким биринчи ўринни эгаллашини аниқлаб беради.
Японлар таркиби ўзгарди
Терма жамоамиз учун деярли аҳамияти бўлмаган баҳсда Вадим Абрамов бироз
бошқачароқ таркибни жалб этган. Аниқроғи, эртага саккиз нафар футболчи терма
жамоада ўз дебютини ўтказиши мумкин. Уларнинг аксарияти Тошкентнинг "Локомотив”
жамоаси вакилларидир. Афтидан, Абрамов секин-аста "Локо”ни терма жамоамиз базасига
айлантираётган кўринади. Акс ҳолда мавсумни Огенесян жамоасида бошлашга яқин
турган Иброҳим Раҳимов таркибдан жой олмасди. Умуман олганда, Абрамов яна
барчани ажаблантирди.
Япония терма жамоаси бош
мураббийи Альберто Закеронни аввалига ушбу баҳсда Европада тўп сураётган
легионерлар хизматидан фойдаланмасликка қарор қилди. Бироқ сўнгги паллада унинг
фикри ўзгарди. Терма жамоамизга қарши кечадиган ўйинга 11 нафар легионерлар
жалб этилди.
Бу сафар Нагоя танланди
Япония ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин Нагоя
шаҳридаги "Toyota” стадионида ўтказилади. Бу ҳақида Япония Футбол ассоциацияси расмий хати орқали маълум қилди.
Таъкидлаш лозимки, Япония терма жамоаси 3-саралаш босқичи доирасидаги
КХДР ва Тожикистонга қарши уй учрашувларини мос равишда Сайтама ҳамда Осака шаҳарларида
ўтказган эди. Ўзбекистон билан ўйин Нагояда бўлиб ўтишини инобатга олсак,
мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида ЯФА учта баҳсни уч хил шаҳарда ўтказишни
мақсад қилган кўринади.
Айтиш жоизки,
ЎФФ
илтимосига биноан Япония футбол уюшмаси (ЯФУ) Абрураҳмон Фозилов бошчилигидаги
ўзбекистонлик футбол мухлислари учун 150 та чипта брон қилиб қўйди. Бундан
ташқари, ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев ёрдами билан Японияда истиқомат
қилаётган ўзбекистонлик мухлис Самариддин Абдуллаев мамлакатдаги салкам 100 га яқин бошқа
ватандошларимиздан фан клуб тузди. "Кунчиқар юрт” термасига қарши ўйинда улар
ҳам Вадим Абрамов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасини
қўллаб-қувватлаб туришади.
Тўққизинчи тўқнашув
Таъкидлаш лозимки, японияликлар терма жамоамиз биз учун ноқулай рақиб
ҳисобланади. Шу кунга қадар турли мусобақаларда японлар билан саккиз марта
майдонга тушган бўлсак, бирорта ўйинда ҳам ғалаба қозониш насиб этмаган. Бешта
баҳсда рақибимиз қўли баланд келган бўлса, учта ўйинда дуранг натижа қайд этилган.
Тўплар нисбати – 7-23 японлар фойдасига.
Бу сафар мағлубиятсиз серияга барҳам берилармикан.
Мазкур учрашув Тошкент вақти билан соат 15:30 да бошланади. "Спорт”
телеканали ушбу баҳсни тўғридан-тўғри олиб кўрсатади.
Аброр
БЕК тайёрлади
|