Вторник, 07.05.2024, 02:42
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 13 » "Андижон" фахрийлари бугун нима билан машғул
    13:26
    "Андижон" фахрийлари бугун нима билан машғул

    Ушбу ҳафтада Андижон шахрида чоп этиладиган "Футбол Экспресс" газетасида "Андижон" футбол клуби турли йилларда ҳимоя қилган футболчилар ҳақида мақола чоп этилди. Бу мақолани тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

    "Ҳамкасбимиз Бобурбек Турсунов «Бухоро»да тўп сурган фахрийларнинг бугунги кунда қандай иш билан машғул эканликлари борасидаги маълумотли тарзда берган мақоласи анча қизиқарли чиққанди. Давоми ҳам бўлиши кераклиги ҳақида анчадан буён дилимизга тугиб юргандик. Яқин ўтмишдаги футболчиларимизнинг келгуси тақдирлари тўғрисида қизиқиб, баъзи маълумотларни сўраб ўргандик. Аксариятини шахсан таниганлигимиз туфайли бу борада деярли муаммога дуч келмадик.

    Футболчиликни тугатганларнинг ёши нечада эканлиги аҳамиятли эмас. Кимдир жароҳат туфайли фаолиятини эрта якунлашига тўғри келади. Ёки катта ёшида ҳам майдонда жавлон ураётганлари учраб турибди. Шу сабабли бу томонига унчалик аҳамият берганимиз йўқ. Асосийси, бугунги кунда қайси соҳада меҳнат қилаётганликларини ўрганиб чиқдик. Қолаверса, футбол ичида меҳнат қилиб номи кенг оммага таниш бўлган мутахассислар ҳақида маълумот келтириб ўтирмадик. Мақсадимиз кеча эл оғзига тушиб, ҳурматга сазовор бўлиб, эндиликда номи унутилаётган тўптепарларни яна бир карра ёдингизга солиб қўйишга астойдил бел боғладик. Илк бошловимиз эса «Андижон» аъзоларига тегишлидир. Яна шуни қўшимча қилмоқчимизки, фахрийларни рўйхатга киритаётганда миллий чемпионатимизда тўп сурган инсонларга тўхталиш қилиб ўтдик.

    Қобил ОЛИМЖОНОВ
    Жамоани узоқ йиллар дарвозасини қўриқлади. Катта футболдан кетгач, яқин кунларгача ҳам «Андижон»да дарвозабонлар билан ишловчи мураббий сифатида рўйхатга киритилганди. Айрим сабабларга кўра, иш манзилини ўзгартиришига тўғри келди. Ҳозирда Андижондаги махсус ихтисослашган футбол мактабида устозлик қилмоқда.
    Рустам АБДИЕВ
    Дастлаб ҳужумчи сифатида танилди. Кейинчалик амплуасини ўзгартириб, ҳимоя чизиғига ўтказилди. Тўп тепишни бас қилганидан сўнг клубда турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Бош мураббий бўлиб жамоани бошқарди. Шахсий бизнесини йўлга қўйган. 4 йилдан буён мини-футболдаги «Турон-С»да бош мураббий.
    Андрей ШИПИЛОВ
    Ўзи Тошкентда таваллуд топган. Андижонда футболчиликда обрў қозонди. Россия иккинчи дивизиони иштирокчиси Новотроискнинг «Носта» жамоасида тўп сурди. Ишончли марказий ҳимоячи эканлигини исботлаб келган. Маълум муддат кўриниш бермай қўйганди. «Пахтакор» мураббийлари штабидан ўрин эгаллаб, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига масъул этиб тайинланган.
    Қаҳрамон АБДУҚОДИРОВ
    Бир вақтлар Ўзбекистоннинг энг ақлли ярим ҳимоячиларидан бири бўлган. Техникаси юқори эди. «ЎзДонгЖу»ни олий лигага чиқишида муносиб ҳиссасини қўшди. Мураббийлар тайёрлаш мактабида ўқиш ҳақидаги нияти амалга ошмай қолди. Ҳали ҳам кеч эмас. Ҳозирги фаолиятининг футбол билан боғлиқ жойи йўқ. Ҳеч йўғи болалар футболида ишлаганда фойдаси тегиши муқаррарлигини тахмин қиламиз.
    Сейран ГАФАРОВ
    Самарқандда туғилиб, вояга етиб, Қримга кўчиб кетган йигит Шевченко билан «Андижон»га бирга келади. Шу баробар узоқ қолиб кетди. Мазкур шаҳарда оилали бўлди. Юртига қайтишга шошилмай, ҳатто биринчи лигадаги «Шаҳрихон» таркибида ҳам тўп сурди. Охир-оқибат хизматига жамоалар эҳтиёж сезишмагач, яна Украинага қайтишга мажбур бўлди.
    Темур ТЎХТАСИНОВ
    Ўнг томон ярим ҳимоячиси майдонда тиниб-тинчимас ўйинчилар тоифасига кирарди. Фаолиятини жароҳатлари туфайли барвақт якунлаганидан сўнг мураббийликни танлади. Маълум вақт «Андижон» ўринбосарларида Мухтор Мирзаев билан биргаликда ишлашди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг иқтидорли ҳакамларидан биридир. Шунингдек Андижон олимпия захиралари спорт коллежининг футбол бўлимида мураббийлик қилмоқда.
    Сергей ДУБ
    Асосан чап қанотларда ҳаракат қилган украиналик йигитнинг ҳам тақдири Гафаровникига ўхшашиб кетади. Шевченконинг ортидан эргашиб юрди. Сергей Яковлевич жамоани тарк этганидан сўнг Дуб «Андижон»ни «Қизилқум»га алмаштирди. Шу тариқа Навоий вилоятида қолишига тўғри келди. Кейинчалик қуйи дивизиондаги Навоийнинг «Зарафшони» таркибида икки йил мобайнида тўп сурди. Охири бўлмагач, ортига - Қримга қайтишига тўғри келди.
    Ёдгор ХУРХОНОВ
    Анча бақувват, югуриб чарчамайдиган ярим ҳимоячи дея мураббийлар томонидан эътироф этиларди. Айниқса, тажрибали Виктор Борисов «Андижон»да қисқа фурсат ишлаганда Ёдгорнинг келажаги порлоқ эканлигини жуда кўп бора таъкидлаганди. У ҳам бутсаларини анча ёш пайтидаёқ михга илишга қарор қилди. Эндиликда Андижон вилояти футбол лицей-интернатида яхши натижа кўрсатаётган мураббийлардан биридир.
    Отабек ҚИЛИЧЕВ
    Ўсмирлик чоғидаёқ мутахассисларнинг эътиборини қозонган футболчига кейинчалик терма жамоа даражасидаги ўйинчи бўлиб етишиш насиб қилмади. Узоқ вақт андижонликлар шарафини ҳимоя қилди. Шунингдек, «Темирйўлчи» (Қўқон), «Насаф», «ЎзДонгЖу»ларда ҳам тўп сурди. Барибир фаолиятининг охирида «Андижон»да футболчилик билан хайрлашишга мажбур бўлди. Андижон вилояти футбол лицей-интернатида директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилиб келаётганлигини таъкидламоқчимиз. Шунингдек «УзТонгХо» ўзбек-корейс қўшма корхонаси қошида ташкил этилган жамоани уч йилдан буён бошқариб келади.
    Заҳириддин АКБАРОВ
    Ушбу ярим ҳимоячига узоқ таъриф бериб ўтирмоқчи эмасмиз. Сабаби, газетамизнинг(Футбол Экспресс) ушбу сонида маҳоратли собиқ футболчи билан уюштирган суҳбатимиз орқали керакли маълумотларга ўзингиз ойдинлик киритиб оласиз, деган умиддамиз.
    Баҳодир РАҲМОНОВ
    Андижон футболининг афсоналаридан бири дея бемалол айтишимиз мумкин. Чунки узоқ йиллар давомида асосан юқори савиядаги клублар сафида тўп суриб келди. Андижонда футболчи сифатида ном қозонган бўлса-да, фаолиятининг аксарият қисмини четда ўтказган. Собиқ Иттифоқ маҳалида камдан-кам иқтидорларга насиб қиладиган омад қуши қўниб, мамлакатнинг ўша маҳалдаги биринчи рақамли жамоаси - «Пахтакор»га қабул қилинганди. Ҳарбий хизматни ўтаётган пайтида эса Украинанинг «Спартак» (Житомир) клуби шарафини икки йил мобайнида ҳимоя этди. Ўзбекистонда «Навбаҳор» сафида мамлакат Кубогининг илк соҳибига айланган. Россия олий дивизионида «Океан» (Находка) жамоасининг ишончли ҳужумчиларидан бири бўлган. Барибир якуний сўзини қадрдон «Андижон»ида айтиб, катта футбол билан хайрлашди. Биринчи лигада «Пахтаобод» жамоасини бошқарди. «Андижон»да Гесс бош мураббийлик қилганда Раҳмонов клубнинг директори лавозимини эгаллади. Эндиликда келажак авлодга футболнинг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Андижондаги махсус ихтисослашган футбол мактабида мураббий.
    Бахтиёр ЙЎЛДОШЕВ
    Жамоа тарихидаги энг жасур ва курашдан қочмайдиган малакали ҳимоячи сифатида кўпчилик мухлисларнинг ёдида қолди. Ҳозирда марҳум футболчи орзуига эришиб, қийин пайтда бўлса-да, «Андижон»га бош мураббийлик қилди. Андижон олимпия захиралари спорт коллежида ишлаши жараёнида бир қатор шогирдларини тарбиялаб вояга етказди. Ниятлари улкан эди. Афсуски, узоқ давом этган касаллик Бахтиёр акани орамиздан барвақт олиб кетди.
    Баҳодир КАРИМОВ
    Жуда истеъдодли ва тезкор ҳужумчилар тоифасига кирарди. Футбол ўйнашни шу қадар яхши кўрадики, бир куни жамоа сафарга чиққанда бетобланиб қолгач, Тошкентдаги касалхонага ётқизиб қўйишди. Жамоага ёрдамим тегиши керак дея докторларнинг эътирозларига қарамай Чирчиқдаги ўйинга етиб келганлигига шахсан ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Бугунги кунда Қўрғонтепа туманида ёш болаларга футболдан сабоқ бериб келмоқда.
    Рустам СОБИРОВ
    Майдонда виждонан ҳаракат қиладиган ва тиришқоқ ўйинчи сифатида маҳаллий мухлисларнинг ёдида қолган бўлса ажаб эмас. Сурункали равишда олган жароҳатлари қийнаб турса-да, майдонга тушиш учун ўзида куч топа биларди. Барибир оғриқлар билинтиравергач, тўп тепишни бас қилишига тўғри келди. «Андижон»га содиқлигини шундан билса бўладики, қулай шароитлар таклиф қилиб бошқа жамоалар томонидан чорловларга доим салбий жавоб берган. Клубда жамоа бошлиғи вазифасини бажарди. Кейинчалик узоқ йиллар мобайнида вилоят футбол лицей-интернатида директор ўринбосари бўлиб ишлади. Ҳозирда мазкур ўқув юртини ўзи бошқармоқда.
    Фарҳод ҚОДИРОВ
    Ушбу истеъдод эгаси ҳам «Андижон»дан бошқа жамоага ўтишни истамаган. Ярим ҳимоя марказида ишончли ҳаракат қиларди. Майдонни кўриши жойида бўлган. Кейинги тақдирини мураббийлик билан боғлади. Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактабида устозлик қилмоқда.
    Ёқубжон ИМИНОВ
    Жуссаси кичик эканлиги яхши даражадаги футболчи сифатида ном қозонишига тўсқинлик қила олмаган. Техникасининг юқорилиги эвазига анча-мунча рақибни шошириб қўярди. Айниқса, пенальти ишлаш бўйича мутахассис деб ишқибозлар ҳазиллашиб қўйишарди. Тўп тепишни бас қилганидан сўнг ўзи истиқомат қиладиган Булоқбоши туманидаги Нефтпром шаҳарчасида болалар мураббийи бўлиб ишлади. Бугунги кундаги маълумотларга кўра, Россияда меҳнат қилмоқда.
    Улуғбек КАРИМОВ
    Анча серғайрат, ишончли футболчи бўлган. Ҳакамликдаги фаолияти ҳам чакки кетаётгани йўқ. Олий лига қанот ҳакамлари рўйхатидан ўрин эгаллаган.
    Исмоил МАЛИКОВ
    Қирғизистон республикасининг Ўш вилоятида туғилган ушбу ўзбек йигитини маҳаллий ишқибозлар ўзимизнинг футболчи дейишарди. Тўп учун курашда рақибларидан сира чўчимайдиган ҳимоячи узоқ вақт давомида Андижон футболи равнақи йўлида ўз ҳиссасини қўшиб келди. Кейинчалик Қирғизистон чемпионатида «Олой» (Ўш) жамоасида тўп сурди. Чемпионат савиясининг юқори эмаслиги Маликовнинг узоқ вақт ўйнамаслигига сабаблардан бири бўлган бўлса ажаб эмас. Айрим танишларимиз орқали у ҳақда суриштирганимизда бир неча йилдан буён Россияда эканлиги ҳақида хабар беришди.
    Владимир ЗОТЕЕВ
    Илк чемпионатларимизда ёши улуғ футболчи сифатида майдонга тушарди. Ўз вақтида ярим ҳимоянинг ишончли вакилларидан бўлган. Кейинчалик биринчи лигада Андижон вилоятининг икки жамоаси «Балиқчи» ва маълум танаффусдан сўнг «Қўштепа» жамоаларини бошқарди. Молиявий етишмовчиликлар туфайли иккала жамоа ҳам қисқа фурсат ичида «йўқолиб қолишди». Зотеев Андижондан кўчиб кетгач, Тошкентда истиқомат қилаётганлигидан хабаримиз бор. Ўғли Олег ҳозирда «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилиш билан бир қаторда олимпия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланади. Уни ҳам отасининг изидан боришига ҳеч қандай шубҳамиз йўқ.
    Хачатур ВАГАНЯН
    Ваганян-Зотеев-Йўлдошев учлиги жамоанинг етакчилари бўлишган. Доим бирга юришарди. «Хачик» зўр ўйинчилар тоифасига кирмаса-да, майдондаги меҳнаткашлиги эвазига мураббийларнинг ишончини қозониб келган. Келгуси фаолиятини футбол билан боғламаганлигини тўғри тушунганмиз. Шахсий бизнесини йўлга қўйиб, анча вақт АҚШда истиқомат қилди. Охирги олган маълумотларимизга кўра, Ваганян Москвада яшамоқда экан.
    Карен САФАРОВ
    Бир вақтлар олимпия терма жамоамиз сафига жалб қилинган ярим ҳимоячининг келажажига кўпчилик мутахассислар умид билан қарашганди. Афсуски, ўртамиёналикдан нарига ўтиш насиб этмади. Пойтахтга кўчиб кетганидан сўнг МҲСК жамоасида ҳаракат қилди. Бугунги вақтда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Ҳар йили фахрийлар ўртасида халқаро турнирнинг асосий ташкилотчиларидан бири ҳисобланади. Ўзи билан охирги марта суҳбатлашганимизда ушбу анъанадан чекинмоқчи эмаслигини билдирди.
    Отабек ПИРМАТОВ
    Наманган вилоятида таваллуд топиб пойтахтда «Чилонзор» ва «Пахтакор» жамоалари таркибида ўйнаб келган бўлса-да, ҳақиқий Пирматовнинг нималарга қодир эканлигини айнан «Андижон»да эканлигида кўришга муваффақ бўлдик. Майдон марказида тиним билмайдиган, ҳаракатчан ўйинчилар тоифасига киради. Афсуски, миллионлар ўйини билан муносиб равишда хайрлашиш насиб қилмади. «Навбаҳор»га икки мавсум давомида имкон қадар фойдаси тегди. Бир вақтлар миллий терма жамоада ҳам ўз ўрнига эга бўлган футболчи охирги йилларда биринчи лигада «Дўрмон-Спорт»да ўзига ярашмаган тарзда тўп сурди. Бугунги кунда мураббийликни бошлаш арафасида турибди экан. Ҳарқалай, хайрлашув учрашувини ўтказишга арзийдиган спортчилардан бирининг ҳам дом-дараксиз йўқолиб қолаётганлиги футбол жамоатчилигини бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.
    Тоҳир МЎМИНОВ
    Тожикистон терма жамоасининг собиқ аъзосига Андижон шаҳри иккинчи уйидек бўлиб қолганди. Уни барча ҳурмат қиларди. Ақлли футбол ўйнашнинг уддасидан чиқарди. Тўпни қаерга оширса фойдали бўлишини жуда яхши тушунувчилар сарасига кирарди. Жамоанинг ўйини кўп жиҳатдан Мўминовнинг ҳаракатлари билан боғлиқ эди. Юртига қайтиб кетганидан сўнг маълум фурсат Тожикистон ўсмирлар терма жамоасини бошқарди. Шогирдларидан айримлари ёшини сохталаштирилганлиги маълум бўлгач, Тоҳирнинг мураббийлик фаолияти савол остида қолганди. Унинг иқтидорига шубҳа қилмаган ҳолда ҳали яна ўз сўзини айтиб қолишига ишонамиз.
    Шуҳрат ҒАНИЕВ
    Совуққон ва мулоҳазали ҳимоячининг ҳам футбол ўйнашни бас қилганига анча йиллар бўлди. Ваҳоланки, ҳали 40 ёшни қоралагани йўқ. Футболчилик фаолияти охирларида биринчи лига иштирокчиси «Қува»да ўйновчи-мураббийлик вазифасини бажарди. Бугунда Асакадаги «GM-Uzbekistan» қўшма корхонасида спорт йўриқчиси ва футбол жамоасининг бош мураббийи бўлиб меҳнат қилмоқда.
    Хуршид МАМАДАЛИЕВ
    Иқтидорли футболчи анча вақтгача ўринбосарлар таркибида ишончли ҳаракат қилиб, тўпурарлар қаторида борди. Лекин нима учундир мураббийлар уни асосий таркибга жалб қилишда бироз сусткашликка йўл қўйишди. Энди ҳаракатлари маромига ета бошлаганда эса ўзининг кўнгли совиди шекилли, иккинчи лига жамоалари таркибида кўриниш бера бошлади. Ҳозирда автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг жамоаларининг бирида бош мураббий вазифасида меҳнат қилмоқда."

    Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли.
    Категория: Интервью | Просмотров: 962 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz