Вторник, 07.05.2024, 05:16
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 11 » Эрик Абидал: Яратгандан яна нима сўрашим мумкин?!
    14:28
    Эрик Абидал: Яратгандан яна нима сўрашим мумкин?!



    Cўнгги бир неча кун ичида "Каталония ифтихори” блоги орқали клубга оид хабарлардан ташқари Педро ҳамда Алексис Санчес ҳақидаги кичик ҳикоялар, Хавининг дурдона фикрлари билан танишдингиз. "Барселона” таркибидаги ҳар бир футболчининг ички дунёси ғаройиб. Улар нафақат майдонда, ҳаётда ҳам чемпиондирлар. Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони – ўтган мавсумнинг чинакам қаҳрамони Эрик Абидал. Унинг кечинмаларига бир қулоқ тутинг-а, беихтиёр кўзингизда ёш қалқийди. Бунинг учун, албатта "Барселона” фанати ёки футбол ишқибози бўлишингиз шарт эмас, инсоний туйғуларингиз шунга мажбур қилади.


    Бу воқеа ажойиб футболчи бўлиши кутилган, бироқ орзулари рўёбини топмаган Доминик Оланье ҳақида. Бу воқеа машҳурлик ваъда қилинган, бироқ номи мавҳумлик пардаси ортида қолиб кетган лаҳза ҳақида. Доминик ҳақиқий талант эди. Таассуфки, ҳаёт йўли бир маромда кечмайди, тақдир кўз очиб юмгунингча ўзгариши мумкин. Ва сен ўтирган поезд, тўхташинг керак бўлган бекатга келиб қолганини сезмай ҳам қоласан.

    Воқеа 1999 йилнинг баҳорида Лионда юз берди. Европанинг бир гуруҳ скаутлари учинчи дивизион жамоаси "Ницца”да тўп сурадиган Доминикни кузатув остига олишганди. Улар орасида "Монако” бош мураббийи Клод Пюэль ҳам бор эди. У ёш иқтидорларни диққат билан кузатарди. «Ницца» тўртинчи дивизион вакили «Лион-Ла Дюшера» жамоаси билан 4:0 ҳисобида ўйнади. Лекин баҳс буюк чемпион бўлиши кутилган Доминикнинг фойдасига бўлмади. Пюэль учрашувнинг 13-дақиқасидаёқ унга бўлган қизиқишини йўқотди, унинг нигоҳлари ота-бобоси Мартиникадан Францияга келиб қолган 19 ёшли болакайга қадалиб қолганди.

    "Унинг исми нима?” – сўрарди у. Жавобини бироз кутишига тўғри келди. Уни Эрик, Эрик Абидал дейдилар. Айни шу вақтда, айни шу лаҳзада тақдир битиги ёзилди: "Кечирасан, Оланье, омадинг келмади”.

    Эрик Абидал қаршимда ўтирганича (суҳбатни италиялик журналист уюштирган – Barsa_Messi изоҳи) ўша кунни, худди кеча бўлганидек эсларди. У кесиб қўйилган меваларни ер ва чой ичарди. Бир бўлак оқ нон, озгина сабзавотлар, сўнг яна чой... Икки ой аввал "Барселона”нинг сардорлик боғичини таққан ҳолда боши узра Чемпионлар лигаси кубогини кўтарди. Ўша бахтли лаҳзалардан икки ой олдин эса унга "жигар саратони” ташхиси қўйилганди.

    Айнан Эрик, ўтган мавсум журналистлар тилида достон бўлган футболчи, менга суперюлдуз бўлиши кутилган Доминик Оланье ҳақидаги ҳикояни сўзлаб берди. "Бу тақдир”, - таъкидлайди у. "Илоҳий ҳукм мавжудлигини тан олмоғимиз лозим. Ўн бир йил аввал ўша ўйинни арзимас бир сабаб билан ўтказиб юборганимда, ҳозир мени ҳеч ким танимаган бўлиши мумкин эди. Лионда деворлар бўяб, паркетлар ётқизиб юрган бўлармидим.

    Мен ўз касбимга эга бўлдим. Ўша куни ҳамма Оланьени кўришга келганди, бироқ келгуси йили биринчи дивизионга, "Монако”га мен йўл олдим. Бу ўринда истаган жамоадошим, бугунги кунда Лионда ҳар хил иш қидириб юрган шерикларимдан бири бўлиши мумкин эди. Бироқ бу менда рўй берди: бугун мен машҳурман, буюк клубда тўп сураман. Шундай бўлса-да, агар хонадонингизни бўятмоқчи бўлсангиз, мен бориб бу ишни бажонидил бажариб беришим мумкин”.

    Нега мен?

    2011 йилнинг совуқ кунидаги совуқ хабар: «Сенда ўсимта бор, жигар саратони». Эрик тақдир ҳукмидан қочиб қутила олмаслигини яна бир бор англаб етди. 31 ёшдасан, жисмоний имкониятларинг максимал даражада, жаҳон футболининг чўққисидасан, орзулар билан яшайсан... ва кутилмаганда жигаринг саратон билан хасталанганини билиб қоласан.

    "Қўрқув. Бошланишига фақат қўрқув бор эди”, - дейди у. "Бироқ менда жангчи пайдо бўлди. Ҳаётда доим курашиб яшайсан. Ўз ўйингни тарк этишинг, иш топишинг, жамоада ўз ўрнингга эга бўлишинг, ўша ўрнингни ушлаб туришинг, Чемпионлар лигасини ютишинг керак. Дарҳол рафиқамга айтдим: "Таслим бўлмайман, курашаман”.

    "Мен сени келгуси ҳафтада операция қиламан”, - деди шифокор Фастер. "Йўқ”, - дедим мен – "Эртагаёқ. Имкон қадар эртага. Менга ўйлаб кўриш учун вақт керак эмас. Олиб ташланг, бу ўсимтани”.

    Чамаси, Эрикнинг ўзи ҳам қандай синовлардан ўтиб келганини тўла англамас, ё камтарлигиданми, уни аниқлашга уринмасди ҳам. Ўша кундан бери Эрик оддий, содда одамларни учратади: уларнинг ҳар бирида далда бўлувчи сўз бор. У ҳозир супер юлдуз эмас, оддийгина одам.

    "Мен йиллар давомида клубдошларим билан биргаликда беморларни йўқлаб, етимлардан кўнгил сўраб шифохонама-шифохона кезиб чиққанман. Бизнинг вазифамиз ҳаётда омади келмаган, тақдирнинг оғир синовларига дучор бўлганлар ўксик инсонларнинг юзида оз бўлса-да, табассум уйғотиш. Йиллар давомида айтиб келган далда сўзларимни энди менга айтишяпти. Қайсидир маънода мен тайёр эдим. Нима дейишни, нима қилишни билардим. Буни рафиқамга тушинтиришим лозим эди. Чунки у жуда катта босим остида қолганди – ҳар куни юзлаб одамлардан: мен ўзимни қандай ҳис қилаётганимни сўраётган ва шу баробарида жавобини эшитишдан қўрқаётганлардан қўнғироқлар қабул қиларди. Мен ундан тинчланишни сўрадим, ҳаммаси яхши бўлишини айтдим. Биз бу кунларни бошидан кечирган кўплаб инсонлар билан учрашганмиз.”

    У, шунингдек, шифохонадаги палатада ёнма-ён ётган ўн етти ёшли болани ҳам тинчлантирарди. "Биласизми, мен уни тинчлантирдим, худди шу тарзда кучни сақлаб қолиш мумкин. Қўрқув? Қўрқувга вақт қолмаганди. Бу воқеага одамлар – "Барса” мухлислари, жамоадошларим қандай муносабатда бўлганини сиз ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз. Бу мўжиза эди. Тушуниб етдимки, ҳар бир кишининг бундай оғир кунларни бошидан ўтказган дўсти, яқини ёки қўшниси бор. Тушуниб етдимки, бу – табиий ҳолат, бу – ҳаётнинг ўзгинаси. Исталган кишининг бошига тушиши мумкин. Бундан ҳеч ким ўзини эҳтиётлай олмайди. Мен ҳеч қачон "нега мен?” деб ўйламадим, бу – ноҳақлик бўларди. Пюэль келиб ўйинимни кузатган кунда ҳам "нега мен?” деб ўзимга савол бермагандим: у ва бунинг ўртасида фарқ йўқ.

    Ҳаёт: сендан ниманидир олиб қўйиши, келгуси куни эса нимадир бериши мумкин. Буни тўғри қабул қилишинг ва кечираётган ҳар бир кунинг учун шукр қилишинг керак”.

    Иншооллоҳ

    Эрик – христианлар оиласида туғилган мусулмон. У ақлини таниганида, ўзи билган ҳолда динини ўзгартирди. Дин у учун ҳақиқатда жуда муҳим: "Мен Инжил ва Қуръонни ўқиб чиққанман. Сўнг ўзим учун тўғри йўлни танладим. Лиондаги энг яқин дўстларим – мусулмонлар, шунинг учун бу менга табиий туюлди. Ойим – ҳар куни католик черковига қатнайди. Унга ўз қароримни айтганимда, қаршилик билдирмади. У менга: «Эрик, асосийси – яхши инсон бўл, ҳар куни эътиқод қил ва қилган хатти-ҳаракатларинг учун Тангри олдида фақат ўзинг жавоб беришингни унутма», деди. "Билмадим, эътиқодим менга ёрдам бердими йўқми, аммо бир нарсани аниқ биламан – дин бу устунлик: ўлимингдан кейин қаерга боришингни билишинг, кучли бўлишингга ёрдам беради. Бу саратон билан курашиш воситаси бўлмади, аммо – қандайдир таянч вазифасини ўтади. Ўлим? У ҳақ. Умид қиламанки, нуроний ёшга етганимдан сўнг у рўй беради. Мен ундан қочишга ҳаракат қилмадим... Тўғрисини айтганда, мавсум якунида яна майдонга қайтаман деб сира ўйламагандим. ЧЛ финалинику гапирмаса ҳам бўлади”.

    Уэмбли

    Тўрт ой ичида Эрик ўзи учун икки нарсани ажратиб олди:

    «Ҳаётимнинг энг оғир дамларида ҳис этган муҳаббат, мени лол қолдирди. Ҳамма менга яхши инсон эканлигимни айтарди: самимий дўстлар мени қаттиқ қўллаб-қувватларди. Клубда ёрдам ёки маслаҳат сўраладиган инсонга айлангандим. Айниқса, ёш жамоадошларим фикрларимга қаттиқ қулоқ тутишарди. Мен уларга раҳматлар ёғдирдим, исталган вақтда улар мени қўллаб-қувватлашларини билардим. Бироқ мени ҳайрон қолдиргани, қўнғироқ қилиши, хат ёзиши, келиб кўриши керак бўлган инсонлар бундай қилишмади. Номларини санамайман, кимлар ҳақида гапираётганимни уларнинг ўзлари яхши билишади. Қайта-қайта ёдимга тушадиган биринчи сўзлар бу – шифокор Фастернинг сўзлари: жарроҳлик амалиётидан сўнг эндигина ўзимга келгандим ва у менга қуйидагиларни айтганди: "Азизим Эрик, "Уэмбли”да кўришамиз. Мен у ёққа бормоқчиман ва биламанки, сен ҳам ўша ерда бўласан”. Ўшанда бу доктор эсини еб қўйганми, деб ўйлагандим».



    Сардор

    Бу ақлга сиғмайди. "МЮ” билан ўйин бошланишига бир соат қолганида ҳам у финалда ўйнайдими йўқми билмасди. "Гвардиола бизга охирги видеони кўрсатди, сўнг бир қатор кўрсатмалар бериб, учрашувда ҳаракат қиладиган асосий таркиб футболчилари номини ўқиб эшиттирди. Ҳеч ким ҳайрон қолмади, мендан ташқари, албатта.

    Пуйол таркибда йўқ. Унинг олдига бориб, сўрадим: "Нега сен таркибда эмассан. Асосий таркибга киритилмаслигингни билармидинг?” У кўзларимга қараб: "Мендан хавотир олма. Сени майдонга тушишинг муҳим.” Тасаввур қиляпсизми қандай сардоримиз бор? Чемпионлар лигасининг финали, унга захира ўриндиғини иситиб ўтиришини айтишди, у эса мен ҳақимда қайғуряпти! Бу – "Барселона”!

    Кубокни сардор сифатида бошим узра кўтаришимни тасаввуримга ҳам сиғдира олмагандим. Шунчалар ҳаяжонли дамлар эдики, бўлаётган воқеаларни зўрға идрок этардим. Тасаввур қиляпсизми? Саратон касалига дучор бўлдим, операция қилиндим, Чемпионлар лигаси финалида ўйнадим ва кубокни бошим узра кўтардим... буларнинг бари қандайдир уч-тўрт ой ичида рўй берди. Мен Яратгандан яна нима сўрашим мумкин?!”

    Четдан кузатувчи сифатида уларни нима бунчалик мустаҳкам бирлаштириб туришини тушинтириш қийин. Балки Гвардиоладир. У каталон клуби фалсафасининг тимсоли ҳисобланади. "Клуб, жамоа, шерикларим, буларнинг бари ҳаётимнинг бир бўлаги. Биз яхши пул топамиз, аммо ҳамон ёш болалардек машғулотларга ошиқамиз. Яхши бойлик орттирган кўплаб футболчиларни учратганман ва уларнинг ҳар бир гапи "Мен, Мен, Мени...” сўзлари билан бошланади. "Барса”да бундайларнинг йўқлигидан беҳад қувонаман. Ўйинимиз учун бизга яхши тўлашяптими, уни чиройли тарзда намойиш қилайлик, жиддий ёндошайлик: биз доимо бир-биримизга шуни эслатиб турамиз.

    Дарҳақиқат, баъзи футболчиларда худбинлик кучли. Биламан, шу ўринда Моуриньо ҳақида нимадир дейишимни истаяпсиз: унга тоқат қилиши қийин, бироқ унинг ҳолатида бу – ғалабаларга эришиш йўлидаги стратегиянинг бир бўлаги ҳисобланади”.

    Берлин 2006

    2006 йилги Жаҳон Кубоги ҳақида эслатганимда, Эрик қаҳ-қаҳ отиб кулади. "Сиз италянлар бошқачасизлар... доим ўзингизни оқлашга уринасизлар”, - дейди у. Лекин мен кейинги мавзуга ўтиш учун бу мисолни ишлатгандим: оғриқ. Оғриқнинг ҳар хил турлари бўлади, аммо уларнинг бари оғриқ: ракка рўбарў келиш, Жаҳон Кубоги финалида мағлубиятга учраш, 2009 йилги Рим финалини ўтказиб юбориш... У бошини чайқайди.

    "Адашяпсан. Жаҳон Кубогида ёки қайсидир индивидуал ҳолатда мағлубиятга учраганингда оғриқни ҳис қилмайсан, чунки жамоа билан ҳам ютишинг, ҳам ютқазишинг мумкин. Мен шунга ўрганганман. "Челси”га қарши ўйинда қизил карточка олиб, финални ўтказиб юборишим аниқ бўлди, лекин "Барселона” бу ҳуқуқдан маҳрум бўлмади. Муҳими шу. Рим стадионида томошабинлар ўриндиғидан ўйинни кузата туриб ҳам бахтиёр эдим. Бунинг ҳеч қандай оғриқли жойи йўқ. Саратон аниқланганидаги вазият ҳам шунга ўхшаш. Оилам, тарафдорларим, оддий инсонлар ва жамоадошларимнинг қўллашисиз бу хасталик билан курашни енга олмасдим”.

    Астон Мартин билан видолашув

    «Барселона» PR-менеджери Мануэл Эстиарт мени огоҳлантирганди: "Аби – ўзгача, ажойиб одам”. Бу – ҳақиқат. Эрикнинг гапларида қуруқ, сохта сўзлар йўқ. Қалби эзгуликка тўла. Унинг ички дунёсида баъзи нарсалар бутунлай ўзгарган. "Бундан қандай хулоса чиқардим?” – жилмаяди Эрик.

    "Жисмимга яхшироқ эътибор беришни. Балки, яшашни ўргангандурман. Пойга машиналаримни, ҳатто севимли Астон Мартинимни ҳам сотдим: пулларни бундан-да фойдалироқ жойларга ишлатиш мумкин. Кўплаб инсонлар саратон ёки ОИТСдан азият чекади, уларга пул керак. Ўзимда боримнинг бир қисмини уларга беришни истайман, чунки мен бахтли тақдир эгасиман. Агар кўчадаги тиланчига йигирма евро берсанг – бу сен ва у ҳамда Аллоҳ гувоҳлигидаги шахсий иш. Бошқа ҳеч кимга алоқаси йўқ. Яна жаҳлдор бўлмасликка ўргандим.

    Тақдирлар ўхшаш, ҳамма нарсада яхшилик аломати бор. Саратон касаллигида қандай яхшилик бўлиши мумкин, деб сўрайсанми? Агар яна шу ҳолатга тушсам ўзимни қандай тутишни яхши биламан. Атрофга ўзгача боқадиган бўлдим, улғайдим. Ҳаёт йўлларидан давом этишинг, уни қабул қилишинг ва бунинг учун нолимаслигинг шартлигини билдим. Буларнинг олдида пенальти уролмаганинг ёки қайсидир совринни ютолмаганинг учун жаҳл отига минишинг ғирт ахмоқлик, шундай эмасми?”.
    Категория: Интервью | Просмотров: 690 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 5.0/1
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz