Испаниялик машҳур мураббий Хосе Антонио Камачо Хитой футбол федерацияси
билан шартнома имзолаш мақсадида Пекинга етиб келди. Испаниялик мутахассис
Хитой терма жамоаси бош мураббийи лавозимида фаолият олиб боришга
тайёрланмоқда.
Хосе Антонио Камачонинг охирги иш жойи ватанидаги "Осасуна"
клуби бўлган эди. Мураббий ушбу клубдан
февраль ойида истеъфога чиқарилган. Камачонинг хитойликлар билан имзолайдиган
шартномаси уч йиллик муддатга тузилади.
Мураббийдан дарҳол ишга тушиши талаб қилинади. Сабаби, Хитой терма
жамоаси иккинчи сентябрь куни Сингапурга қарши майдонга тушиши лозим. Камачо
Хитойга ёрдамчилари билан биргаликда ташриф буюрган.
"Биз бу ерда бўлишдан жуда ҳам хурсандмиз. Мен ва ёрдамчиларим
Хитой терма жамоаси билан ишлашдан жуда мамнунмиз.
Бизнинг айни вақтдаги бош мақсадимиз — Хитой терма жамоасини Бразилияда
бўладиган жаҳон чемпионатига олиб чиқиш. Бироқ, узоқ келажакни кўзлаган
режаларимиз ҳам етарлича", - дейди Камачо.
Испаниялик мураббийи журналистлар билан қилган суҳбати якунида хитой
тилидан ҳам хабари борлигини кўрсатиб қўйган. У матбуот ходимларига қарата:
"Салом Хитой!" дея хитоб қилган.
|