Вторник, 07.05.2024, 07:26
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 15 » Кўчада қолган «Роналду»лар…
    07:21
    Кўчада қолган «Роналду»лар…


    Сарлавҳани ўқиб кимдир гап яна Роналду ҳақидами деган фикрга бориши мумкин. Негаки, охирги кунларда ҳамма фақат яқинда пойтахтимизга келган португалиялик футболчи ҳақида гапирмоқда.

    Бугун бу мавзу ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Зукко мухлислар мақсадимиз нима эканлигини тушунган бўлсалар, ажабмас.

    Бизда ҳам «Роналду»лар бор...


    Ҳа, бугун биз ўзимизнинг Роналду ва Роналдиньоларимиз хусусида сўз юритамиз. Ҳақли савол туғилади, бизда ҳам Роналдулар борми? Албатта бор, улар кўчада чанг-тўзонлар орасида қолиб кетишмоқда. Аниқроғи, «Суюнчи» фильмида айтилганидек, тоғу-тошлар орасида ном-нишонсиз қолишмоқда бизнинг бўлажак юлдузларимиз. Ачинарлиси, уларга йўл-йўриқ кўрсатувчи кишилар йўқ, ҳисоби. Бунга ишонмасангиз, бир кўчаларни айланинг. Ҳар бир қишлоқнинг ўз Роналдуси ва Какаси бор. Фақат улар ўша жойлардагина порлаб қолаверишади. Улардаги истеъдод Европадаги футболчиларникидан кам эмас. Аммо эътиборсизлик оқибатида кўчадагина юлдуз бўлиб қолишади. Бунга сабаб нима? Биринчидан, қишлоқдаги ота-оналар ҳамон «Футбол нон берармиди»,-деб истеъдодлардаги шаштни пасайтиришади. Иккинчидан, бечора бола шаҳарга келиб ўқиш учун етарли шароитга эга эмас. Учинчидан эса, футбол мактабларида истеъдодгагина қарашмаяпти. Шундай бўлса-да, футбол муассасалари бўшаб қолмаяпти. Негалиги кўпчиликка аён. Бунинг натижасида эса «маҳсулот» шунга яраша бўлмоқда. Қўпол қилиб айтганда, робот футболчилар етишиб чиқмоқда бизнинг ўлкада. Ҳарчанд ўргатманг, уларда Оллоҳ томонидан инъом этилган олий неъмат - истеъдод кам. Шунинг учун бошимиз эгик, мудом терма жамоамиз қачон гол урар экан, деганимиз деган... Европада-чи, тўрт бола тўп тепади, бир киши эса диққат билан уларни кузатиб туради. Орадан йиллар ўтиб, ўша болалардан Роналду каби юлдузлар вояга етади. Бизда эса...

    Қайда қолди Шквиринлар...?

    Терма жамоамиз ўйинларини кузатар эканмиз, бизда ҳақиқий ҳужумчилар қолмагани алам қилади. Ҳа, айни дамда термамизга Шквирин ва Олег Шацкихга ўхшаган ўйинчилар етишмаяпти. Тўпурар дея осмонларга кўтараётган ҳужумчиларимиз эса қулай вазиятларни кўкка совуриш билан оворалар. Ишонган футболчиларимиз бир ўйинда қанчадан-қанча имкониятга эга бўлсаларда, натижа ҳаминқадар. Ҳақиқий голеадор икки вазиятнинг бирини голга айлантиришга қодир бўлмоғи керак. Худди Баджо ва Элберларга ўхшаб. Биринчиси, бир ўзи Италия терма жамоасини жаҳон чемпионати финалигача етаклаган бўлса, иккинчиси, «Бавария»нинг Чемпионлар Лигаси ҳал қилувчи ўйинига етиб келишига салмоқли ҳисса қўшган. Термамизда етакчиликни ўз қўлига оладиган футболчи йўқ. Қосимов футбол билан хайрлашгач, бу камчилигимиз яққол кўзга ташланмоқда. Жепаровни Миржалолга қиёслагандик, афсуски, Сервер унинг ўрнини босолмаяпти. Қосимов Осиёда тенгсиз бўлмаган, лекин борган жамоасида етакчиликни ўз қўлига олган. Ёки яна бир собиқ футболчимиз, айни дамда «Олмалиқ»да ишлаётган Игорь Шквиринни олайлик. Игорь Анатольевич ўз вақтида терма жамоамизнинг ишонган тоғи эди. Айниқса, 1994 йилги баҳсларда Шквирин ўзбек заминида ҳам маҳоратли футболчилар борлигини исботлаганди. Бугунги кунда эса умуман ҳужумчига ёлчимаяпмиз, худди Эрон терма жамоаси каби. Форсларда ҳам Али Даи фаолиятини якунлаши билан етакчи ҳужумчи кўзга ташланмаяпти. Эҳ, қайда қолди бизнинг Шквиринлар...?
    Худога шукрки, бизда ҳар доим маҳоратли дарвозабонлар вояга етган. Айнан шу чизиқда муаммолар нисбатан камроқ. Қолган чизиқларда эса...
    Кўчаларни кезар эканмиз, футболкасига севимли ўйинчисининг номи ва рақамини ёздириб олган болаларга кўзимиз тушади. Ҳа, улар ҳам футбол юлдузи бўлишни болаларча орзу қилишади. Улар орасида жаҳон чемпионатида гол уришни хаёлан орзу қилувчилар талайгина. Шу болаларни кўриб ҳавас қиламиз. Аммо уларнинг келажагини ўйлаб, ҳафсаламиз пир бўлади. Кошки эди, уларнинг умидлари рўёбга чиқса. Футболнинг ҳар бир сирини қунт билан ўзлаштираётган болаларга раҳмимиз келади. Негаки, уларга эътибор берувчи кишилар кўп эмас. Акс ҳолда, ўзбекистонлик футболчилар ҳеч бўлмаганда, Россия майдонларида жавлон уриб ўйнашарди. Ўша машҳур Пелени вояга етказган заминда болалар ўз олдиларига асосан иккита мақсад қўйишади. Биринчиси, дипломат бўлиш. Иккинчиси эса, футболчи бўлиб танилиш. Хал-қи шу ақида асосида яшайдиган юртда кундан-кунга янги юлдузлар бош кўтаришмоқда. Биз эса ҳамон Миржалол Қосимовнинг ёрқин дамларини эслаб юрибмиз. Бу ҳолат қачонгача давом этишини ҳам билмаймиз, очиғи.

    Нега селекционерлар кам?



    Футболчи бўлишни ният қилган, лекин ажойиб истеъдоди билан кўчадагина ном қозонган 27 ёшли бир йигит билан гаплашиб қолдик. «Мени ҳамма Марадона, деб чақиради,- дейди суҳбатдошим. - Аммо футболчи сифатида ном қозониш менга насиб қилмади. Нимага дейсизми? Ҳаммасига сабаб эътиборсизлик. Мендаги истеъдодни ҳеч ким пайқамади. Ўзим ҳали ёшман, кейинги йили бирор жа-моага бораман, деганча вақтнинг ўтганини билмай қолибман. Ўз даврида жамоаларга борганман. Аммо баҳор келиши билан ота-онам футбол ўйнашни таъқиқлаб қўйишган. Улар учун мол-қўйга қараганим маъқулроқ эди. Шу-шу ўз маҳалламнинг юлдузи бўлиб қолавердим». Йигитнинг гапларида жон бор. Айни дамда унга ўхшаганлар кам дейсизми? Ахир юлдузларга тўла бу кўчаларимиз... Такрор айтишимиз мумкин, ҳар бир қишлоқнинг ўз Марадоналари-ю Пелелари, Баджо-ю Рауллари бор. Фақат улар ҳам «тўрт девор» орасида қолиб кетмасалар бўлгани. Бунинг учун мамлакатимизда етарли чора-тадбирлар қўлланилаётганига қарамай, барибир улар сони ошиб бормоқда. Яъни кўчада қолиб кетган «Роналдо»лар сафи кенгаймоқда. Барчасига сабаб селекционерлар камлиги. Жамоаларда шу вазифада ишлайдиган кишилар фақат футбол мактабларидан ўйинчи излашади. Аммо бугунги кунда мактабларда шунчаки, эрмак учун тўп сурадиганлар талайгина. Улар орасидан ҳақиқий истеъдод соҳибларини топиш мушкул. Афсуски, шундай. Бир куни футбол мактабида таҳсил оладиган таниш болакай билан суҳбатлашдик. У ўқишдан анча эрта қайтаётганди. Бунинг сабабини сўрасак, отасининг хоҳишига кўра, мактабга қатнаётганини айтди. Ҳайрон қолдик. Футбол мактабида мана шундай, отасининг раъйини қайтаришни истамаётган ёшлар ҳам таҳсил олаётган экан, нима дейиш мумкин? Билмадик...
    Аброр ДЕҲҚОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Майдондан ташқарида | Просмотров: 552 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz