Понедельник, 06.05.2024, 20:08
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 98
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 20 » Сервер Жепаров: Сколари Зикодан кучлироқ
    10:51
    Сервер Жепаров: Сколари Зикодан кучлироқ


    Сервер Жепаров номи нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ ва Осиё футболида машҳур ҳисобланади. Шу боис бўлса керак, қўшни Қозоғистоннинг Prosport.kz нашри мухбири ҳамюртимиздан интервью олиш учун Тошкентга ташриф буюрди. Суҳбат эса Ўзбекистон» меҳмонхонасининг холлида бўлиб ўтди. Сервер бу суҳбатга ўзининг дўсти Темур Кападзени ҳам олиб келди. "Копа” қўшни креслога ўтириб, газеталарни варақлаш билан овора бўлди. Интервью сўнггида эса уларнинг сафига Игнатий Нестеров ва терма жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам қўшилишди. Вадим Абрамов Қирғизистон терма жамоаси жавоб ўйинига жиддий тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги хабарни интернет орқали ўқиганини маълум қилди (сезган бўлсангиз, мазкур суҳбат Қирғизистонга қарши Бишкекда бўладиган ўйинга учиб кетишдан олдин уюштирилган).

    — Сервер, мухлисларга футболга қандай кириб келганингиз ҳақида гапириб беринг.
    — Кўпчилик қатори болалар ва ўсмирлар футбол мактабида ўқиганман. Дастлаб ўзимизнинг Чирчиқдаги мактабда шуғулланган бўлсам, кейин Тошкентдаги спорт-интернатга таклиф қилишган. Кейинчалик эса профессионал клубларда фаолиятимни давом эттирдим.

    — Урган ҳар бир голингиздан сўнг, мухлисларга сальтони ижро этиб берасиз. Бундай акробатик ҳаракатларни қилиш учун кўп шуғулланган бўлсангиз керак?

    — Ёшлигимда отам мени гимнастика мактабига олиб борганди. У ерда 5 ёшимдан 9 ёшимгача шуғулланганман. Кейинчалик футболни устун қўйиб, гимнастикани ташлашимга тўғри келганди...

    — Сўнгги мавсумни «Сеул» таркибида ўтказиб, Корея чемпионига айландингиз. Корея футболи ҳақида гапириб берсангиз.
    — Корея футболини бирор нарса билан таққослашга қийналамайн... Айтишим мумкин, у ерда агрессив ва курашларга бой футбол ўйналади. Клубларда кўплаб тезкор футболчилар фаолият юритишади. Умуман олганда, чемпионат анча кучли.

    — Кореяда жамоадошларингиз билан қандай суҳбатлашдингиз? Шахсий таржимонингиз бор эдими?
    — Ҳа, шундай — корейс ва рус тилларини биладиган таржимоним бор эди.

    — Инглиз тилини қай даражада биласиз?
    — Инглиз тилини фақат бошланғич савияда билганим учун бу борада муаммолар бор. Аммо ҳаёт бу тилни чуқурроқ ўрганишга мажбур қилмоқда…

    — "Сеул” билан шартномани бекор қилиш кимнинг ташаббуси билан амалга оширилди? Ахир клуб билан 3 йиллик шартномангиз мавжуд бўлиб, унинг энди дастлабки йилини ўтказгандингиз.
    — Шундай бўлиб қолди... Саудия Арабистонининг «Аш-Шабоб» клуби "Сеул”га таклиф билан чиққанида, кореяликлар мени сотишни исташмади. Чунки, клуб олдида жиддий вазифалар турганди, жумладан, ОЧЛда ғолиб чиқиш вазифаси. Мураббийимиз ўзининг асосий ўйинчиларидан бирини йўқотишни истамади. Араб жамоаси клубга ҳам, менга ҳам жуда яхши шартнома таклиф қилганитдан сўнг, бу сўзни ишлатишни ёмон кўраман, мени сотишга қарор қилишди. Шундай қилинса, клубга ҳам, менга ҳам яхши бўлади деб ўйлашди, шекилли.

    — Интернетда сизнинг трансферингиз 8 миллион еврони ташкил қилгани ҳақида маълумот топгандим. Ўзбек матбуотида эса 3 миллиондан ортиқроқ дея ёзишди. Қайси маълумот тўғри?
    — Очиғини айтсам, бу рақамларни қаердан олганингиз менга қоронғу. Мен учун ҳам бу маълумот сирли бўлиб қолмоқда. Мен трансфер суммаси ҳақида маълумотга эга эмасман. Шунинг учун бу борада ҳеч нарса дея олмайман.

    — ??? Шунақаси ҳам бўладими? Бунга ишониш қийин…
    — Албатта, бўлади. Клублар ўзаро нима қарорга келишганини мен билишим шартмас. Шахсий шартномамни эса биламан, лекин буни журналистларга айтмайман. Бу муҳокама қилинмайди.

    — Жаҳон чемпионати саралашининг ушбу босқичида Ўзбекистон терма жамоасининг олдига биринчи марта ЖЧ-2014 чиқиш вазифаси қўйилди. 3-босқичдаги рақиблар маълум— Япония, КХДР ва Сурия. Бу вазифани уддаласа бўладими?
    — Бундай вазифа олдимизга биринчи марта қўйиляпти, демаган бўлардим. Бу вазифа биздан ҳеч қачон олиб ташланмаган. 2006 йил Германияда бўлиб ўтган ЖЧга чиқишга жуда яқин тургандик. Агар ўша Баҳрайнга қарши Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда япониялик ҳакам пенальтини қайта тепишга рухсат бермай, "мўжиза” яратмаганидами... Бу галги рақиблар эса алоҳида таърифга муҳтож эмас, айниқса, Япония, ҳа, ЖЧ иштирокчиси Шимолий Корея ҳам. Бу ерда омад катта аҳамиятга эга, футболда бу нарсадан қочиб қутулишнинг имкони йўқ. Агар омад биз томонда бўлса, бу вазифани уддалашга кучимиз етади.

    — Қозоғистон футболини кузатиб борасизми?
    — Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётганимда бизнинг футболчилар у ерда қандай ўйнаётганига қизиқиб турардим. Кореядалигимда эса Қозоғистон футболидан бироз четга чиқиб қолдим.

    — Жонажон Чирчиқ шаҳрингизда "Барса” номли ресторан бор экан. Одамларнинг айтишича, у сенинг маблағинг ҳисобига қурилган экан. «Барселона» мухлисимисиз?
    — Айни вақтда, ҳа. "Барса”нинг бугунги ўйини ҳар қандай инсонни бефарқ қолдирмайди. Олдин "Ювентус”га мухлислик қилардим — менга Дель Пьеро жуда ёқарди. Менга кўп клублар ёқади... Умуман олганда, 4 йилдан бери «Челси»га мухлислик қиляпман. Ресторанга тўхталадиган бўлсам, ишлаб топган маблағимни кўчмас мулкка тикканман. Ҳозир бу иш билан масъул кишилар шуғулланишмоқда.

    — Футболчилик фаолиятингизни тугатганингиздан сўнг, хаёлингизга пиво барида мижозларга пиво тарқатиш фикри келмаганми? Мижозлар сони кўп бўларди, деб ўйлайман...
    — Йўғе (кулади), яхшиси унинг хўжайини бўлганим яхши...

    — Агар жиддий гапирадиган бўлсам, футбол ўйнашни тугатганингиздан сўнг, ўзингизни қайси соҳада тасаввур қилаяпсиз?
    — Футболда қолишни истардим — ахир бутун ҳаётим шу билан боғланган.

    — Қайси ролда?
    — Ўз футбол клубимга эга бўлишни ва унинг президенти бўлишни орзу қиламан.

    — "Барса”га қайтамиз, ресторанга эмас, футбол клубига. Бу жамоага қарши ўйнаш қувонарли бўлганми?
    — Ҳа, унга қарши ўйнагандан ва гол урганимдан хурсанд бўлгандим. Бу Барселонадаги йиғинимиз давомида машғулот ўйини бўлганди. Биринчи бўлимда «Барса» ва «Бунёдкор»нинг асосий таркиби ўйнаганди. Орадан 3 йил ўтган бўлса-да, ундан ширин хотиралар қолган.

    — Голни қай тариқа киритгандингиз?
    — Ким биландир (кимлиги ёдимда йўқ) "девор” ўйнаб, дарвозабон билан бирга-бир чиққанман ва дарвозанинг яқин "тўққизлиги”ни нишонга олгандим.

    — «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўртасидаги ўзбек классикосида кимга мухлислик қиласиз?
    — Бу жамоаларнинг сўнгги ўйинида ("Пахтакор” майдонида 0:0 ҳисоби қайд этилди — муаллиф) «Бунёдкор»га мухлислик қилдим.

    — Сервер, юлдузлик онларингиз 2008 йилги мавсум сўнгига тўғри келганди. Ўшанда сизни Осиёнинг энг яхши футболчиси, деб топишганди. Ўша ёқимли дақиқаларни эслайдиган бўлсак, бу сиз учун кутилмаган ҳол бўлганми?
    — Мутлақо кутилмаган бўлганди. Ўша мавсум сўнгида таътилни оилам билан Малайзияда ўтказиш учун чипта сотиб олгандим ва Осиёнинг кучли беш нафар футболчиси сафига кирганимни айтиб қолишди. Шунинг учун Малайзияга олинган чипталарни топшириб, тақдирлаш маросими учун Шанхайга боришим кераклигини айтишди. Таътилни кечроқ муддатга суриб, Шанхайга боришга тўғри келганди. Маълум бўлишича, у ерга ташрифим бекор кетмаган экан (кулади): якуний хулосаларни эълон қилган ҳолда, менга Осиёнинг энг футболчисига аталган совринни топширишди.

    — Кўп мураббий қўлостида шуғуллангансиз. Сизнинг ўсишингизда қайси мураббийнинг ҳиссаси катта?
    — Ҳа, кўп мураббийлар қўлостида шуғулланганман. Ҳар бирининг футболга нисбатан ўз қараши ва ҳар бирининг ўзига хос "тўғри” жиҳатлари бор. Футболчи сифатида ўсишимда ҳар бир мураббий ўз ҳиссасини қўшган. Улардан энг яхши нарсаларни олишга ҳаракат қилганман.

    — "Бунёдкор”даги жамоадошларингиздан бири, унинг кимлигини айтиш шартмас, суҳбат давомида Зикони яхши мураббий эмас, деб айтиб ўтган. Бу фикрга қўшиласизми?
    — Мен бу даражада танқид қилмаган бўлардим. Зиконинг ҳам ишида ижобий жиҳатлар бор. Агар уни Сколари билан таққослайдиган бўлсак, Зико мутахассис сифатида ҳамюртидан кучли эмас. Сколари — ўз ишининг профессионали. У учун тартиб-интизомда майда-чуйданинг ўзи йўқ. Лекин у ҳам адашиши мумкин...

    — Сервер, сиз иримчимисиз?
    — Барча спортчилар иримчи бўлишади.

    — Масалан, ўйин куни нимага амал қиласиз?
    — Ҳеч қачон ичмайман (кулади).

    — Сиз ҳар ерда 8-рақам остида ўйнайсиз. Телефон рақамингиз, e-mail ва машинангиз рақамида ҳам саккиз сони бор. Бу сиз учун омадли рақамми?
    — Менимча, ҳа. Мен профессионал фаолиятимни айнан ушбу рақам остида ўйнаш билан бошлаганман. Шундан бери ўзгартирганим йўқ.

    — Саудияда ҳам шу рақам остида ўйнайсизми?
    — Умид қиламан...

    МАЪЛУМОТ
    Сервер Решатович ЖЕПАРОВ
    «Аш-Шабоб» (Саудия Арабистони) ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси.
    Туғилган вақти ва жойи: 1982 йил З октябрь, Чирчиқ шаҳри.
    Фуқаролиги: Ўзбекистон
    Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи
    Фаолияти:
    2000-2001 — «Навбаҳор» (Наманган) - 46 ўйин (7 та гол);
    2002-2007 — «Пахтакор» (Тошкент) - 96 (34);
    2008-2010 — «Бунёдкор» (Тошкент) – 123 (19),
    2010-2011 — «Сеул» (Ж.Корея) - 31 (1);
    2011 — «Аш-Шабоб» (Саудия Арабистони) — 0 (0)
    Ютуқлари: Ўзбекистон чемпиони — 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2009. Жанубий Корея чемпиони — 2010.
    Ўзбекистон кубоги соҳиби — 2002, 2003, 2008.
    Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси — 2002, 2006, 2007, 2008.
    Осиёнинг энг яхши футболчиси — 2008.

    Манба: www.prosportkz.kz
    Категория: Интервью | Просмотров: 516 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz