Вторник, 07.05.2024, 04:14
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 3 » Унутилмас шанба ёки Қашқадарёга саёҳат
    14:01
    Унутилмас шанба ёки Қашқадарёга саёҳат


    Футбол бу фақат ўйинми? Йўқ. Футбол –нафақат спортнинг бир тури, балки бу ҳамжиҳатлик, кайфият, дўстлик рамзидир. Бунга яқинда Қашқадарёга қилган сафаримиз чоғида яна бир бор амин бўлдик. Сафаримиздан мақсадимиз муштарак эди. «Насаф» - «Динамо» учрашувини кўриш баҳонасида, Қашқадарёнинг диққатга сазовор жойлари билан билан танишиб чиқиш. Хуллас, шанба куни биз учун унутилмас кунга айланди. Келинг, сайёҳатимизни бошидан бошлайлик.

    Самарқанддан Қашқадарёга

    30 июль. Шанба саҳари. Ёзнинг иссиқ кунларидан бири. Муқаддас рамазон ойи бошланишига бир кун қолди. Бу яна шундай кунки, мухлислар узоқ кутган санадир. Яъни Олий лиганинг иккинчи давраси бошланиши. Ҳамма жамоалар турлича тараддуд кўришган ва энди буларнинг тайёргарлиги қай даражада бўлганлигини майдонда кўриш вақти келди. Бир сўз билан айтганда мухлислар учун яна ҳижрон, яна ҳаяжон…

    Биз учун қадрдон бўлган «Динамо» жамоаси шу куни Каршида «Насаф» меҳмони бўлади. Жамоамизни жиддий синов кутиб турибди бугун. Самарқандлик футбол ихлосмандлари «Динамо»нинг қайси ўринда бўлишидан қатъий назар жамоаларини қўллаб-қувватлашдан чарчашмайди. «Динамо» турнир жадвалида сўнгги ўринда бораётган бўлсада, шу куни юзлаб мухлисларнинг Қаршига боришлари аниқ эди. Қизиғи, шунча мухлис энг пастки ўринда юрган жамоалари Қаршида чемпионлик учун курашаётган жамоа устидан ғалаба қозонишига умид қилишаётган эди. «Динамо» мухлисларининг асосий қисми шанба куни тушликдан сўнг Қаршига йўл олишлари режалаштирилганди. Биз бир гуруҳ футбол ишқибозлари эса бир неча кун олдин келишганимиздек, шанба тонгида Қашқадарё томон йўлга чиқишни мақсад қилгандик.

    Шанба тонгги. Соат 6:30. «Динамо» стадиони ёнида бирин-кетин йиғила бошладик ва ярим соатдан сўнг қайдасан Қашқадарё, деб машиналарда йўлга отландик.

    Бир соат йўл юрмай Самарқанд шаҳридан чиқиб, Ургут тоғларига чиқдик. Саёҳатимиз айнан Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини ажратиб турган Ургут тоғларидан бошланди. «Қаросув» сув омборига етмай, илк «бекат»га тўхтадик. Ҳа бу ўша жой. 60-йилларда Америка ва собиқ

    Иттифоқ кино ижодкорлари томонидан ҳиндулар ҳақида олинган фильм суратга олинган жой. Адашмадингиз, ҳа ўша машҳур «Чингакчук» филми. Таниқли актёр Гойко Митич «Апачилар» ролида айнан мана шу тоғ тизмаларида отини чоптириб расмга тушган эди. Улкан тешик тош ҳам айнан шу ерда.

    30 дақиқалик тўхташдан кейин саёҳатимизни давом эттириб, Амон қўтон тоғ-ёнбарларидан ўтиб Самарқанд вилоятининг энг юқори нуқтасига етиб келдик. Айтишларича, Ургут тоғининг бу довони Самарқанд шаҳридан 1600 метр баландликда экан. Ажойиб манзарали Мингчинор довонидан тушарканмиз, Қашқадарё вилоятига кириб келдик.

    Саёҳатдан Зиёратга

    Қашқадарёга кириб келарканмиз, режамизга биноан дастлаб Китоб тумани томон йўл олдик. Аниқроғи, биз кўп эшитган Ҳазрати Бешир зиёратгоҳи ва оромгоҳи томон йўлимизни бурдик. Варганза каттақишлоғидан ўтарканмиз, «Хуш келибсиз», «Хуш омадед» дея икки тилда ёзилган пештахталарга кўзимиз тушарди. Бу қишлоқ орқали 25 км йўл босиб тоғлар орасидаги Ҳазрати Бешир масканига етиб келдик. Бу маскан Қашқадарёнинг энг шимолий нуқтаси экан. Яна озроқ шарққа юрсангиз Тожикистонга, шимолга юрсангиз Ургут туманига тушаркансиз. Бироқ фақат машинасиз.

    Ҳазрати Бешир зиёратгоҳи ташриф буюрарканмиз, дастлаб ҳазрат руҳи покларига дуои фотиҳа ўкиб бағишладик ва шу билан бирга дуога қўл очиб «Динамо»нинг ғалабасини Оллоҳдан сўрадик. Кўпчилик Ҳазрати Беширни, бироз нотўғри талқин қилиб Ҳазрати Башир деб айтаркан. Аслида эса бу азиз авлиё оналари сутларидан қолиб, Бешир, яъни Сутсиз номини олган эканлар.

    Зиёратдан кейин бироз пастга тушиб ушбу зиёратгоҳ номи билан юритилувчи оромгоҳга етиб келдик. Шуниси ҳам борки, бу ерда ўзингизни дунёдан узилгандек ҳис этаркансиз. Телефон, Интернет деган тушунчалардан анча йироқда бу маскан.

    Икки чашма оралиғидаги бу мўъжазгина оромгоҳ шу қадар гўзалки кўриб кўзингиз қувнаши аниқ. Зиёратгоҳдан бошланган дарё бу оромгоҳнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтади. Энг қизиғи, чашма сувларидан ташкил топган бу дарё Қашқадарё дарёсининг энг бошланғич қисми экан. Ярим кунга бу ерда тўхтаган гуруҳимиз камида бир ойга етадиган хордиқ, бир умрлик таасурот олди дейиш мумкин. Футбол мухлислари бўлган жойда тўп бор. Тўп бўлса футбол бор. Оромгоҳ яқинида футбол майдони борлигини билган йигитларимиз дарҳол майдонга ошиқиб, футболни бошлаб юборишди. Футболдан сўнг эса Қашқадарё дарёсида чўмилишни унутганимиз йўқ. Яхтакгина чашма сувлари танага ҳузур бағишлайди. Пешиндаги «жиз-биз» тановулидан сўнг, гуруҳимиз билан тоғга сайр қилишни мақсад қилдик. Юқоридан кўринган манзарани сўз билан ифодалаш қийин. Шунчаки, супер!

    Энди футболга!

    Тоғдаги сайрдан оромгоҳга қайтарканмиз, ям-яшиллик бурканган манзарада, дарё салқинида дам олиб, буёғига бошқа спорт турларига ҳам ўзимизни синаб кўраётганимизда тўсатдан «гумбур-гумбор»лар овози эшитилиб ёмғир томчилай бошлади. Бу бизнинг йўлимизда давом этишимиз лозимлигини билдирарди.

    Еттисоатлик дам олишдан сўнг, дарҳол яна машиналардан жой олдик ва кучли ёмғир остида Ҳазрати Беширдан қайтдик. Ёзнинг иссиқ кунида бундай ёмғир ёғишини ҳар куни ҳам кўрмайсиз. Қашқадарё дарёси ёни билан йўлимизда давом этарканмиз дастлаб Китоб шаҳрига етиб келдик. Китоб бозорини бироз айлангач, Амир Темур бобомиз туғилган Шаҳрисабз томон юрдик. Ҳақиқатдан ҳам ўз номига монанд яшил шаҳар. Айнан Шаҳрисабз тарк этиб, Қашқадарёнинг анча иссиқ бўлган минтақасига ўтдик. Қамаши, Яккабоғ, Ғузор тумани ҳудудларини босиб ўтганимиздан кейин Қарши шаҳрига етиб келдик. 20:00да бошланадиган ўйинга ярим соат қолганида етиб келганимиз учун Қарши шаҳрини айланмай, тўғри ўйингоҳ томон юрдик. «Марказий» ўйингоҳга яқинлашканмиз, стадионда самарқандлик мухлисларга ажратилган сектордан ўрин олдик. Барчамиз кутган ўйин бошланишига қадар секторимиз деярли тўлди. Биринчи бўлимда секторимизда унчалик «жонланиш» кўзда ташланмаган бўлса, иккинчи бўлимда айнан меҳмонлар сектори бутун ўйингоҳни «бошига кўтарди». Айниқса, динамочиларнинг голидан сўнг хурсандчилигимизни чеки йўқ эди. Ҳакам ҳуштаги янграгач эса, ғалабани нишонлашни бошлаган мухлислар томонига Дэвид Ониянинг келиб «Динамо» рамзини фахр билан ўпаётганлиги секторни «портлатди» дейиш мумкин. Шу даражадаки, айнан шундан кейин бутун ўйингоҳдаги қаршилик мухлислар ҳам «Динамо», «Динамо» дея олқишлай бошлашди. Қарсакка, олқишга яраша ҳаракатлар!

    Чексиз қувонч

    Қаршидан уч очко билан қайтарканмиз худдики чемпионлик кубогини олиб қайтгандек бўлдик ўзиям. Соат 23:00 га қатор машиналар, мухлислар жой олган автобус билан «Динамо» футболчилари автобусини «қуршов»га олиб қайтдик. Бегоналар ҳам бир-бирига жуда меҳрибон, ҳамманинг хурсандчилиги чексиз. Барча ўйин тафсилотларини муҳокама қилар, кимдир уни, яна кимдир эса бутун жамоани мақтарди. Қизғин муҳокамалар билан бўлиб, икки соатда Самарқандга етиб келганимизни ҳам билмай қолибмиз. Ҳаммамиз уйга тарқалар эканмиз, мухлислардан шу гап чиқарди: 5 августда «Пахтакор»ни ҳам ютишимиз керак! Кейинги сафарни биз тўхтамаган Ғузорга қилмоқчи бўлдик, бироқ жамоанинг Кубокда ҳеч қандай мақсад қўймаганлиги учун «Шўртан» - «Динамо» учрашувига бормадик.

    Хуллас, футбол бу нафақат ўйин, балки дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи, халқни бирлаштирувчи, бир мақсад сари олға интилишда руҳлантирувчи ажойиб бир омил эканлигини мана шу ерда тушундик. Янги саёҳат ва янги ғалабаларда учрашгунча дўстлар!

    Саид Ҳамидуллозода.

    Манба: www.sam-dinamo.vo.uz  

    Категория: Майдондан ташқарида | Просмотров: 819 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz