Вторник, 07.05.2024, 06:51
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 8 » Вадим Афонин: «Эҳтимол, «Рубин»га яна қайтарман»
    07:24
    Вадим Афонин: «Эҳтимол, «Рубин»га яна қайтарман»



    Миллий чемпионатимизнинг иккинчи давра ўйинлари бош мураббийларни алмаштирган баъзи жамоалар учун омадли бошланди.

    Хусусан, Аҳмад Убайдуллаев қўл остидаги Самарқанднинг «Динамо»си «Насаф»дек кучли рақибни сафарда мағлубиятга учратган бўлса, Эдгар Гессдан «халос бўлган» «Шўртан» эса Жиззахдан уч очко билан қайтди. Қизиғи, «Сўғдиёна»да ҳам худди ғузорликлар сингари бош мураббий алмаштирилганди. Бироқ унутмаслик лозимки, туркманистонлик мутахассиснинг иш тажрибаси ҳамкасби Мурод Отажоновникидан кўра бироз улканроқ, албатта. Қолаверса, Агамуродов жамоаси ўйинчиларнинг савияси борасида ҳам сезиларли устунликка эга. «Шўртан»нинг ана шундай маҳоратли футболчилардан бири, ярим ҳимоячи Вадим Афонин «Сўғдиёна»-«Шўртан» учрашув якунланганидан кейин биз билан мулоқотда бўлганди.

    -Вадим, авваламбор, ҳал қилувчи босқичга тайёргарлик жараёни ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

    -Яхши биласиз, бу йилги мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмадик. Шунинг учун вазиятни ўнглашни истасак, иккинчи даврага ҳаммадан кўра яхшироқ, мукаммалроқ тайёргарлик кўришимиз талаб этиларди. Асосийси, буни барчамиз - футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам чуқур ҳис қилиб турдик. Аввалига Ғузордаги қароргоҳимизда машғулотлар ўтказдик. Сўнгра йиғинни Тошкентга кўчириб, пойтахтда бир қатор назорат учрашувларида имкониятларимизни чамалаб олдик. Июль ойининг иккинчи ярмидан яна Ғузорга қайтдик ва янги бош мураббийимиз биздан талаб қилган вазифаларни имкон қадар тўлиқ, охиригача бажаришга тинтилдик.

    -Дарвоқе, Тачмурод Агамуродов ҳақида... Хўш, унинг ўзгача машғулот ўтказиш тартиби, фақатгина ўзига хос услублари бор эканми?

    -Албатта, ҳар бир одамнинг табиати ҳар хил бўлганидек, иш услубида ҳам ўзгачалик кузатилиши табиий. Лекин шуни айтишим мумкинки, Агамуродовнинг машғулотлари шахсан менга ёқди. Улар турли-туман, қизиқарли. Мураббийимизнинг тактик салоҳияти юксаклиги шундоқ кўриниб турибди. Бир сўз билан айтганда, жамоамиздаги умумий кайфият, ҳиссиётлар фақат ижобий.

    -Тан олиш керак, «Шўртан»нинг турнир жадвалидаги ҳозирги ҳолати унчалик кўзни қувонтирмайди. 11-поғона - футболчиларни ҳам қониқтирмаслиги аниқ, шундайми?
    -Тўғри, мавсум бошида ишларимизнинг бундай тус олишини ҳеч биримиз кутмаган эдик... Аммо, айни пайтда ҳаммаси ўзгарди. Мана, иккинчи давранинг илк ўйинида Жиззахдан уч очко билан қайтдик. Демак, ўйинимизда ўзгариш бор. Йигитларимизда ғалабага чанқоқлик ортгандек, назаримда. Аслида, ҳеч ким майдонга мағлубиятни кўзлаб тушмайди. Лекин негадир биринчи даврадаги ўйинларимиз сира қовушмади. Бундан ташқари, «Шўртан» тарихида илк бор халқаро ареналарга чиқди. Осиё миқёсидаги иштирокимиз-ку, ҳарҳолда ёмон бўлмади. Аммо узоқ муддатли кетма-кет сафарлар, муҳим учрашувлар барибир, қайсидир жиҳатларда футболчиларнинг чарчашига олиб келади. Эҳтимол, айнан шунинг учун чемпионат ўйинларини бой бериб қўйгандирмиз?.. Қисқаси, энди буларни эслашдан фойда йўқ. Яхшиси, тезроқ омадсизликларни унутиб, иложи борича қисқа муддатларда ўз мавқеимизни тиклашни ўйлаганимиз маъқулроқ.

    -Чиндан ҳам, ОФК кубогидаги иштирокинглар чакки бўлмади. Бунинг устига, мусобақанинг ўтган йилги финалчиси ва ғолиби жой олган гуруҳдан чиқиш ҳам осон эмасди. Лекин «Шўртан» бу вазифани уддалаб, халқаро мусобақаларга тайёр жамоа эканини исботлади, гўё...

    -Масъулият ҳисси одамга икки хил таъсир қилади: ижобий ва салбий. Мамлакатимиз шаънини халқаро майдонда ҳимоя қилишимиз ойдинлашгач, зиммамиздаги масъулият икки-уч ҳисса ортди. Асосийси, бу бизга ижобий таъсир қилди ва ўз мамлакатларининг чемпионлари, турнирнинг таниқли жамоалари билан тенгма-тенг курашдик. Эсингизда бўлса, бизнинг ОФК кубогида қатнашишимиз тасодиф туфайли юз берганди. Лекин жамоамиз қайд этган натижалардан ОФК мутасаддиларининг ҳам кўнгиллари тўлган бўлса керак, деб ўйлайман.

    - Сизнингча, иккинчи даврада жамоангиз қийин ҳолатдан чиқиб кетиши мумкинми?

    -Албатта, ахир энди бизнинг миллий чемпионат ва кубок ўйинларидан бошқа ташвишимиз қолмади. Давралар оралиғида сафимиз ҳам анча кенгайиб, тажрибали футболчилар ҳисобига бойиди. Шунинг учун натижаларимиз яхшиланиб бораверишига «Шўртан»нинг ҳеч бир аъзоси шубҳа қилмайди десам, муболаға бўлмайди.

    - Собиқ мураббийингиз - Эдгар Гесс билан ўтган йили кубок финалига қадар бориб, чемпионатни тўртинчи ўринда якунлагандинглар. Аммо бу йилги натижалар истеъдодли мураббийнинг алмаштирилиши билан ниҳоясига етди...

    -Эдгар Яковлевичдан барчамизда бирдек ёқимли таассуротлар қолди. Аслида бу мутахассиснинг қобилиятига тан бермай илож йўқ. Лекин футболда шундай: кимдир ютқазмаса, бошқалар ютмайди. Гесс ҳар томонлама етук мураббий эди. Айнан шунинг учун ҳам ўтган йилги натижаларимиздан барчанинг кўнгли тўлди. Лекин юқорида таъкидлаганимдек, узоқ парвозлар, кетма-кет ўйинлар ва жароҳатлар исталган мураббийни қийнаб қўйиши ҳеч кимга сир эмас. Акс ҳолда, у билан ҳамкорлигимиз ҳали узоқ вақт давом этиши мумкин эди.

    - Маълумки, бир вақтлар «Рубин» ўринбосарлари таркибида тўп сургансиз. Лекин асосий таркибга киришиб кетиш насиб этмади. Бунга қандай изоҳ берардингиз?

    -Тўғри, у вақтларда биргина мен эмас, Вагиз Галиулин, Даврон Мирзаев каби ватандошларимиз ҳам «Рубин» аъзоси эдилар. Кейинчалик сафимизга Аюбхон Гаппаров келиб қўшилди. Қолаверса, тажрибали Андрей Фёдоров биз «Рубин» аъзосига айланган пайтларда ҳали майдонда тўп сурарди. Асосий таркиб масаласига келсак, вақт ўтгани сайин жамоадаги рақобат кучайиб бораверди. Табиийки, бу ўринда хорижлик легионерлар ҳам муҳим роль ўйнашганини унутмаслик лозим. Катта пулга харид қилинган легионерлар турганда, бизнинг хизматларимизга эҳтиёж сезилмасди, барибир. Чунки улар ўзлари учун сарфланган пулни оқлашлари шарт эди. Лекин бундан биз асосий таркибда ўйнамаганмиз, деган маъно чиқмайди. Масалан, мен Россия кубоги ўйинларида бир неча бор «Рубин» шарафини ҳимоя қилганман. Бироқ афсуски, премьер-лига ҳавосидан баҳра ололмадим. Қолаверса, у пайтлари барчамиз жуда ёш ва тажрибасиз бўлганимизни ҳам ёддан чиқарманг.

    - Қурбон Бердиев ҳақидаги фикрларингиз...

    - Ўта кучли мураббий. Ахир «Барса»дек жамоани мағлубиятга учратишни қайси мураббий орзу қилмайди дейсиз. Қурбон Бердиев эса буни уддалай олган жуда кам сонли мутахассислардан биридир.

    - У билан бевосита мулоқотда бўлгансизми?

    - Албатта. Гарчи менинг кўпроқ вақтим ўринбосарлар билан ўтган бўлсада, кундалик машғулотларимиз «асосийлар» билан кечарди. Бердиев машғулотлар асносида бизнинг ўйинларимизни ҳам кузатиб, зарур деб ҳисоблаган футболчиларига керакли маслаҳатларини, ўгитларини берарди.

    - Вақтлар келиб, яна «Рубин» таркибига қўшилишингиз мумкинми?

    - Эҳтимол... Лекин бунинг учун анчагина тер тўкишим лозим.


    манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
    Категория: Интервью | Просмотров: 625 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz