Понедельник, 06.05.2024, 13:50
Приветствую Вас Гость | RSS
ЎЗБЕК ВА ЖАҲОН ФУТБОЛИ ЯНГИЛИКЛАРИ
Наш опрос
Испанияда ким чемпион бўлади?
Всего ответов: 74
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Форма входа
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz
  • Счётчик MyCounter
    Главная » 2011 » Август » 3 » ЎФФда катта йиғилиш
    13:48
    ЎФФда катта йиғилиш


    Ўзбекистон Футбол Фдерацияси биносида олий лига клублари раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

    1 август куни соат 11:00да бошланган мажлисда ЎФФ президенти Мираброр Усмонов, бош котиб Сардор Раҳматуллаев ва ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магомедов ҳамда олий лигада иштирок этувчи клублар раҳбарлари, мураббийлари, спорт менежерлари, футбол академияси директорлари ва бошқа ходимлари қатнашишди.

    Даставвал сўз ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга берилди.
    Мираброр УСМОНОВ: - Аввало ушбу йиғилишда иштирок этаётган барча клуб раҳбарларига алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Сизларнинг клубларга бераётган эътиборингиз оқибатида терма жамоаларимиз халқаро майдонларда яхши натижалар қайд этишмоқда. Ўсмирларимиз термаси 10та вилоятдан сараланган футболчилардан ташкил топди. Қачон терма жамоамизда бунча кўп вилоятдан футболчилар йиғилганини эслай олмайман. Миллий термамиз Осиё чемпионатида 4-ўринни қўлга киритгач, хорижга йўл олаётган легионерларимиз сони ошди. Ҳозирги кунда 11 нафар терма жамоамиз аъзоси бошқа мамлакатларда фаолият юритмоқда. Одил Аҳмедов ва Санжар Турсунов Россия премьер-лигасининг етакчи ўйинчиларига айланиб боришмоқда. Сервер Жепаровнинг 8 млн. доллар эвазига Жанубий Кореянинг "Сеул” клубидан Саудия Арабистонининг "Ал-Шабаб” жамоасига трансфер қилинганлиги катта гап. Ўсмирларимизга "Челси”, "Монако”, "Милан”, "Тоттенхем” каби гранд клублардан қизиқишлар бўлаётгани ёқимли. Олимпиячиларимиз "ўлим” гуруҳидан жой олишган. Мураббийлар штаби Лондон-2012 олимпиадасида иштирок этиш учун максимал даражада иш олиб боришмоқда. Миллий терма жамоамиз 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган жаҳон кубогида иштирок этишга жиддий бел боғлаган. Келаси йили 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида жаҳон чемпионатига мезбонлик қиламиз. Бу ФИФАнинг бизга берган имконияти. Агар мусобақани юқори савияда ташкил этиб берсак, бошқа нуфузли турнирларни ўз диёримизда олиб келиш имкони туғилади. Эътибор бераётган бўлсангизлар барча термаларимиз ўз йиғинларини ва ўртоқлик учрашувларини хорижда олиб боришмоқда. Шу йўл билангина футболимизни янги босқичга олиб чиқиш мумкин. Сизу бизлар жам бўлиб, бундан-да яхшироқ ишлаб, футболимиз савиясини янада кучайтиришимиз керак.

    Олий лига жамоаларимиз сонини 14тага қисқартирганимизда бир йилда 40га яқин ўйин ташкил этишимиз керак, ўйин амалиёти камайиб кетади деган гап сўзлар бўлганди. Бироқ, 6:0, 8:0 каби ҳисоблардан узоқлашдик. Бу нарса эса мени хурсанд қилмоқда. Биринчи лига форматини ўзгартириб, икки минтақага ажратган ҳолда ўтказа бошладик. Секин-аста биринчи лига ҳам кучайиб бормоқда.

    Биринчи даврадан сўнг бешта жамоада бош мураббий ўзгарди. "Динамо” ва "Шўртан” каби жамоалардаги ўзгаришлар иккинчи давранинг илк туридаёқ ўз самарасини берди. Турнир жадвалининг юқори қисми мени ҳайрон қолдирмаяпти. Ўша-ўша грандлар совринли ўринлар учун курашмоқда. Чемпионлик учун кабида тўртта жамоа мавсум охиригача курашиши керак. Жадвалнинг қуйи қисмидаги кураш эса анчайин қизиқарли.

    Илгари биргина миллий терма жамоага эътибор қаратиларди. Сўнгги йиллардаги изланишлар оқибатида 14та терма жамоани ташкил этдик. Клублар терма жамоалар манфаатлари йўлида хизмат қилишлари керак. Бунинг учун бош мураббийларнинг роли катта ўрин тутади. Ҳозирги кунда мен тўрттагина бош мураббийни биламан холос. Миржалол Қосимов, Равшан Ҳайдаров, Анатолий Демьяненко ва Игорь Шквирин. Қолганлар клубнинг бошқа ишларига аралашишади. Ўз вазифасини тўлиқ бажара олмаган мураббий жамоасидан қандай натижа кутиш мумкин? Бунақанги бош мураббийлар ўзбек футболига керак эмас. Машғулотлар, ўйинини қандай ташкил этиш, рақиб жамоани ўрганиш устида бош қотирмасдан клубнинг молия ишларига аралашган мураббийлар футболимиз равнақига ҳеч нима бера олишмайди.

    Илгари ҳар бир клубга футбол мактабларини бириктириб бергандик. Энди ундай бўлмайди. Вақт ўтди, замон ўзгарди, энди талаблар бошқача. Бундан буён ҳар бир клуб қошида футбол академияси фаолият юритиши керак.

    Бу мавсум 51 нафар легионер футболчи олий лигага рўйхатдан ўтган. ЎФФ ва ПФЛнинг хориждан ўйинчи олиб келишишингизга ҳеч қандай қаршилиги йўқ. Бироқ улар маҳаллий ўйинчилардан бир бош баланд бўлиб, биздаги ёшларга ўз тажрибаларини ўртоқлашишса мақсадга мувофиқ бўларди. Фалон суммага олиб келиниб, захирада ўтирадиган легионерлар керак эмас. Бу борада 2012 йилги мавсумга алоҳида эътибор қаратишларингизни сўрардим.

    ЎФФ, ПФЛ ва клубларимиз бир оила. Ҳаммамиз бир бўлиб, футболимизни юксалтиришимиз керак. Афсуски, айрим клублар раҳбарлари хомийлар томонидан ажратилаётган пулларни ўмаришяпти. Бу жуда жиддий масала. Мен клуб раҳбарларини алоҳида йиғаман ва улар билан жиддий гаплашаман. Жаҳон футболида 10-15 фоиз пулларни исроф қилиш деган тушунчалар бор. Аммо 40-50 фоиз маблағни ўмариш, ўзлаштириш ёки бўлмасам ҳавога учириш яхши эмас.

    Жамоалар фан-клубларига, мухлисларига эътибор қаратиш керак. Уларнинг тартибини йўлга қўйиб, яхши шароитлар яратиб бериш лозим.

    Ўзбекистон футболини шундай босқичга олиб чиқайликки, Осиё Чемпионлар лигаси ва ОФК кубоги турнирларида камида тўрттадан жамоамиз иштирок этсин. Яқинда ОФК инспекцияси юртимизда бўлиб, клубларимизда яратилган шароитлар билан танишиб кетишди. Тез орада барпо этилаётган янги стадионларимиз фойдаланишга топширилади. "Металлург” ва "Локомотив”нинг янги ареналари битиш арафасида. "Бунёдкор”нинг улкан аренасида иш қизғин. "Олмалиқ” жамоасига янги стадион қурилмоқда. "Динамо”, "Навбаҳор”, "Бухоро” каби жамоалар стадионларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

    Сизлар шундай ишлашда давом этсангизлар ҳукуматимиз қўл-қовуштириб ўтирмайди. Ёрдам қўлини чўзади. Яхши ишлаган клуб раҳбарлари алоҳида мукофотланадилар.


    Шундан сўнг сўз навбати Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директоир Фарҳод Магомедовга берилди.
    Фарҳод МАГОМЕДОВ: - Ҳурматли клуб раҳбарлари эски тизимдан воз кечиб, янгича иш системасини йўлга қўяйлик. Олдимга баъзи мураббийлар келишиб, "мени ишдан бўшатишдими” деб сўрашяпти. Бу қанақаси ахир? Ўз лавозимидан озод этилган мураббий бундан бехабар бўлса. Аста-секин яхлит бир тақвимга тушиб боряпмиз. Ҳеч қаерда ўйинлар жадвалини идеал қилиб тузиб бўлмайди. Куни кеча 2014 йилги жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичига қуръа ташланди. Кучли гуруҳдан ўрин олдик. Терма жамоа манфаатлари йўлида баъзи бир ўзгаришлар бўлишини мумкин. Яқиндагина ОФКдан келган текширувчилар клубларимизни текшириш мобайнида ҳукуматимиз томонидан футболни ривожлантириш учун чиқарилган қарорлардан ҳайрон қолишди. Давлатимиз мутасаддиларининг жиддий эътибори юксак баҳоланди. Футбол мактаблари бўйича Ўзбекистон Осиёнинг етакчиси ҳисобланади. Бу албатта қувонарли. Ҳакамлар бўйича ҳам мамлакатимиз бемалол мақтана олади.

    Энди камчиликлар ҳусусида гаплашсак. Ёшлар лигасини бежизга ташкил этмадик. Айнан шу авлод вакиллари кейинчалик асосий жамоангизни ташкил этиб беради. Шундай экан, жамоангиз ёшларига яхшироқ шароитлар яратиб беринг. Баъзи жамоалар ёшлари 3-4 йилги, эскирган тўпларда ўйнашмоқда. Бир жамоа ёшлари дарвозабони Қозоғистон клубининг формасини кийиб майдонга тушди. Наҳотки, битта форма олиб беришга клубнинг қурби етмаса?! Асосий вазифамиз ОЧЛда 4та жамоамиз иштирок этиш экан, ҳар қандай майда-чуйда ишларга ҳам жиддий ёндошайлик. ЎФФ ҳам, ПФЛ ҳам ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Сизлар ўз камчиликларингиз борлигидан уялманглар ва қўрқманглар. Ахир биз бир оила бўлиб ҳамма муаммоларни бартараф этишимиз керак. ЎзПФЛ ўз мадҳиясига эга бўлди. Энди ҳамма стадионларда ушбу мадҳия садоси жаранг сочади. Майдонлар борасида "Бунёдкор”, "Пахтакор”, "Машъал”, "Насаф” ва "Шўртан” клубларида ҳеч қандай муаммо йўқ. Қолганларнинг майдони эса июль ойига келибгина яхшиланади. Яқин орада нафақт бош мураббийнинг лицензиясини талаб қиламиз, балки клубда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим ҳам текширилади.

    Айрим клубларнинг футболчилар билан тузаётган шартномаларини кўриб ҳайрон қоламан. У ерда ёзилган суммани кўриб қўрқиб кетасиз. Чўнтагингизга қаранг, ўша маблағни йил охиригача тўлай олсангиз битим имзоланг. ЎзПФЛга топшириладиган ҳар ойлик молиявий хисоботларни ўз вақтида топширинг ва тўғри кўрсатинг.

    Клубларнинг маркетинг ва менежмент йўналишларида жиддий иш бошлаш даври етиб келди. Фақат хомийлар томонидан ажратиладиган пулларга кун кўрмасдан, маркетинг бўлими орқали клублар ўзи учун маблағ ишлаб топишсин. Халқаро стандартларга мувофиқ, клубларнинг рамзий ранглари акс эттирилган ҳолда, иштирокчи жамоалар номлари ва логотиплари, сана ва учрашувнинг бошланиш вақти, сектор ва ўриндиқ рақамлари туширилган оптимал чипта чиқарилиши керак. Бу борада "Бунёдкор” уй учрашувларига сифатли чипталар чиқаради.

    Олий лига жамоалари сони 14тага қисқаргач, оддий ўйинлар деярли йўқ бўлди. Ўйлайманки, иккинчи давра ўйинлари биринчисидан ҳам қизиқарлироқ, муросасизроқ ва шиддатлироқ ўтади. Барчангизга соғлик-омонлик, улкан муваффақиятлар тилайман, - деб ўз сўзини якунлади ЎзПФЛ бошлиғи.

    Шунингдек, терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов, ЎФФ ҳакамлар ва назоратчилар бўлиши раҳбари Ноил Лутфулин ҳам сўз олиб, баъзи бир масалалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.


    Баҳодир МИРЗАЕВ ёзиб олди


    Манба: www.fcbunyodkor.com
    Категория: Ўзбек футболи | Просмотров: 686 | Добавил: 11x11 | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    Copyright MyCorp © 2024Бесплатный конструктор сайтов - uCoz